Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Қозоқ мухолифати бирлашмади


Қозоғистон собиқ сенатори Зауреш Баталова фикрича, мухолифатнинг иқтидордаги ҳукумрон партиядан деярли фарқи йўқ.
Қозоғистон собиқ сенатори Зауреш Баталова фикрича, мухолифатнинг иқтидордаги ҳукумрон партиядан деярли фарқи йўқ.

11 апрел куни Олмаотада Қозоғистон мухолифат кучларининг республика қурилтойида бирлашиш масаласи кўтарилди. Бироқ қурултой мухолифат бирлаша олмаслиги ҳақидаги қарор қабул қилди

Қозоқ мухолифати қурултойида “Азат” партияси раиси ўринбосари Пётр Своик Қозоғистондаги демократик кучларнинг бир ҳаракатга бирлашиши вақт талаби эканини алоҳида таъкидлаб ўтди:

-Ушбу қурултой барча демократик кучларнинг ягона бир партияга бирлашиши оптимал ечим эканини тан олиб, мухолифатдаги барча партия раҳбарларини ушбу жараёнга қўшилишга даъват этади,- деди мухолифат вакили Пётр Своик.

Ўз навбатида мухолифат қурултойи давомида сўзга чиққан “Социал-демократлар” партиясининг бош котиби Амиржон Қўсанов, демократик кучлар бирлашган ягона партия рўйхатига мамлакатдаги нодавлат ташкилотларни ҳам киритмоқ лозимлиги ҳақида гапирди:

Президент Назарбоев ўзи ҳаммасини ҳал қилаётган ва унинг командаси югириб-елиб, унинг топшириқларини бажараётган пайти жим ўтирмаслик зарур. Демократик сиёсий партиялар демократия тарафдори бўлган нодавлат ташкилотларни ўз сафига бирлаштиришга масъул, деб ҳисоблайман,- деди Амиржон Қўсанов.

Қозоқ мухолифати қурултойи делегатларидан бири, собиқ сенатор Зауреш Баталова, қозоқ мухолифатининг бирлашишига тўсиқ бўлаётган асосий сабаблар ҳақида гапирди.

- Ҳолва-ҳолва деган билан оғизда чучимайди. Ҳозир ҳукмрон партия ҳақида одамлар нима дейди? Бу партия кўп гапириши, кўп ваъдалар бериб, уни бажармаслигини айтишади.

Бизнинг ҳукмрон партиядан қандай фарқимиз бор? Биз ҳам кўп гапирамиз, кўп ваъдалар бериб, уни бажармаймиз. Аммо ҳозир қандайдир ҳаракатлар қилишимиз керак.

Ҳаракат бу шунчаки бирлашиш дегани эмас, сабаби бирлашиш яримта иш. Аёл ҳам ярмига ҳомиладор бўлолмайдику. Қозоқ мухолифатида ҳамфикрлик бўлиши лозим, ҳозир эса бу бизда йўқ,- деди собиқ сенатор Зауреш Баталова.

Аммо қурултой иштирокчиларининг барчаси ҳам бирлашиши ҳақидаги ғояни қўллаб-қувватлагани йўқ. Баъзи сиёсатчилар бундай қарор қабул қилишда шошмаслик зарурлигини билдиришди.

Қозоғистон Коммунистлари партияси раиси Серикбўлсин Абдилдин эса бундай масалани жуда оқилона ҳал этмоқ зарурлигини айтди:

-Коммунистлар ҳеч қачон бирлашиш тарафдори бўлмаганлар, ҳозир ҳам ана шу позициядамиз,- деди Серикбўлсин Абдилдин.

Қозоқ мухолифатининг бирлашиш-бирлашмаслигини махсус қўмита ҳал қиладиган бўлди. Қозоқ демократ кучларининг ташкилий қўмитаси икки ой давомида мамлакатдаги барча мухолифат партияларининг бирлаштириш масаласини кўриб чиқади.

Бироқ ҳозирча кузатувчилар қозоқ мухолифатининг бирлашиш ҳақида қарори рўёбга чиқишига ишончсизлик билан ёндошмоқдалар.
XS
SM
MD
LG