Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:40

Алимардонов халқаро ҳамжамиятни алдади


Британиялик аудиторлар Тожикистон Миллий банкининг собиқ раиси миллионлаб маблағларни ўз манфаати йўлида ишлатганини аниқладилар.
Британиялик аудиторлар Тожикистон Миллий банкининг собиқ раиси миллионлаб маблағларни ўз манфаати йўлида ишлатганини аниқладилар.

Британияга тегишли “Ernst and Young” аудиторлик ширкати Тожикистон Миллий банкининг молиявий фаолиятига доир олиб борилган аудит натижаларини эълон қилди.

Миллий банк молиявий фаолиятига доир халқаро аудит, Тожикистоннинг Халқаро валюта жамғармасидан 47,7 миллион доллар маблағни ёлғон маълумотлар асосида олгани ошкор этилганидан сўнг, ўтган йил 5 мартидан бошланиб кетган эди.

Британиянинг Ernst and Young аудиторлик ширкати ҳисоботи роса уч ой ўтиб Тожикистон Миллий банк расмий сайтида нашр этилди.

Ҳисобот муаллифлари хулосасида айтилишича, Тожикистон миллий банки собиқ раиси, ҳозирда бу мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари Муродали Алимардонов миллий банкка раҳбарлик чоғида давлатга тегишли катта маблағлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган.

Тожикистон Миллий банки молиявий фаолиятини ўрганган британиялик халқаро аудиторларнинг билдиришича, Миллий банк собиқ раиси Алимардонов ўз мансабидан фойдаланган ҳолда давлат маблағларини ўзи, отаси ва укаларининг пахтачилик соҳасига тегишли хусусий ширкатлари ҳисобига ўтказиб турган.

Бу билан Алимардоновлар оиласи катта молиявий даромад кўрганлиги таъкидланади, ҳисоботда .

Ernst and Young муаллифларига кўра, Миллий банк давлат томонидан пахта етиштириш учун ажратилган маблағларни “Агроинвестбанк” тижорат банки ҳисобига ўтказган.

Кейинчалик 2004 йил Агроинвестбанк иккига бўлиниб, ”Агроинвестбанк” ва “Кредит Инвест” ёпиқ ҳиссадорлик ширкатига айлантирилган ва мазкур банклар пахта етиштириш соҳасини маблағ билан таъминлашда воситачилик қиладилар.

Шунинг билан бирга, “Кредит Инвест” ширкати, ХИМА жамияти, ”ТамберИНБ” акционерлик жамияти “Ёрирасонии бепарастон” жамиятларига ҳам ўша маблағлардан бир қисмини ўтказилиб турган.

Ўз навбатида юқорида номи тилга олинган ширкатларни бевосита бошқарган Алимардонов бу маблағлардан ўз тижорати йўлида фойдаланган.

Айни пайтда халқаро аудиторлар Алимардонов ХИМА ширкатини молиялаштирганига оид маълумотларни рад этганини маълум қилишган

“Аммо- деб ёзадилар муаллифлар ўз ҳисоботида,- Муродали Алимардонов баъзи жиҳатларда ўз айбларига иқрор бўлган. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасидан ёлғон маълумотлар асосида пул ундириш унинг иши эканини билдирган”.

Халқаро аудиторлар кенгроқ маълумотлар тўплаш учун иш жараёнида кўплаб қийинчиликларга дуч келишганини билдиришган.
Уларга кўра, аудит бошланганга қадар айрим маълумотлар йўқ қилинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, қишлоқ хўжалик секторларининг 2004 2007 йиллардаги 221,5 миллион долларга тенг қарзи қайси ҳисобга ўтказилгани аниқланмаган. Чунки бунга доир маълумотлар ҳам йўқ қилинган.

Миллий банк масъуллари халқаро аудит натижалари юзасидан саволларимизга жавоб беришдан тийилишларини маълум қилишди.

Бироқ таҳлилчилар ҳукумат Миллий банк молиявий фаолиятига доир халқаро аудит натижалари билан жорий йил январ ойида танишганини, аммо давлат пулларидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланган Муродали Алимардонов ҳозиргача мамлакат бош вазири ўринбосари вазифасида қолаётгани амалдаги ҳукумат фаолиятида шаффофликни савол остига қўяётганини уқтиришади.

Таҳлилчи Раҳматулло Валиевга кўра, Тожикистон ҳукуматида Алимардоновга ўхшаганлар оз эмас.

-Бу маблағлар бутун тожикистонликлар пули эди. Аммо ўз манфаатларини бошқаларникидан устун қўйиб, ўз фойдасига бу маблағларни ўзлаштирган шахснинг ўрни ҳукумат идорасида эмас,балки панжара ортида бўлиши керак.

Аммо нега шу кунга қадар у ўз вазифасида қолаётгани, қилмишига яраша жазо олмагани жумбоқ ,- дейди Валиев.

Мустақил кузатувчи Давлат Усмон эса халқаро аудит натижалари Алимардоновнинг айбдорлиги далолати эмаслигини, бу масаслани суд ҳал этиши кераклигини таъкидлайди.

-Миллий банк фаолиятида мавжуд камчиликлар ошкор этилганидан сўнг президент Алимардоновни ўз командасида қолдириш ёки қолдирмаслик борасида менимча бирор чора кўради.

Чунки бу ҳисобот билан нафақат Тожикистонда, балки халқаро молия институтлари ҳам танишган.

Агар Алимардоновга нисбатан бирор чора кўрилмаса, Тожикистонга нисбатан ишонч йўқолиши табиий, -дейди таҳлилчи.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса халқаро аудит натижалари Тожикистоннинг қай даражада корупциялашган давлат эканини халқаро ҳамжамиятга ошкор этганини билдиришмоқда.
XS
SM
MD
LG