Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:29

Ўз жонига қасд қилганлар кўпайди


Тожикистонлик ота-оналарнинг айтишларича,ҳарбий хизматга соғлом кетган фарзандлар касалманд бўлиб қайтмоқдалар.
Тожикистонлик ота-оналарнинг айтишларича,ҳарбий хизматга соғлом кетган фарзандлар касалманд бўлиб қайтмоқдалар.

Тожикистон Ҳарбий Бош прокуратураси маълумотларида айтилишича, мамлакат қуролли кучлари сафида хизмат қилаётган аскарлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Тожикистон Ҳарбий Бош прокурори Юсуф Раҳимов тизим коллегиясида қилган ҳисоботида, 2008 йилда 38 нафар аскар ўз жонига қасд қилганини айтди. Жорий йилнинг уч ойи мобайнида эса 12 аскар ўзини ўлдирган.

Ўз жонига қасд қилган йигитларнинг 40 фоизи Сўғд вилоятида истиқомат қиларди. Ҳарбий Бош прокурор армиядаги ўз жонига суиқасд ҳолатларини ёшларнинг иродасизлиги ва касаллиги билан боғлади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ёшларнинг асосий қисми Тожикистон армиясида йигитлик бурчини ўташни ҳоҳламайди. Аксарият ота - оналар болалари чақириқ ёшига етгач, уларни Россияга мардикорликка юборадилар.

- Биринчидан, ҳарбий хизматга соппа- соғ кетган йигитлар касалманд бўлиб қайтишмоқда.Чунки бизнинг армияда Шўролар давридан қолган “дедовшина” ҳозир ҳам бор. Шунингдек, аскарларни озиқ - овқат билан таъминлаш ҳам жуда ёмон,-деди ўз фарзандини армияга жўнатишни истамаган оталардан бири.

Жабборрасулов туманида истиқомат қилувчи Жамолиддин Саидовнинг айтишича: “Болаларни ҳарбий хизматга мажбуран олиб кетиш учун ҳозир ҳам овлар бўлиб турибди. Бундан ташқари, агар армияга чақириқ режаси бажарилмай қолса, жисмонан носоғлом ёки жуссаси ҳарбий хизмат талабига жавоб бермайдиган болалар ҳам армияга мажбуран олиб кетилмоқда”.

Жамоллиддин Саидов ўз сўзида давом этар экан, бир қатор мисолларни ҳам келтириб ўтди:

-Охирги пайтларда армияга олиб кетилган йигитларимизнинг бу дунёдан кўз юмганлиги хақида хабарлар кўп бўлмоқда. Жумладан, туманимиздаги Ўзбекқишлоқ, Гулхона, Ғўлакандоз қишлоқларига аскар йигитларнинг ўликлари олиб келинди. Кейинчалик маълум бўлишича, улар ўз жонларига қасд қилган экан.

Шу ўринда нима учун бундай нохуш ходисалар рўй беряпти, деган савол туғилади. Демак армиядаги аҳвол яхши эмас. Мана шунинг учун ҳам йигитларимизнинг асосий қисми армияда хизмат қилишни ҳоҳламайди,-деди Жамоллиддин Саидов.

Республика Бош прокурори Бобожон Бобохонов март ойида журналистлар билан бўлган учрашувида, биргина 2008 йилда Тожикистон армиясидан 800га яқин аскар дезертирлик қилганини таъкидлаган эди.

Бироқ Сўғд вилояти ҳарбий комиссарлиги вакили Эҳсон Ғанихўжаевнинг айтишича, армия сафларига ўз ихтиёри билан кетаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

-Бу йил ҳарбий хизматга ўз ихтиёри билан ариза берганлар сони чақирилганларнинг 70 фоизидан кўпроғини ташкил этди. Бозорлардан ва кўчалардан ҳарбий хизматдан қочиб юрувчиларни овлаш ишига тамоман чек қўйилган.

Ҳарбий хизматдан буйин товлаган 10 кишига нисбатан жиноий иш очилган, - дейди вилоят ҳарбий комисарлиги вакили.

Жорий йил январь ойида Сўғд вилояти Мастчоҳ тумани ҳарбий комиссари ва унинг икки нафар зобити қонунга хилоф тарзда йигитларни армияга жўнатганликда айбланиб, судланган эдилар.
XS
SM
MD
LG