Линклар

logo-print

Кишинёвда намойишчилар сони ортмоқда


Яна минглаб намойишчилар Кишинёв шаҳрига йиғилган норозилик намойишига қўшилди.

Молдова пойтахтида ўтаётган норозилик намойишлари 5 апрел кунги парламент сайловларида амалдаги президент Владимир Воронин етакчилигидаги коммунистлар партияси ғалаба қозонгани тўғрисидаги натижалар эълон қилинганидан сўнг бошланган эди.

Якшанба куни норозилар ҳукумат биноси ва президент офиси олдига йиғилди. Улар ўз қўлларида коммунистларга қарши ва демократларга мойил шиорлар тутиб олган.

Намойишчиларнинг аксарияти ёши катта кишилар экани ва уларнинг кайфияти анча босиқ бўлгани боис, намойишлар тинч руҳда ўтаётгани хабар қилинмоқда.

Муҳолифатдаги Либерал Демократик партия етакчиси Влад Филат аввалги кунлардаги намойишлар чоғида қўлга олинган юзлаб ёшлар полиция томонидан калтакланганини айтмоқда.

Шунингдек, якшанба куни Молдова Конституцион суди мамлакат президентининг парламент сайловида йиғилган овозларни қайта санаш бўйича киритган сўровини кўриб чиқиши айтилмоқда.

Президент Воронин намойишларни "ҳукуматга қарши фитна", деб баҳолаб, унда ғарбга мойил ва либерал мухолифатни айблаган. У, шунингдек, Руминия ҳукуматини бу тартибсизликни куйчайтирганликда айблаган эди.

Сўнгги хабарларга кўра, Молдова мухолифати овоз бериш варақаларини текширишни ҳам талаб қилмоқда. Аммо, президент Воронин бу талабни қондиришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG