Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

Мурод Жўраев яна жазоланди


Ҳуқуқ фаоллари фикрича, ўз сиёсий эътиқодини ўзгартирмаган Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкин.
Ҳуқуқ фаоллари фикрича, ўз сиёсий эътиқодини ўзгартирмаган Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкин.

Ўн беш йилдан буён қамоқхонада сақланаётган Мурод Жўраевнинг яна жазо изоляторига ташланиши, ҳуқуқ фаолларига кўра, унинг қамоқ муддати узайтирилишидан далолатдир. Мурод Жўраев аслида 12 йилга қамалган. Аммо кейинчалик уч маротаба унинг қамоқ жазоси узайтирилган.

9 апрел куни Мурод Жўраевнинг рафиқаси Ҳолбика Жўраева Зарафшондаги қамоқхонага эри билан учрашишга бориб, унинг жазо изоляторига ташланганидан хабар топди.

Ҳолбика Жўраева:
“Хўжайинингиз изоляторда экан. Сизга учрашув мумкин эмас”, дейишди. Эрталаб комиссия келган экан. Ҳамма милициялар югур-югур қилиб юришган эди. Менимча, эрталаб изоляторга тиққан.

Озодлик: Нима учун изоляторга ташлашганини айтишдими?

Ҳолбика Жўраева:
Йўқ¸ уни айтишмади. Мен бошлиқнинг ëнига кира олмадим. Ўринбосарининг ëнига кирдим. Ўринбосар “Ўн кунга изоляторга ташланган”, деди. Қанақадир қоида бузиш бўйича, деди. Менимча¸ яна йил бериш учун қилаяпти. 221модда билан яна йил беради. Чунки бу йил 14 августда муддати тугаши керак эди. Ўзимнинг юрагим ҳам сезиб турувди.
Ўзбекистон қамоқхоналарининг матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам Зарафшон қамоқхонасидан Мурод Жўраевнинг жазо изоляторига ташланиши сабабларини аниқлаш имкони бўлмади.

Мурод Жўраевга қамоқхонадаги 15 йиллик ҳаёти давомида мунтазам қийноқлар қўлланилгани ва доимий назоратда бўлгани таъкидланади.

Ҳозирда эса унинг соғлиги ёмонлиги, барча тишлари тўкилиб кетгани ҳақида маълумотлар бор.

“Эзгулик” жамияти фаоллари Мурод Жўраевнинг соғлигидан хавотир билдирар экан, унинг яна жазо изоляторига ташланганини кескин қоралаб, баёнот билан чиқишди.

-Озодликка чиқармаслик мақсадида сохта айблар билан қамоқхонанинг ичида жазо муддатини узайтириб келишаяпти.

Қамоқхона тартибини бузганига эмас¸ ўша камеранинг ичида сиëсатдан гапиргани учун. Ҳукумат раҳбарини танқид қилгани¸ унга қарши гапиргани учун.

Мен ўйлайманки¸ унинг дунëқарашини¸ фикрини ўзгартириб бўлмаган. Қамоқхонада 15 йил ўтириб ҳам унинг фикри ўзгармаган. Демак¸ унинг руҳи синмаган. Айнан шунинг учун ҳам, яъни унинг тетик руҳи ва дунёқариши учун ҳам жазо муддати узайтириляпти.

Биз ташвишдамиз¸ хавотирдамиз. Мурод Жўраевнинг аҳволи яхши эмас, унинг соғлиги бундан ҳам оғирлашиши мумкин. Қамоқхонанинг ички тартибини бузганлик айби билан айблаб¸ унинг муддатини яна чўзишлари мумкин, - дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятини Мурод Жўраевнинг жазо изоляторига ташлангани юзасидан изоҳ беришга чақиради.

57 ёшли Мурод Жўраев мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчиларидан бири ҳисобланади. У 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган. Мурод Жўраев ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатдаги сиёсий фаол инсонлардан бири ҳисобланади.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов Мурод Жўраевни Ислом Каримов режимининг қурбонларидан бири сифатида тилга олади.

-У президентнинг назоратида турган одам. Унинг шахсан ўзидан рухсат бўлмагунча, уни ҳеч ким озод қила олмайди.

Озодлик: Мурод Жўраевнинг чиқишини Ислом Каримов нима учун хоҳламайди?

-Менимча¸ ҳақиқатни билганлиги учун хоҳламайди. Ўзи у яхши сиëсатчи¸ билимли йигит эди. У мустақиллик бошланган даврдаги биринчи депутатлардан эди. У Қашқадарëда ҳам ишлаган. Каримов Қашқадарëда обком секретари бўлганда¸ Мурод Жўраев Муборак районида исполкомнинг бошлиғи бўлган. Ўша ерда ишлаб юрганида Мурод Жўраевга суиқасд ҳам бўлган. Уни отишган, - деди Отаназар Орипов.

Мурод Жўраев 1994 йил 17 апрелда Олмаота шаҳрида Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, мамлакатга келтирилган. У билан биргаликда “Эрк” партиясининг ўнга яқин аъзоси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 5-моддаси бўйича айбланган.
1995 йилда Ўзбекистон Олий суди Мурод Жўраевни ҳокимиятни босиб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Бироқ кейинчалик амнистияга тушганига қарамай, қамоқхонада ўрнатилган қоидаларни бузганлик айби билан унинг жазо муддати яна уч марта узайтирилди.

Таҳлилчилар наздида, президентнинг ғазабига учраган Мурод Жўраев сингари мухолифат вакилларини амнистия каби турли хил марҳаматлар четлаб ўтади ва расмий Тошкент ҳукумат учун хавфли, деб билган бир неча илғор фикрли кишиларни сиёсий маҳбус сифатида қамоқда сақлашни афзал билади.
XS
SM
MD
LG