Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:33

"Бир тарсаки" жанжали


Қирғизистонлик ўқувчилар ўз ҳуқуқлари учун курашда замонавий технологиялардан унумли фойдаланмоқдалар.
Қирғизистонлик ўқувчилар ўз ҳуқуқлари учун курашда замонавий технологиялардан унумли фойдаланмоқдалар.

Ўқитувчи ўқувчига бир тарсаки туширди. Қирғизистоннинг Майлисув шаҳридаги 5-мактабда бўлиб ўтган бу воқеа мамлакатда ҳукумат даражасида муҳокама қилинаётган катта жанжалга айланиб кетди.

Ўқитувчининг ўқувчини тарсаки билан урганини мобил телефонига ёзиб олган Майлисувдаги 5-мактаб ўқувчилари бу видеотасвирни интернетга жойлаштирдилар.

Бугунги кунда бу воқеа тафсилотларини Қирғизистон Маориф вазирлиги, Бош прокуратура ва ҳукумат махсус комиссияси ўрганмоқда.

Қирғиз парламенти махсус қўмитаси ҳам ўз йиғилишида бу ҳодисани муҳокама қилмоқчи.

Қирғизистон парламенти депутати Галина Куликованинг айтишича, ўқитувчининг ўз ўқувчисига қўл кўтариши республика миқёсида муҳокама қилинишга лойиқ катта жанжалдир.

- Биз парламент қўмитасида бу масалани кўриб чиқамиз. Ўқитувчи қандай қилиб ўз ўқувчисига қўл кўтаришига ҳадди сиғди? Бу воқеани республика миқёсидаги фавқулодда ҳодиса сифатида талқин қилишимиз лозим.

Бундан ташқари депутатлар маориф масаласини Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши даражасида муҳокамага қўйишни таклиф қилмоқдалар. Бугунги кунда мактабларда педагог мақомига лойиқ бўлмаган одамлар кўпайиб кетди.

Айни мана шу масала Хавфсизлик кенгашида муҳокама этилиши лозим. Акс ҳолда мактабларда ўқитувчилар томонидан ўқувчиларнинг калтакланиши анъанага айланиб қолиши мумкин, деди парламент депутати Галина Куликова.

Қирғизистон Маориф вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ўқитувчининг ўз ўқувчисини ургани юзасидан ташкил этилган махсус комиссия, прокуратура ва маҳаллий ҳокимият томонидан ташкил этилган гуруҳ билан ҳамкорликда Майлисув шаҳридаги 5-мактабда текширув ишларини олиб бормоқда.

Маориф вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, сўнгги 10-15 йил ичида бундай воқеа қайд этилмаган.

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туман маориф бўлими расмийси Бекей Абдиқаликов ҳам ўқитувчининг ўз ўқувчисини калтаклаши жуда камдан-кам содир бўладиган воқеа эканини айтади:

- Бундан 7 йил олдин бир мактабда шундай воқеа бўлган. Ўқитувчи ўқувчини указка билан бир урган экан. Ўшандан бери бундай воқеа бўлгани ҳақида биронта ҳам маълумот йўқ.

Бугунги кунда ўқувчилар ва уларнинг ота –оналари ўз ҳуқуқларини жуда яхши биладилар. Шунинг учун ҳам ўқитувчилар ўқувчиларни уришга ботинмайдилар, деди Бекей Абдиқаликов.

Бироқ мактаб ўқувчилари орасида ўтказганимиз кичик сўров натижасида маълум бўлишича, ҳамма мактабларда ҳам вазият бир хилда эмас экан.

Суҳбатлашганимиз айрим қишлоқ мактаблари ўқувчилари ўқитувчилар ўзларини уришлари тўғрисида ҳикоя қилдилар.

- Ўзганнинг Мирзака қишлоғидаги мактабда ўқийман. Ўқитувчилар тўполон қилсак анча-мунча уриб туришади, дейди 5- синф ўқувчиси Адилбек.

-Ўқитувчимиз калит билан уради. Жуда қаттиқ уради, дейди Қорасув туманининг Жўўш қишлоғида яшовчи иккинчи суҳбатдошимиз .

Шаҳар мактаблари ўқувчилари эса ўқитувчилар томонидан ҳақорат этилмасликлари ва калтакланмасликларини айтадилар.

- Ўқитувчиларимиз бизни урмайдилар, сўкмайдилар ҳам. Уларнинг муомаласи жуда яхши, дейди Ўшдаги мактаблардан бирида ўқийдиган ўқувчи қиз.

Айни пайтда қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қишлоқ мактабларида болалар ҳуқуқлари бузилаётгани ва ўқитувчилар томонидан ўқувчиларнинг қалтакланиши ҳолатлари борлигини айтадилар.

- Бундай фактлар бор. Бироқ мен интернетга жойланган видеотасвирни кўриб, шок ҳолатига тушдим. Чунки ўқитувчининг ўқувчини у ёқдан бу ёққа судраб юриб уришини биринчи марта кўришим эди.

Бу воқеа ҳукумат мактабларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини исботлаб турибди. Мактабларни ўқитувчиликка нолойиқ одамлардан тозалаш пайти келган кўринади, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Майлисувдаги 5-мактабда рўй берган ҳодиса атрофидаги муҳокамалар қирғиз жамиятида ҳали кўп тортишувларга сабаб бўладиган кўринади.

Бу мактабдаги воқеа юзасидан прокуратура, ҳокимият ва маориф вазирлиги ўз хулосаларини жамоатчиликка тақдим этиши керак бўлади. Ундан кейин эса бу масала ҳукумат йиғилишида ва парламентда муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бу орада эса Қирғизистондаги бошқа мактабларда ҳам бу каби кўринишлар мавжудлиги аён бўлиб қолиши мумкин.

Майлисувлик ўқувчилар ўқитувчининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини интернетга жойлаштириб, тенгдошларига ўз ҳуқуқлари учун курашнинг бир намунасини кўрсатдилар, холос.



XS
SM
MD
LG