Линклар

logo-print

Грузин мухолифати норозиликни бошлади


Бугун Грузия пойтахти Тбилисида мухолифатнинг оммавий намойишлари бошланди.

Мухолифат президент Михаил Саакашвили истеъфога кетмагунча намойишни давом эттириш ниятида эканини айтмоқда.

Бирлашган Грузия ҳаракати расмийси Эка Беселиа намойишлар мамлакатнинг катта ва кичик шаҳарларида бирдек ўтказилишини маълум қилди. Мухолифатчилар бу намойишларга қарийиб 100 мингга яқин фуқарони жалб қилиш ниятида.

Сўнгги хабарларга кўра¸ Тбилиси марказида мухолифатнинг 50 мингга яқин тарафдори йиғилган.

Айни пайтда Франциядан бошпана топган мазкур ҳаракат етакчиси, Грузиянинг собиқ Мудофаа вазири Ираклий Окруашвили Кавказ пресс нашрига жорий ой якунига қадар Грузияга боришни режалаштираётганини маълум қилди.

Грузиянинг амалдаги президенти Михаил Саакашвили 2007 йилнинг ноябрида мухолифат намойишларини куч билан бостирган ва муддатидан аввал президентлик сайловларини ўтказиб¸ ғалаба қозонган эди. Унинг рақиблари сайлов натижалари қалбакилаштирилганини айтиб келади.

Тбилисидаги намойишлар арафасида Грузия Ички ишлар вазири Вано Мерасбишвили Ройтерс ахборот агентлигига Грузияда ҳеч қандай инқилоб амалга оширилмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG