Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:50

Бахтли болаликнинг бахтсиз кунлари


Тожикистонда шу кунларда мактабни ташлаб, тирикчилик билан машғул бўлаётган балоғатга етмаган болалар сони ҳақида аниқ статистик маълумотлар йўқ ҳисоби.
Тожикистонда шу кунларда мактабни ташлаб, тирикчилик билан машғул бўлаётган балоғатга етмаган болалар сони ҳақида аниқ статистик маълумотлар йўқ ҳисоби.

Душанбеда "Бахтли болалик" республика фестивали тантана билан ўтаётган бир паллада, кўчаларда тиланчилик қилишга мажбур қолган юзлаб болаларнинг бахтиëрлик манзарасига қовушмайдиган тақдири¸ назардан четда қолмоқда.

Мафтуна 12 ёшда. У Тожикистон шарқидаги Ваҳдат туманининг Култўда қишлоғида яшайди.

Мафтуна ўзи яшаётган қишлоқдаги 21 - ўрта мактабда фақат учинчи синфгача ўқиган¸ холос.

- Оилада беш кишимиз, онам, мен ва укаларим. Отам Россияга кетганига уч йил бўлди, дея ҳикоясини бошлайди Мафтуна.

Қаҳрамонимизнинг отаси Валижон ака Россияга борган биринчи йиллари оиласига пул юбориб турган.

Аммо...

- Уч йил бўлди, Россиядан келгани йўқ. Бошқа пул ҳам жўнатмай қўйди. Шундан кейин онам мени мактабдан чиқариб олди. Бошқа ўқимаслигимни, оилани боқишим кераклигини айтди, дейди Мафтуна.

“Эндигина 9 баҳорни кўрган бу мурғаккина қиз бола қандай қилиб, қайси йўл билан оилани боқиши мумкин?” деган савол туғилади.

- Ҳар куни эрталаб уйқудан уйғонгач, уйларимизни супураман, яна у бу ишларда онамга ёрдамлашиб, кейин онам билан биргаликда Душанбега келамиз. Кўчаларда юриб тиланчилик қиламиз, дейди Мафтуна.

Мафтунага кўра, уларнинг ёрдамга чўзилган қўлларини кўпроқ “яхши кийинган опалар” қуруқ қайтармайди. Эрта тонгдан кун ботгунга қадар она - бола Душанбе шаҳрининг одам гавжум кўчаларини кезиб, “ризқ” ахтаришади.

-Кечгача 7 -8 сомоний ( тахминан 1,8 – 2 доллар - таҳр.) ишлаймиз. Фақат нон оламиз. Байрамлар арафасида хайр қилувчилар кўпроқ бўлади. Ўшанда 30 сомонийгача ( тахминан 8 доллар - таҳр.) топамиз, икковимиз. Ёғ, гречка ёки гуруч олиш мумкин бу пулга, дейди Мафтуна.

У умуман китоб ёки журнал ўқимаслигини, чунки уларни сотиб олиш учун имконияти йўқлигини айтади.

Она-боланинг топгани фақат егуликка, йилда икки марта мавсумий кийимлар сотиб олишга етади.

- Кийимларни қаерда оласизлар - магазинларданми ёки бозорданми? деб сўрадик Мафтунадан.

- Йўқ. Йўлларда аравада сотиладиган киймлардан оламиз. Улар арзон. Бир килоси уч сомоний, дейди Мафтуна.

Сўнгги икки йил мобайнида Душанбе шаҳрининг бозорларга туташ кўчаларида эски кийимлар сотиладиган жойлар кўпайган. Бу киймлар¸ асосан¸ Хитойдан олиб келинади. Мафтуна ана шу киймларни назарда тутаяпти.

Ҳар куни рўзғор ташвиши билан уйғонадиган Мафтуна ҳали бирор марта театр ёки циркка бормаганини, болалар учун ташкил қилинган фестивалларда қатнашмаганини, қолаверса, ҳали бирор марта тўйиб музқаймоқ емаганини гапирар экан, чуқур хўрсиниб олди.

- Мафтуна қаттиқ хурсанд бўлган кунинг ҳам бўладими? - деб сўраймиз қаҳрамонимиздан.

- Ҳар кун хурсандман, онам, укаларим билан биргалигим учун. Видео, телевизоримиз бор, мултфилмлар кўрамиз, укаларим билан, ишдан кейин, қизиқ қизиқ, дейди Мафтуна майда ўрилган малла сочларини нимжонгина қўллари билан ўйнар экан.

Аҳолисининг 60 фоизи қашшоқликда кун кечираётган Тожикистонда бахтли болалик гаштини сураётган ўғил – қизлар ҳам кам эмас.

Шу билан бир қаторда, фақат рўзғор ташвишлари билан эртани кеч қилаётган тожик болалари ҳам кўп.

Бироқ бугун биз ҳикоя қилган Мафтуна сингари мактабни ташлаб, рўзғор ташвишлари билан аралашиб қолган тожик болалари сони бугун қанчалиги ҳақида аниқ расмий маълумотлар йўқ.

Айрим расмий маълумотларда айтилишича, Тожикистонда 1997 йил якунланган фуқаролар уруши натижасида 1 ёшдан 15 ёшгача бўлган 64 мингдан ортиқ бола ота – онасиз, 25 минг аёл эса бева қолган.
XS
SM
MD
LG