Линклар

logo-print

Солиқчилар камнамо бўладиган бўлди

  • Ҳасанжон

Кузатувчилар фикрича¸ Ўзбекистонда¸ дейлик¸ кичиккина хусусий дўкон ëхуд раста очган тадбиркорни текширадиган ўнлаб қонунда белгиланган-белгиланмаган кунда-шундалар сероб.

Кузатувчилар фикрича¸ Ўзбекистонда¸ дейлик¸ кичиккина хусусий дўкон ëхуд раста очган тадбиркорни текширадиган ўнлаб қонунда белгиланган-белгиланмаган кунда-шундалар сероб.

Ўзбекистон ҳукумати Солиқ қўмитасининг тадбиркорларни текшириш ҳаққини камайтириш ва шу билан хусусий секторни қўллашга аҳд қилди. Аммо тадбиркор қонини сўраëтган ҳақиқий зулуклар¸ кузатувчилар фикрича¸ яна яшаб қолаверадиган кўринади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўҳронга қарши ишлаб чиқилган дастурни амалга ошириш доирасида 2010 йилгача тадбиркорларни текширишни камайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Давлат солиқ идораси ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда ҳукумат таклифи билан қабул қилинган бу қарорнинг 1 апрелдан кучга кирганини айтади.

- Мана шу ойдан, 1апрел ойидан кучга кирди.Сабаби - тадбиркорликка кенг йўл очиш.

Озодлик: Хусусий тадбиркорлар шу пайтгача неча марта текширилар эди?

- Бир йилда икки марта.

Озодлик: Фирмаларчи?

- Уч йилда бир марта.

Озодлик: Энди бундан буён тадбиркорлар неча марта текширилади?

- Энди хусусий тадбиркорлар уч йилда бир марта, фирмалар тўрт йилда бир марта текширилади.

Солиқ идорасининг бошқа ходими текширувлар 60 фоизга қисқартирилганини айтди.

- Масалан¸ 10 та ташкилот текшириши керак бўладиган бўлса ва бу 100 фоиз деб ҳисобланадиган бўлса¸ ўша 60 фоизга қисқарди. Ҳамма вилоятнинг ўзининг мувофиқлаштирувчи кенгаши бор. Ўшанга асосан кўради.

Масалан¸ 2009 йилда қанча ташкилот текшириши режалаштирилган бўлса¸ ўша 60 фоизга қисқараяпти. Якка тартибдаги тадбиркор бўлса ҳам¸ қанақадир ташкилот бўлишидан қатъий назар текшириш деярли йўқ.

Бунинг мақсади кичкина корхоналар¸ фирмаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилмаслик. Худди шунга ўхшаб якка тартибдаги тадбиркорлар ва хусусий тадбиркорлар фаолиятини яхши давом эттиришини таъминлаш. Ҳозир нима бўлаëтганини кўраяпсизку. Бутун жаҳон бўйича инқироз¸ дейди солиқ идораси вакили.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси вакилининг айтишича, текширув ўтказишга рухсат берадиган амалдорлар рўйхати ҳам қисқарадиган бўлди.

Ўзбекистонда шаҳар ҳокимлари шаҳар ҳудудидаги назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссия раиси, назорат қилувчи органлар бошлиқлари эса раис муовини ҳисобланади.

Янги тартибга кўра, режадан ташқари текширув ўтказиш фақат назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши раисининг имзоси бўлган тақдирдагина қонуний ҳисобланади. Қисқа муддатли текширувлар эса ҳудудий комиссия раислари ва вилоят ҳокимлари имзоси билан расмийлаштирилади.

Демак, 2010 йилгача солиқ структуралари раҳбарлари, ҳудудий комиссиялар раис ўринбосарлари ва туман ҳокимларининг текширув ўтказишга рухсат бериш салоҳияти тўхтатилади.

Тадбиркорлар фаолиятининг солиқ идоралари томонидан текширилишнинг камайгани хусусий ва майда тадбиркорлик гуллаб-яшнашига туртки бўла оладими?

Фарғоналик тадбиркор Расулжон хусусий ва майда тадбиркорлик гуллаб-яшнашига солиқ идораларидан кўра бошқа органлар кўпроқ тўсиқ бўлаётганини айтди.

- Ўзи аслида қонуний солиқ идоралари текширишга ҳақли. Ноқонуний текширувлар жуда кўплаб бўлади. Чунки ҳаммаси чўнтакни ўйлаб боради. Шунинг учун Ўзбекистонда тадбиркорлар кўп ҳам ривожланиб кетмайди. Чунки улар топганини унисига¸ бунисига едиради.

Дейлик¸ битта туманда бўладиган бўлса¸ ўша туманнинг начальник милицияси келиши мумкин¸ МХХ ходимлари келиши мумкин. Хуллас ҳаммаси киради. Яхши ривожланаëтган фирмада ҳар доим текширув бўлиб туради¸ дейди Расулжон.

Шавкат исмли тошкентлик тадбиркор ҳам хусусий ва майда тадбиркорлик ривожига солиқ идораси эмас¸ асосан бошқа органлар ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракати сабабчи, деган фикрга қўшилади.

- Масалан¸ майда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланадиган шахслар кўпинча солиқ идораларидан жабр чекмасдан¸ ундан мустасно равишда текшириш ваколатига эга бўлмаган бошқа бир давлат органларидан азият чекиши мумкин¸ улардан зарар кўриши мумкин.

Масалан¸ ўша территорияни қўриқлайдиган участка нозири борми¸ милиция ходимлари борми¸ санэпидстанция борми¸ булар солиқ инспекцияга қарамаслиги мумкин.

Булар солиқ инспекциясининг даврий текширувидан қатъий назар сигнал тушган жойни бориб текшириб¸ шу масалани ҳал қилиб¸ тадбиркорликни тўхтатиб қўйиши мумкин, дейди тошкентлик тадбиркор.

Фарғоналик тадбиркор Расулжон тадбиркорлар фаолиятининг солиқ идоралари томонидан текширишни камайтириши ҳақидаги ҳукумат қарори иқтисодий бўҳрон пайтида самара беришига умид билдиради. Чунки:

- Ҳозирги вақт шуни тақозо қилаяпти. Мана ҳозир Россия ҳамма ишчиларни чиқариб юбораман деяпти. Агар Ўзбекистон фуқароларини чиқариб юборадиган бўлса¸ бу ерда ниҳоятда катта инқироз бўлади. Чунки бу ерда ишлаб чиқариш ниҳоятда кам¸ иш ўрни йўқ.

Буларга иш ўрни яратиш керакку. Ҳозир мана қанчаси қайтиб келаяпти. Агар буларга иш ўринлари яратилмаса¸ Ўзбекистонда нима бўлиб кетишини Худо билади. Шунинг учун ҳам умид қилаяпман, дейди фарғоналик тадбиркор Расулжон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG