Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:05

Табиат ҳимоячиси суди қолдирилди


Табиат ҳимоячиси Мақсет Қўсбергенов ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланмоқда.
Табиат ҳимоячиси Мақсет Қўсбергенов ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланмоқда.

Пора олганликда айбланаётган Ўзбекистон Давлат Бионазоратининг Амударё сув хавзаси инспекцияси бошлиғи Мақсет Қўсбергенов иши юзасидан 10 апрелга белгиланган иккинчи маҳкама жараёни 16 апрелга қолдирилди.

Мақсет Қўсбергенов икки миллион сўм пул ва 10 та тўрт килограммлик балиқни пора сифатида олиб, ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланаётгани ҳақида аввалги эшиттиришларимизда маълумот берган эдик.

Агар Қўсбергенов айбдор деб топилса, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 212-моддаси 2-қисмига мувофиқ 10 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шу боис 1 апрель куни халқаро ташкилотлар, Россия, Украина, Белоруссия, Туркманистон, Қозоғистон каби давлатларнинг 50дан ортиқ экологлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат эълон қилиб, ундан Мақсет Қўсбергеновни иши юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув жараёнини шахсан ўз назоратига олишни илтимос қилишган.

Атроф-муҳит ҳимоячиларига кўра, Мақсет Қўсбергенов ўта халол ва фидойи инсон. У кўп йиллардан бери табиат душманлари бўлган браконьерларга қарши бешафқат курашиб келмоқда. Хусусан 2008 йил ноябрида Амударё қуйилишида жойлашган Судочье кўлида Қўсбергенов бошчилигида ўтказилган рейдда кўп миқдорда ноёб балиқларни овлаган 20 нафар браконьер қўлга олинган.

Бунинг учун Мақсет Қўсбергенов Ўзбекистон давлат бионазорати томонидан йилнинг энг яхши ходими, деб топилган.

Ёввойи табиат халқаро жамғармасининг Марказий Осиё дастури раҳбари, биология фанлар доктори Олга Переладова Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда, Мақсет Қўсбергенов ўз касбига содиқ инсон эканини айтди.

- Шуни таъкидлашим лозимки, Мақсет Амударё сув хавзаси инспекциясига ишга олинганидан кейин у ерда иш самараси кескин ортди. Кўплаб браконерлар қонунни бузишга қўрқиб қолдилар. У браконерлар учун худди кўзга чиққан чипқондек бўлиб қолди, - дейди Переладова.

Ўзбекистон президентига йўлланган мактуб ташаббусчиларидан бири Переладова фикрича, Мақсет браконерларга қарши бешафқат курашгани учун унга қарши тухмат уюштирилган.

- Ҳақиқий браконерларни қўлга олгани учун ўч олиш мақсадида унга қарши тухмат уюштирилганига асло шубҳа қилмайман. Мен сунъий равишда яратилган сохта далиллар аслида нима воқеалар бўлганини аниқлашга, Мақсет Ўзбекистон табиатини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқ ва ҳалол киши эканини аниқлашга ҳалал бермайди деган умиддаман, дейди,- Ёввойи табиат халқаро жамғармаси вакили Олга Переладова.

Ўзбекистон президентига ёзилган мактуб Ёввойи табиат халқаро жамғармасининг интернет сайтига қўйилган. Мактубни имзолаган атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи юзга яқин ташкилот, олим ва бошқа фаоллар Ўзбекистон президентидан Мақсет Қўсбергенов ишига объектив баҳо берилишини илтимос қилишган.

- Биз вазиятга объектив баҳо берилишини ва бегуноҳ инсонни қўйиб юборишларига умид қиляпмиз,- дейди Ёввойи табиат халқаро жамғармасининг Марказий Осиё дастури раҳбари, биология фанлар доктори Олга Переладова.


XS
SM
MD
LG