Линклар

Грузия: намойишчилар ортга чекинмайдиган кўринади


Грузия мухолифати президент Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилиб, пайшанба куни бошлаган норозилик намойишини бугун ҳам давом эттириш ниятида.

Сўнгги маълумотларга кўра, намойишчилар пойтахт Тбилисида асосий йўлларни тўсиб қўйган. Айни дамларда намойишчиларнинг парламент биноси олдига тўпланаётгани хабар қилинмоқда.

Жума куни намойшчилар фуқаровий бўйсунмаслик акцияси доирасида барча йирик йўлларни тўсишини эълон қилиб, ҳукуматга босимни кучайтирди.

Намойишчилар Грузия президенти Михаил Саакашвилини иқтисодий бўҳрон шароитида ишсизликни олдини олмаганлик, демократия тамойилларидан ортга чекинганлик ҳамда август ойида Россия билан бўлиб ўтган ҳарбий можарони муваффақиятли ҳал эта олмаганликда айбламоқдалар.

Мухолифат Михаил Саакашвили истеъфога кетмагунча, норозилик намойишларини давом эттиришини билдирмоқда. Саакашвили ўз навбатида мухолифат чақириқларини рад этиб, истеъфога кетмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG