Линклар

Муфтият имомларга салла кийдирди


Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов барча имомларни, вилоят ва шаҳар қозиларини миллий рамзлар туширилган оқ чопон ва оқ салла билан таъминламоқчи.

Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов барча имомларни, вилоят ва шаҳар қозиларини миллий рамзлар туширилган оқ чопон ва оқ салла билан таъминламоқчи.

Қирғизистонда саллани дўппига, чопонни костюмга алмаштирган имомларнинг кўпайиб бораётганидан ташвишланган мамлакат муфтияти диний хизматчилар учун махсус кийим жорий этди.

Қирғизистон мусулмонлари муфтияти уламолар кенгаши аъзоси Содиқжон ҳожи Камоловнинг айтишича, сўнгги пайтларда вилоят ва шаҳар қозилари ҳамда имомларнинг кўпчилиги ўзларининг диний хизматчи эканини билдириб турувчи киймларни киймай қўйганлар. Бу эса кўпчилик оддий диндорларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Муфтият диндорлардан келган таклиф ва талабларни инобатга олган ҳолда, махсус кийим жорий этган.

- Бу форма Қирғизистон рамзлари туширлган оқ чопон ва оқ салладан иборатдир.

Бу жуда тўғри қарор бўлди. Чунки қозилар ва имомлар мусулмонлар хизматида эканлигини, уламо эканлигинии билдириб турувчи киймларни кийшлари лозим.

Одамларимиз қизиқ экан, агар муфтият белгилаб бермаса, саллани ҳам ўрамай қўйишди. Имомларимиз жанозага ҳам бесалла бормоқдалар. Бу эса кўплаб диндорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда, деди Содиқжон ҳожи Камолов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қозилар ва имомларга салла кийиш таъкидланган суннатдир.

-Бу суннати муаккада, яъни таъкидланган суннатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам доимо салла билан юрганлар.

Адабиётларда у кишининг саллани қай тарзда ўраганлари ҳақида ҳам алоҳида гапирилади.

Баъзи одамлар муфтиятнинг бу қарори демократик тамойилларга тўғри келмаслигини, ҳар бир одам ўзи хоҳлаган кийимни кийиш ҳуқуқига эга эканини айтмоқдалар.

Йўқ, гарчи сен расмий имом экансан, шу йўлни танлаган экансан, демак, сенинг кўринишинг, амалинг ва ҳаёт тарзинг мана шу диний суръатда бўлиши керак, деди Содиқжон ҳожи Камолов.

Қирғизистон мусулмонлар муфтиятининг уламолар кенгаши аъзоси Содиқжон ҳожи Камолов имомларга сиёсатга аралашувни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорга ҳам шарҳ берди:

- Дин ўзича бир сиёсат, Қуръон ўзи бир сиёсат. Бу илоҳий сиёсат. Қиёматгача ўзгармайдиган илоҳий динни, илоҳий сиёсатни ердаги ўзгарувчан сиёсатга аралаштириш дин уламоларининг обрўси тўкилишига сабаб бўлади.

Шунинг учун уламолар ердаги сиёсатчилар юритаётган ифлос сиёсатга аралашмасин, деган маънода мана шундай қарор қабул қилинди, деди Содиқжон ҳожи Камолов.

Айни пайтда Қирғизистон муфтияти уламолар кенгашида мамлакат мусулмонларининг 3- қурултойини ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

- Бу қурултойга мамлакат вилоятларидан 220 делегат сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейди Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов.

Бироқ Қирғизистон муфтияти уламолар кенгашининг айрим аъзолари ҳамда кўпчилик имомлар мусулмонлар қурултойига сайланадиган делегатлар сони 220 киши қилиб белгиланганига норозилик билдирмоқдалар. Уларга кўра, Қирғизистон мусулмонларининг аввалги қурултойлари камида 500 делегат билан ўтказилган.

Қирғизистонлик таниқли уламо Манас ҳожи Дўстбўлов мусулмонлар қурултойи делегатлари сонининг камайтирилиши муфтият эски раҳбарларининг ўз лавозимини сақлаб қолиш уринишларидан бири эканини айтади:

- Қурултойда янги муфтий сайланиши керак. Белгиланган тартибга кўра, қурултой уламолар кенгаши таркибини янгилагач, кенгаш ўз орасидан илмли бир одамни муфтийликка тайинлаши лозим.

Бироқ ўтказилажак қурултой кун тартибига муфтийни қайта сайлаш масаласи киритилмаган. Делегатлар сонининг оз бўлиши муфтиятга ҳар қандай қарорга қўл кўтариб овоз бераверадиган одамларни қурултойга тўплаш имконини беради, деди Манас ҳожи Дўстбўлов.

Бироқ Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов бундай иддаоларни рад этади.

Унга кўра, мусулмонлар қурултойида муфтийнинг ҳисоботи тингланади. Делегатлар ҳисоботни тинглагач, ўзлари мақбул деб топган қарорни қабул қиладилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG