Линклар

МХХ "нурчилар"ни изламоқда

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда маҳкамага тортилиб¸ узоқ йиллик қамоққа ташланаëтган "нурчилар" сони¸ кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистонда маҳкамага тортилиб¸ узоқ йиллик қамоққа ташланаëтган "нурчилар" сони¸ кўпайиб бормоқда.

Тошкент шаҳар суди "Етти иқлим" газетаси икки ходимини 8 йил, наманганлик имомни эса 12 йилга озодликдан маҳрум этгани маълум бўлган айни кунда¸ Самарқанд ва Хоразмда ҳам "нурчилар ови"нинг фаоллашгани хабар қилинди.

"Нурчилик" оқимига аъзоликда айбланган журналист Даврон Тожиев, газета тарқатувчи Шавкат Исмоилов ҳамда имом Мамадали Шаҳобиддиновлар устидан чиқарилган бу ҳукмнинг 6 апрел куни ўқилгани 9 апрел куни маълум бўлди, деб хабар қилди Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти.

6 апрел куни қамоққа маҳкум қилинган икки газетачи ва бир имом "Нурчилик" оқимига аъзоликда айбланиб қўлга олинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган биринчи гуруҳ эмас.

Нурчиларнинг дастлабки гуруҳи устидан суд ҳукми жорий йил 12 феврал куни ўқилган эди.

"Эзгулик" ташкилоти "нурчилар" ишини диққат билан кузатиб келмоқда.

Ташкилот вакили Абдураҳмон Ташанов гапиради:

- Ҳозирда суд ҳукми билан жавобгарликка тортилиб¸ қамоқларга кетганлар "нурчилар" сони 13 тага етди¸ деди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон айтаётган 13 нурчининг дастлабки гуруҳи ҳам, кейингиси ҳам диний мотивлар билан қамалиб келаётган бошқа минглаб фуқаролар қатори диний экстремистик ташкилотлар тузиш ёки уларга аъзо бўлишда айбланди.

- Кейинги пайтда Россияда "нурчилар" устидан қама-қама бошлангандан кейин ўтган йилнинг ëз ойларидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам "нурчилар"га нисбатан кампания авж олиб кетди. Биринчи бўлиб “Ирмоқ” газетасининг бешта ходими қўлга олинди¸ ундан кейин ўша ишга гувоҳ тариқасида олинган "нурчилар"нинг кўпчилиги секин-секин қамалиб кетаверди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

"Эзгулик" вакили айтаётган бу ҳолат 90-йилларда Ўзбекистонда ишлаб турган турк лицейларининг кўплаб битирувчиларини ташвишга солмоқда.

Чунки "нурчилик"да айбланаётганлар ўшаларнинг орасидан чиққан.

Чунки "нурчи ови", хабарларга қараганда, республика бўйлаб олиб борилмоқда.

Бир қарашда, сўнгги гап асоссиз ваҳимадай туюлиши мумкин. Масалан, самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комилжон Ашуровга кўра, шу кунгача Самарқандда "нурчилик""да айбланиб бирон киши қамалгани тўғрисида маълумот йўқ.

- Самарқандда "нурчилар" иши бўйича ҳеч қандай жиноий иш очилгани йўқ ва суд процесслари ҳам бўлаëтгани йўқ. Бундан ташқари Ҳизбут- таҳрир¸ ваҳобийлик ëки 159 бўйича ҳам Самарқандда ҳеч қандай ишлар олиб борилмаяпти¸ дейди Комилжон Ашуров.

Бироқ, Комилжон Ашуровнинг ҳамюрти Маматқул Мухторовдан эшитганларимизга қараганда, шу кундаги тинчлик бўрон арафасидаги сокинликка ўхшайди.

Маматқул Мухторов: Менинг билганим шуки¸ ҳар ҳафта шаҳар ҳокимиятида мажлис бўлади. Ҳамма фуқаролар йиғинларининг раисларини¸ посбонларни чақириб ўша ерда мажлис қилади.

Ўша ерда ҳокимият ходимлари “Эҳтиëт бўлинглар. "Нурчилар" пайдо бўлган. Квартираларга келиб яшайди. Ўшаларни тезда аниқлаб¸ қаерда яшашини билиб туриб¸ МХХ нинг мана бу номерига телефон қилинглар” деб айтибди.

Озодлик: Сизга бу ҳақда ким айтди?

- Менга ўша мажлисда қатнашган одамлар айтди¸ деди Маматқул Мухторов.

Профилактика ишлари Хоразмда ҳам олиб борилмоқда. Турк лицейи битирувчиларидан биридан мана бу гапни эшитдик. Унинг айтишича, ҳозирча:

- Ҳақиқатан "нурчилар"ни қамаган эмас. Уларни чақиртириб¸ бир қатор гаплашиб¸ текшириб кўрганлар.

Озодлик: Демак, "нурчилар"ни ушлаган.

- Ҳа¸ бор. Туркияга кетиб ўқиганларнинг орасида бўлиши мумкин¸ дейди турк лицейи битирувчиларидан бири.

Демак, республика бўйлаб халқ орасидан "нурчилар"ни излаб топишга зўр берилмоқда.

"Эзгулик" ташкилоти эса, боя айтганимиздай бу соҳадаги вазиятни диққат билан кузатиб келмоқда. 8 апрел кунги эшиттиришларимизда ташкилот вакили "нурчилар" устидан Наманганда судлов бошлангани, Бухорода 3-4 нурчи устидан тергов ҳаракатлари давом этаётгани тўғрисида айтган эди.

Мана яна бир маълумот.

- Куни-кеча жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида яна битта маҳкама очилди. У ерда Иброҳим Худойберганов деган йигит бошлиқ тўрт кишининг устидан маҳкама жараëни бошланибди¸ дейди инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG