Линклар

АвтоВАЗ ЎзДЭУ бозорини тўсмоқчи

  • Садриддин Ашур

Россиядаги энг йирик автомобилсозлик ширкати бўлмиш АвтоВАЗ манфаатларини ҳимоя қилиш билан¸ шахсан Бош вазир Путиннинг ўзи шуғулланади.

Россиядаги энг йирик автомобилсозлик ширкати бўлмиш АвтоВАЗ манфаатларини ҳимоя қилиш билан¸ шахсан Бош вазир Путиннинг ўзи шуғулланади.

"Коммерсант" газетасига кўра¸ Россиядаги автомобил ишлаб чиқарувчи АвтоВАЗ компанияси¸ ширкат Ўзбекистонда дуч келаëтган муаммоларга жавоб тариқасида¸ ЎзДЭУ автомобиллари импортини қисқартиришга эришмоқчи.

“АвтоВАЗ компанияси Ўзбекистонда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдони йўлга қўйишда қатор муаммоларга дуч келди”.

“АвтоВаз” компанияси директори Борис Алешиннинг Россия иқтисодиёт вазирига ёзган хатидан олинган бу иқтибосни "Коммерсант" газетаси кўчириб босган.

Бу мактубда айтилишича, Ўзбекистон миллий валютани долларга ёки рублга конвертация қилишни бир неча ойлар давомида орқага суриб келмоқда. Натижада Lada автомобилларининг Ўзбекистонга импорти билан шуғулланадиган ташкилотлар АвтоВАЗ олдидаги қарзларини узолмаяптилар.

АвтоВаз компанияси матубот хизмати бундай муаммо борлигини айтар экан, бу ҳақда телефон орқали маълумот беролмаслигини билдирди.

"Коммерсант" газетаси хабарига кўра, Россиядаги нафақат АвтоВАЗ балки Ўзбекистонга автомобил сотадиган бошқа компаниялар ҳам худди шундай муаммога дуч келишяпти.

УАЗ автомобилларини Ўзбекистонга экспорти билан шуғулланадиган Россиядаги “Соллерс” масъулияти чекланган жамиятининг экспорт бўлими бошлиғи Валерий Малаховнинг айтишича, улар ҳар йили Ўзбекистонга 500та турли моделдаги УАЗ автомобилларини сотишади. Лекин сотилган бу автомобиллар пулларни олиш тобора қийин бўлиб бормоқда:

- Ўзбек сўми кўп, лекин Ўзбекистонда унинг конвертацияси йўқ. Ҳамма муаммо шунда. Бизнинг машиналаримиз ўзбек бозорида яхши сотилаяпти. Лекин биз машиналаримизнинг пулини ололмаяпмиз.

Озодлик: Ўзбек томони бунинг сабабини қандай изоҳлаяпти?

- Қандай изоҳлашарди. Фақат битта жавоб: валюта йўқ. Молиявий инқироз бизга ҳам етиб келди, валютадан қийналаяпмиз, шошмай туринглар, деяпти. Айтишларича¸ пахтанинг, миснинг жаҳондаги нархи тушиб кетганмиш. Шунга қийналиб қолишганмиш, дейди Валерий Малахов.

Валерий Малахов, АвтоВАЗ компаниясининг Россия иқтисодиёт вазирига ёзган мактубига тўла қўшилишини айтади.

Унинг сўзларига кўра, бу ўринда Ўзбекистон ғирромлик қилаяпти. Россияда уларнинг автомобиллари сотилаяпти ва долларга конвертация қилинаяптию, лекин улар Ўзбекистонда сотилган Россия автомобиллари пулини конвертация қилишни исташмаяпти.
Ўзбекистондаги Ўзавтосаноат компаниясининг маркетинг бўлими ходими бу гаплардан хабари борлигини айтaди:

- Мен биламан¸ хабарим бор ака.

Озодлик: Нимага шундай бўлаяпти?

- Акажон, биз бу масалага жавоб беришга масъул одам эмасмиз. Бизнинг ўзимизнинг Эльвира Тухватуллина деган матбуот котибимиз бор. Шу аëлга мурожаат қилсангиз¸ барча саволларга жавоб оласиз¸ деди “Ўзавтосаноат” компаниясининг маркетинг бўлими ходими.

Биз шундан сўнг Ўзавтосаноат компанияси матбуот хизмати бошлиғи Эльвира Тухватуллина билан боғландик. У "Коммерсант" газетасида босилган мақоладаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди:

- Бу нотўғри информация. Бизда ҳозир комплекс текширувлар олиб борилмоқда, деди матубот хизмати бошлиғи.

Озодлик: Демак, Ўзбекистонда конвертация борасида муаммо йўқ эканда?

-Йўқ, бундай муаммо бизда йўқ, деди Эльвира Тухватуллина.

Лекин компаниянинг бошқа бир вакилининг овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтган гапларига кўра, ҳақиқатан ҳам "Коммерсант" газетасининг ёзганлари тўғри - Ўзбекистонда сотилаётган Россия автомобилларининг конвертацияси билан муаммолар мавжуд.

Ҳар йили Ўзбекистондан 100 мингдан ортиқ ЎЗ ДЭУ автомобиллари Россияга экспорт қилинади. Икки давлат ўртасидаги шартномага кўра, бу автомобилларга божхона солиғи солинмайди.

АвтоВАЗ компанияси агар бу муаммолар ҳал қилинмаса, у бошқа хориждан кирадиган автомобилларга солинган сингари, Ўз ДЭУ автомобилларига ҳам 25-30 фоизлик божхона солиғи солишни ҳуукматдан талаб қилмоқчи.
XS
SM
MD
LG