Линклар

Ўзбекистон - минтақавий тижорат йўлидаги тўсиқ


Ўзбек тижоратчилари минтақада тижорат муҳитини ривожлантириш дастурида иштирок этмаётганига қарамай, Тожикистон бозорларидаги асосий маҳсулотларнинг Ўзбекистондан олиб келинганини пайқаш қийин эмас.

Ўзбек тижоратчилари минтақада тижорат муҳитини ривожлантириш дастурида иштирок этмаётганига қарамай, Тожикистон бозорларидаги асосий маҳсулотларнинг Ўзбекистондан олиб келинганини пайқаш қийин эмас.

Хўжандда иш бошлаган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда тижорат муҳитини ривожлантиришга қаратилган кенг миқёсли лойиҳа муаллифлари, бу дастурда Ўзбекистон иштирок этмаётганидан афсусдалар.

Лойиҳа ЮСАИД Халқаро агентлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан молияланган.

Нима учун қўшни Ўзбекистон тижоратчилари ўзаро ҳамкорлик тадбирларида қатнашмаяпти? Бу лойиҳа Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлар эдими?

Мухбирингизнинг бу саволига БМТ Тараққиёт дастури Душанбе ваколатхонаси ходими Мубин Рустамов жавоб берди:

- Агар бевосита Ўзбекистон ва Тожикистон хақида гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда¸ икки мамлакат ўртасида чегараолди бозорларини ташкил этиб, эркин савдони йўлга қўйиш керак.

Шунингдек, табиий заҳиралардан ҳамкорликда фойдаланиш мумкин.

Наинки тижоратчилар, балки республиканинг барча аҳолиси қўшни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни чин кўнгилдан истайди.

Биз ҳеч қачон улардан узилиб қолишни хоҳламаймиз. Афсуски, ҳозирча Ўзбекистон тижоратчилари билан ҳамкорлик биз ўйлаган даражада бўлмаяпти, деди Мубин Рустамов.

ЮСАИД ташкилотининг Тожикистондаги вакили Нурали Шукуровнинг айтишича, лойиҳадан кўзланган асосий мақсад азалдан бир - бирлари билан савдо – сотиқ қилиб келган минтақа давлатлари ўртасида мавжуд бўлган анъаналарни қайта тиклашдир.

- Бундан ташқари, биз лойиҳа доирасида тижоратчиларни елкасидан харсанг тош каби босиб турган ҳуқуқий ва маъмурий меъёрларни енгиллаштирмоқчимиз.

Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқчимиз, деди Нурали Шукуров.

Суҳбатдошимиз мазкур кенг кўламли лойиҳада Ўзбекистон томони иштирок этмаётганлиги афсусланарли ҳолат эканини айтади.

Мустақил кузатувчи Абдурасул Мамадалиевнинг фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон тижоратчилари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган тўсиқлар халақит бермоқда.

- Назаримда¸ тожик ва ўзбек тижоратчилари яқиндан ҳамкорлик қилишдан, савдо -сотиқни ривожлантиришдан манфаатдорлар ва шунга интиладилар ҳам. Лекин бунга маълум бир сабаблар, жумладан, Ўзбекистонда олиб борилаётган қаттиқўллик сиёсати тўсқинлик қиляпти, дейди Абдурасул Мамадалиев.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда божхона тўловлари ниҳоятда баланд. Мутахассисларнинг ҳисобига кўра, бу мамлакатдаги божхона тўловлари Европа давлатлари даражасида. Масалан, Тожикистон республикасининг юк автотранспорт воситаси ва автобуслари Ўзбекистон ҳудудида уч кундан ортиқ бўлганда¸ ҳар бир кун учун 70 АҚШ долларидан ҳақ тўланиши керак бўлади.

Мустақил кузатувчи Мақсуд Жўраев эса мана шу каби ҳуқуқий ва маъмурий тўсқинликларга қарамасдан¸ Ўзбекистон ва Тожикистон тижоратчилари ўзаро ҳамкорликни давом эттираётганларини айтади:

- Бугунги кунда биргина Сўғд вилоятидаги бозорларни айлансангиз, у ерларда сотилаётган озиқ -овқат, мева- сабзавотларнинг асосий қисми қўшни Ўзбекистондан олиб келинганига гувоҳ бўласиз.

Бу маҳсулотлар норасмий тарзда, икки республика тижоратчиларининг ўзаро келишуви асосида олиб келинган.

Лекин икки давлат раҳбарлари эса ҳамкорлик борасида бир- бири билан келиша олмаяпти.

Ўзбекистон томони Тожикистонни энергетика ва транспорт йўллари тобеълигидан чиқармасликка ҳаракат қилмоқда. Ҳолбуки, 1996 ва 2002 йилларда икки давлат ўртасида бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиш шартномалари имзоланган. Бироқ бу шартномалар қоғозда қолиб кетаверди.

2008 йилда Ўзбекистон президенти Душанбега келганида, тожик ва ўзбекнинг азалий дўстлиги хақида гапирди, тожик тилида шеър ўқиди.

Каримов “икки давлат раҳбарларининг аразлагани хақида айрим оммавий ахборот воситаларида чоп қилинаётган мақолалар асоссиз”, деб айтди. Шунга қарамай, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзгармаяпти.

Ахир тижорат ҳар бир мамлакат иқтисодиётини ривожлантиради, аҳоли турмуш тарзини ўзгартиради, деган гап-ку,дейди мустақил кузатувчи Мақсуд Жўраев.
XS
SM
MD
LG