Линклар

logo-print

Бахтигул нега ўз жонига қасд қилди?

  • Гулнора Равшан

Кузатувчиларга кўра¸ Тожикистонда яшовчи миллий озчилик вакилларининг ўз тилида таълим олиши қийинлашиб бормоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ Тожикистонда яшовчи миллий озчилик вакилларининг ўз тилида таълим олиши қийинлашиб бормоқда.

Душанбедаги Миллий университетнинг миллати қирғиз бўлган талабаси Бахтигулнинг ўз жонига қасд қилишига,айтилишича¸ тожик тилини яхши билмагани учун яккалангани ва масхаралангани сабаб бўлган.

Президент квотаси асосида ўқишга кирган Тожикистон Миллий университетининг 1- курс талабаси Бахтигул Харибек қизи жорий йил 3 апрелидан 4 апрелига ўтар кечаси университет биносининг 4 қаватидан ўзини ташлаб юборди.

Тожикистон Миллий университетининг физика факултети биносига кираверишда Бахтигулнинг хотира бурчаги ташкил этилган. Унда талаба ва ўқитувчилар, улар таъбири билан айтганда, сирли тарзда ўлган қизнинг жуда қисқа ва камтарона ҳаётидан ҳикоя қилишади.

Бахтигул Харибек қизи Бадахшон вилоятининг Мурғоб туманидаги мактабларнинг бирини битиргач, президент квотаси асосида университетнинг физика факултетига ўқишга кирган.

Аммо қизнинг “талабалик олтин даври” узоқ давом этмади. Етти ойлик таҳсилдан сўнг у ҳаёт билан видолашди.

4 апрел куни эрталаб университет ҳовлисидан топилган жасадни текширган суд - тиббий экспертлари мажбурий ўлим ёки номусга тажовуз қилингани белгиси топилмаганини билдиришди.

Агар экспертлар хулосаси тўғри бўлса, эндигина 18 баҳорни қарши олган бу қизни ҳаётдан бездирган нарса нима бўлди¸ деган савол кун тартибига чиқмай қолмайди.

Душанбе шаҳар Шоҳмансур туман прокуратураси ходимлари ҳозирча бу ўлим сабабларини ўрганишмоқда. Шу боис улар бу саволга ҳозирча жавоб бера олмасликларини айтдилар.

Аммо мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашган талаба ва ўқитувчилар бу борада турлича тахминларни билдирмоқдалар.

Айримларга кўра, тожик тилини яхши билмаган қирғиз қиз атрофдагиларга ўз фикрларини баён қила олмаган ва яккаланиб қолган. Ёғизлик уни ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган.

Бошқа тахминларда эса, қизнинг руҳий касал экани айтилади.

Аммо Бахтигул ўқиган гуруҳ раҳбари, физика факултети декани ўринбосари Малоҳат Файзиева, қиз жуда камгап ва соғлом бўлганини таъкидлайди.

- Қоида бўйича биринчи курслар, хусусан, чекка қишлоқлардан келган студент қизларнинг аҳволидан деярли ҳар кун хабардор бўлиб турамиз.

Бахтигул жуда паст овозда суҳбатлашар эди. Ҳатто сўнгги жумлалари эшитилмай ҳам қолар эди. Аҳвол сўрасам ҳар дойим “ҳаммаси яхши” деб жавоб берарди , дейди декан ўринбосари.

Муаллима Бахтигул билан фақат ўзбекча суҳбатлашганини, чунки Мурғоб туманилик бу қиз тожикчада равон гаплаша олмаганини айтди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз, марҳуманинг ҳамкурси Мижгонанинг айтишича, Бахтигул тожик тилини билмагани учун бошқаларга фикрларини тушунтиришга қийналган. Айнан шу сабабли у ҳамкурслари билан кам суҳбатлашган.

Мижгона ўзбек тилини озроқ билгани учун Бахтигул фақат у билан дўстлашган ва мавзулар фақат дарс ҳақида бўлган.

-У тушунмаган дарсларини ўзбекчада тушинтириб беришимни сўрар эди. Мен ҳам имкон қадар унга кўмаклашардим. Тожик тилини унга ўргатишга ҳаракат қилардим. Лекин унинг руҳий беморлигини ҳеч қачон сезмаганман. Менимча, у соғлом эди, дейди Мижгона.

Психолог Нафиса Юнусованинг таъкидлашича, узоқ қишлоқлардан шаҳарга келиб, мустақил ҳаётга киришган 1- курс талабаларига ўқиш ва ўзга муҳитга мослашиши жуда қийин кечади.

- Айнан мана шу омил, яъни фикран жамиятдан ажралиб қолишлик, ўзига ҳамдард ва ҳамсуҳбат топа олмаслик қиз учун қаттиқ зарба бўлган бўлса ажаб эмас.

Ёшлар муомаласида кўп учрайдиган мавридсиз шўхликлар, таҳқирлаш, масхаралашлар ҳам қизни ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёшлар баъзан шўхлик тарзида у ёки бу калималарни ишлатиб юборишади, аммо бу ҳазил бошқа киши учун қанчалик оғир ботишини ўйлашмайди.

Балки тожик тилини билмаган қирғиз қиз талаффузи шундай қалтис ҳазилларга мавзу бўлган бўлиши мумкин, дейди психолог Юнусова.

Руҳшунос фикрича, айнан шундай фожиаларнинг олдини олиш учун университет ходимлари пойтахтга билим излаб келган миллий озчилик вакиллари билан алоқа ўрнатишлари ва уларга яхши муносабатда бўлишни бошқаларга ўргатишлари зарур.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, 7 миллиондан кўпроқ аҳолига эга Тожикистонда ўзбек, қозоқ, қирғиз, рус, туркман, арман каби турли миллий озчилик вакиллари яшайдилар.

Бу мамлакатда ўзбек ва руслардан ташқари бошқа элатлар фарзандлари учун ўз она тилида мактаб ёки адабиётлар йўқ. Шунинг учун улар тожик ёки рус мактабларида таҳсил олишга мажбурлар.

Тожикистон Таълим вазирлиги қарорига кўра, ўзбек ва рус мактаблари битирувчилари олийгоҳларнинг бюджетдан молиялаштириладиган гуруҳларида ўқиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Улар вазирлик белгилаган нархдаги шартнома асосида ўқишлари шарт.

Шунинг учун бўлса керак, сўнгги йиллар аксарият ўзбек оилалар фарзандларини тожикча мактабларга топширишга мажбур бўлмоқда.

Аммо тожик тилини ўзлаштиришда қийинчилик сезаётган миллий озчилик вакиллари, хусусан, русларнинг Россияга, қирғизларнинг Қирғизистонга, қозоқларнинг Қозоғистонга кўчиб кетаётганларига оид маълумотлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG