Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:11

Саакашвили истеъфога чиқмоқчи эмас


Ҳукумат қўшинлари президент идораси ва парламент биносини тиш-тирноғи билан қўриқлаëтган ҳозирги пайтда¸ Саакашвилининг мухолифат талабига бўйсуниши эҳтимолдан узоқдек кўринмоқда.
Ҳукумат қўшинлари президент идораси ва парламент биносини тиш-тирноғи билан қўриқлаëтган ҳозирги пайтда¸ Саакашвилининг мухолифат талабига бўйсуниши эҳтимолдан узоқдек кўринмоқда.

Грузияда ҳукуматга қарши намойишлар 10 апрел куни ҳам давом этди. Мухолифатнинг президент истеъфога чиқмагунча норозилик давом этиши ҳақдаги огоҳлантируви¸ Саакашвили пинагини ҳозирча бузмади.

Грузия мухолифати президент Михаил Саакашвили истеъфога чиқиш ҳақидаги талабни бажаришни рад қилаётгани учун ”миллий бўйсунмаслик кампанияси” бошлаётганини маълум қилди.

Мухолифатдаги Консерватив партия асосчиларидан бири Каха Кукава жума куни Грузия парламенти биноси олдида 25 минг кишилик намойишда қилган чиқишида¸ намойишчилар пойтахт Тибилисининг асосий кўчаларини тўсиб қўйишини айтди.

- Биз ҳукуматга бугун намойиш тарқалиб кетмаганини, қатнашчилар сони камаймаганини, худди кечагидек бугун ҳам одамлар намойишга чиққанини кўрсатишимиз муҳим.

Эртага ва кейинги кунларда ҳам намойишлар сусаймаслигини, аксинча, намойишлар бошқа жойларга ҳам тарқаётганини дунёга намойиш қилишимиз керак, деди Грузия мухолифати раҳбарларидан бири.

Пайшанба куни мухолифат ўзининг истеъфога чиқиш ва муддатидан олдин сайлов ўтказиш муддатини белгилаш ҳақидаги талабга жавоб бериш учун президент Михаил Саакашвилига 24 соат муҳлат берилишини, бу муддат ичида жавоб олинмаса¸ ҳаракат дастури эълон қилинишини маълум қилган эди.

9 апрел куни 50 мингга яқин фуқаро президент Саакашвилини демократик йўлдан оғишганлик ва ўтган йил Россия билан урушда нотўғри бошқарувга йил қўйганликда айблаб, парламент биноси олдида намойиш ўтказган эди.

10 апрел куни эрталаб Грузия президенти Михаил Саакашвили кўча намойишлари босими остида мухолифатнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини бажармаслигини айтди.

Телевидение орқали қилган чиқишида Саакашвили мухолифатни бирлик ва ҳамкорликка чақирди:

- Бугун мамлакат қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда, фуқароларимиз қийинчиликларни бошдан кечираётган ва кўплаб оилалар омон қолиш ва келажак учун курашаётган бир пайтда¸ бизнинг мулоқот олиб бориш ва масъулиятни бўлашишдан бошқа танловимиз йўқ¸ деди Грузия президенти.

Михаил Саакашвили мухолифат билан уч масалада, яъни, иқтисодиёт, хавфсизлик ва демократик ислоҳотлар борасида ҳамкорликка тайёрлигини айтди.

Ҳам ҳукумат¸ ҳам мухолифат 2007 йил ноябрь ойида бўлган норозилик намойишлари қайтарилишини хоҳламаслигига ишора қилмоқда.

Президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги ҳукуматда коррупция чуқур илдиз отгани ва хизмат салоҳияти суистеъмол қилинаётганига қарши уюштирилган норозилик намойишини тарқатиб юбориш учун полиция намойишчиларга қарши резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган эди.

Бу гал мухолифат норозилик намойишлари тинч ўтишини ваъда қилган. Хавфсизлик хизмати расмийлари эса зўравонликлар юз бермаса, полиция кучлари воқеалар жараёнига аралашмаслигини айтди.

2007 йилги намойишлардан кейин Михаил Саакашивили муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиб, беш йил муддатга қайта сайланган эди.
XS
SM
MD
LG