Линклар

Қаерда ўша қишлоқ?

  • Сарвар Усмон

Мотоцикл билан ўлчанганда Афғонистон чегарасидан 20 чақирим берида жойлашган қишлоқнинг дунёсига саёҳат қилдик.

Мотоцикл билан ўлчанганда Афғонистон чегарасидан 20 чақирим берида жойлашган қишлоқнинг дунёсига саёҳат қилдик.

Бугунги эшиттиришимиз чекка бир ўзбек қишлоғининг дунёси тўғрисида. Эшиттиришимиз меҳмони ўша қишлоқда яшайдиган 700 ўзбекнинг бири – Хидирали ака.Суҳбат давомида Хидирали ака яшайдиган қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий портретини чизишга уринамиз.

- Қишлоғимиз Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан 140 километр узоқликда. Ўзбекистон чегарасидан тахминан 200-210 километр. Афғонистон чегарасидан тахминан 25-27 километр. Колхозобод туманининг Гулистон жамоатига қарайди. Қишлоғимизда 120 хўжалик истиқомат қилади¸ деди Хидирали ака.

Афғонистонга шу қадар яқинмисизлар, деб сўрасам, Хидирали ака “Мотоцикл билан ўлчадик¸ шунча чиқдида” деди.

Колхозобод - мотоцикл билан ўлчаганда Афғонистон чегарасидан 20 чақирим беридаги, Хидирали аканинг қишлоғи жойлашган туманнинг аввалги номи. Шу кунда туман Жалолиддин Румий номида. Румий туманининг ўзи эса, Хатлон вилояти таркибида.

Хидирали ака: Бизнинг қишлоқда яшайдиганларнинг ҳаммаси 100 фоиз ўзбек. Ëн қишлоқларимиз ҳам ҳаммаси ўзбек.

Озодлик: Ўзбекнинг қайси уруғидансизлар?

Хидирали ака: Бу ерда яшайдиганлар ўзбекнинг лақай¸ қатаған¸ қўнғирот деган уруғларидан.

Озодлик: Сиз ўзингизчи?

Хидирали ака: Мен ўзим лақайлардан.

Хидирали ака ўз қишлоғи билан таништиришда давом этишидан олдин шуни айтиб қўйишимиз керакки, Ўзбекистонда "қишлоқ фуқаролар йиғини" деб юритилувчи маъмурий-ҳудудий бирлик Тожикистонда "жамоат" деб аталади.

- Қишлоғимизда битта ўрта мактаб бор. Умуман жамоатимизга қарашли тўртта ўрта мактаб бор. Шунинг биттасида ўзбек-тожик аралаш ўқишади. Қолган учтасида эса фақат ўзбеклар ўқийди¸ дейди Хидирали ака.

Хидирали ака яшайдиган қишлоқнинг номи оддийгина – Биринчи участка.

Биринчи участкада битта мактабдан ташқари иккита масжид, битта озиқ-овқат дўкони бор.

Сартарошхона, этикдўзлик каби маиший хизмат дўконлари йўқ.

Қишлоқнинг гузари ҳам йўқ.

Бозор-ўчар қилишга биринчи участкаликлар бир чақирим наридаги Гулистон шаҳарчасига қатнайди.

Қишлоқ аҳлининг тирикчилиги нимадан?

Хидирали ака: Бизнинг қишлоқнинг ерлари асосан суғориладиган ерлар. Ҳозир колхоз тугаб кетди. Шундан кейин ерлар майда-майда фермер хўжаликларига тақсимлаб берилди. Шулар қатори бизда ҳам камгина фермер хўжалигимиз бор.

Озодлик: Сиз ҳам фермермисиз?

Хидирали ака: Ҳа.

Озодлик: Ўзбекистонлик тингловчилар учун Тожикистондаги фермерларнинг ишни ташкил қилиши қанақа бўлиши қизиқ бўлиши мумкин. Фермер сифатида қанча ерингиз бор?

Хидирали ака: 14 гектар еримиз бор.

Озодлик: Биз деганда кимларни назарда тутаяпсиз? Фақат ўзингизмисиз ëки шерикларингиз борми?

Хидирали ака: Шерик укам бор¸ амакиваччаларимиз бор. Ҳаммаси етти хўжаликмиз дейликда.

Озодлик: Етти хўжаликда 14 гектар ер. Ер кимнинг мулки?

Хидирали ака: Тожикистон қонунлари асосида ер бизга умрбод фойдаланиш учун сертификат қилиб берилган.

Озодлик: Умрбод фойдаланиш учун.

Хидирали ака: Ҳа¸ умрбод фойдаланиш учун.

Озодлик: Давлатга ўша 14 гектар учун солиқ тўлайсизми ëки нима тўлайсиз?

Хидирали ака: Солиқ тўлаймиз. Ўтган йил пахтага тўланадиган солиқ енгил эди. Бошқа экинларга эса оғирроқ¸ 190 сомоний эди. Бу йил ҳамма экинлар тенглаштирилган. Ҳаммасига 190 сомонийдан солиқ тўлаймиз.

Озодлик: Гектарига 190 сомонийдан тўлайсизми?

Хидирали ака: Ҳа¸ 190 сомонийдан тўлаймиз.

Озодлик: Бу бир йилда тўланадиган пулми?

Хидирали ака: Ҳа.

190 сомоний 50 АҚШ долларига тенг ақча. Хидирали ака билан суҳбатимиз давомини эшитинг.

Фермер Хидирали 2008 йили ўз еридан неча пул топди?

Озодлик: 2008 йилда 14 гектар ердан етти хўжалик қанча даромад қилди?

Хидирали ака: Бундай олиб қараганда 14 гектар ердан етти хўжаликнинг буғдойи бўлади. Ўзингизни ун билан таъминлаб турасиз. Пахта эккан бўлсангиз¸ ғўзапояси бўлади. Мана бу йил эса эркинлик бўлди. Нима эксанг экавер.

Озодлик: Хидирали ака¸ айтгингиз келмаëтган бўлса¸ айтмай қўяверинг. Менга қанча пул ишлаганингизни айтинг. Агар¸ йўқ билмайман¸ десангиз¸ бошқа гап. Айтгим келмаяпти десангиз¸ у ҳам бошқа гап.

Хидирали ака: Мен унга бироз аниқлик киритишим керакда. Қанча эканлигини мен тахмин қилишим керак. Дейлик ҳар хўжаликка 1000 доллардан фойда келтирилган. Етти хўжаликка 7000 доллар.

Ўзбек дунёси эшиттиришини тинглаяпсиз. Афғонистон чегарасига яқин ўзбек қишлоғи ҳаёти билан танишаяпмиз.

Беихтиёр пайдо бўлган савол

Озодлик: Бизнинг қишлоқ Афғонистонга 25 километр деяпсиз. Бу гапни эшитган одамнинг хаëлига дарров қорадори келади.

Хидирали ака: (кулади)

Озодлик: Сизларнинг қишлоқда бу нарсага аралашиб қолганлар борми?

Хидирали ака: Йўқ. Қорадори деб фақат телевидение ва радиода эшитамиз. Бизнинг жамоатимизда қорадори билан қамалган одам йўқ. 10 йиллар атрофида мен бирортасини билмайман. Қорадори билан шуғулланадиган одамлар булар бошқа одамлар. Орқасида одамлари бор гуруҳлар шуғулланади. Бизда ундай гуруҳлар йўқ. дарëнинг нариги томонида ҳам афғон томонида бизнинг оғайниларимиз¸ қавмларимиз яшайди.

Озодлик: Дарëнинг нариги томонига¸ Афғонистонга ўтгингиз келса¸ ўта оласизми?

Хидирали ака: Ҳозир чегара мустаҳкам. 2000 йилгача шундай ўтиб келиб турганлар бор эди. Ҳозир виза билан келаяпти. Кеча мен меҳмон қилдим. Виза билан келипти. У кишига “Бизлардаги ўзбекларнинг иттифоқчилиги яхшими ëки сизлардаги?” десам¸ “Биздаги ўзбекларнинг иттифоқчилиги сизларга қараганда яхшироқ” деди.

Кўпчиликка келган тўй

Озодлик: Ташқарига чиқиб ишлаб келаëтганлар сизларнинг қишлоқларингда ҳам борми?

Хидирали ака: Бизнинг қишлоқдан ҳар бир хўжаликдан бир-иккита одам¸ умуман олганда 100 дан ортиқ йигит кўплар қатори Россияда ишлайди. Россия даромадига суянадида.

Озодлик: Сизларнинг оиладан ҳам Россияда ишлаëтганлар борми?

Хидирали ака: Менинг бир ўғлим Россияда ишлайди.

Озодлик: Ойига қанча жўнатади?

Хидирали ака: Иқтисодий инқироз туфайли ойига 4000 рус рубли юборипти.

Озодлик: Бу охирги юборгани шундайми?

Хидирали ака: Ҳа.

Озодлик: Қишлоқдошларингизнинг тирикчилиги қандай ўтаяпти? Кейинги йилларда ўсиш борми?

Хидирали ака: Ўтган йил Россия туфайли ўсиш бўлган эди. Чунки қишлоқдан 100 дан ортиқ мигрант бориб ишлаëтган эди. Бу йил эса бирдан орқага кетиш бошланди.

Мана сиз билан гаплашишимдан бир соат олдин бир ой илгари Россияга кетган икки йигит қайтиб келипти. Шароит бирдан аксига кетаяпти. Ҳамма жиҳатдан халқнинг турмуши пасайганлиги сезилиб қолди.

Озодлик: Халқнинг турмуш даражасининг пасайгани нималарда кўринаяпти?

Хидирали ака: Мана биз майда бизнес билан шуғулланамизда¸ ун сотамиз. Ҳозир унни қарзга оладиган жуда кўпайиб кетган. Дейлик 100 лаб қоп ун қарзга чиқиб кетган. Энди улар қарзини қайтара олмайди. Улар қарзини қайтара олмагандан кейин бизнинг бизнес ҳам банкротга қараб кетадида.

Озодлик: Сизнинг ишингиз кўп экан. Ун сотасиз экан¸ фермерчилик¸ мактабда ўқитувчилик.

Хидирали ака: Ҳа¸ шундай. Бошқа илож йўқда.

Озодлик: Яна қанақа бизнесингиз бор?

Хидирали ака: Бошқа мавсумий бизнеслар бор.

Ҳа, суҳбатдошим Хидирали аканинг, гапларига қараганда, қилмаган иши йўқ. Фермер сифатида далада ишлайди, мол-қўй боқади, қишлоқдошларига ун опкелиб сотади. Шунча ишдан ортиб, яна мактабда ҳам ишлайди: ўқувчиларга кимё фанидан дарс беради.

Хидирали муаллимнинг дарслиги

Хидирали ака: Ўзбекистонликлар лотинга ўтиши билан Тожикистондаги бошқа мактаблар сингари бизнинг мактаб ҳам кириллда қолиб кетди. Кириллда эса адабиëтлар етишмайди. Шунинг натижасида ўқувчиларнинг билим олиши суст. Иқтисодий шароитлар оғирлиги туфайли мактабга ўқувчилар кела олмайди.

Озодлик: Кириллда қолиб кетган бўлсангизлар¸ китоб масаласи қандай ҳал қилинаяпти?

Хидирали ака: Китоб масаласи Тожикистон маориф вазирлиги томонидан чиқарилган ўзбек тилидаги китоблар билан ҳал қилинадию¸ лекин улар ҳам етишмайди. Улар кам чиқарилган. Менимча¸ ҳамма фанлар бўйича чиқарилмаган.

Озодлик: Китоб етишмаса¸ баъзи фанлардан дарслик чиқарилмаган бўлса¸ болалар нимани ўқияпти?

Хидирали ака: Болаларга ўқитувчи қандай ўтса¸ ўтаверади. Мен ўзим кимë ўқитувчисиман. 10 соат дарс олиб ишлайман. Кимë фанидан умуман бирорта дарслик йўқ. Чунки эски китоблар йиртилиб тамом бўлган¸ янги китоблар эса йўқ. Мен 11 синфларга дарс бераман. 11 синфда кимë фанидан битта ҳам дарслик китоби йўқ.

Озодлик: 11 синфда нечта ўқувчи ўқийди?

Хидирали ака: 11 синфда 25 бола ўқийди.

Озодлик: Демак¸ уларда битта ҳам дарслик йўқ.

Хидирали ака: Йўқ. Амалий машғулотлар ўтиш учун бирорта реактив йўқ. Умуман бирорта амалий нарсани кўрсатиб бўлмайди.

Озодлик: Майли реактивни қўйиб турайлик. Оддий дарслик ҳам йўқ экан. Мана ўқув йили тугаяпти. Болалар нимани ўрганди? Ўқитувчи сифатида қандай қилиб вазиятдан чиқдингиз?

Хидирали ака: Ўқувчи кимëдан билим олиш учун қуйи синфларда маълум билимларга эга бўлиши керак. Ана шу билимнинг ўзи йўқ. Энди битта-яримта талантли болалар бўладида. Ана шу талантли болаларга суяна оламан мен. Бошқа ҳеч қандай иложи йўқ. Чунки боланинг қуйи синфларда олган билими йўқ.

Озодлик: Мана дарс ўтаяпсиз. Ўқувчининг партасида дарслик туриши керак. Мана бу саҳифани очинглар дейишингиз керак. Шунақа пайтда нима қиласиз? Партада нима бор?

Хидирали ака: Ўқувчининг партасида дафтардан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Чунки китобнинг ўзи йўқда. Мен фақат ўзимда бўлган билимларга суянган ҳолда дарс ўтаман. Ўзим ëздираман¸ ўзим тушунтираман.

Озодлик: Ўқитувчи сифатида сизда дарслик борми?

Хидирали ака: Ҳа¸ Худога шукур. Булар Ўзбекистонда чоп қилинган эски совет дарсликлари.

Тожикистоннинг Хатлон вилоят, Румий туманидаги Биринчи участка қишлоғининг ижтимоий-иқтисодий портретини шу қишлоқда яшовчи Хидирали ака билан чизишга уриниб кўрдик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG