Линклар

Бекободда "террорчилар" йўқ қилинди

  • Фаррух Юсуфий

Бекободда ўтказилган ҳарбий машқлар сценарийсининг салбий қаҳрамонлари нега қўшни давлатдан излангани ҳақида маълумотлар берилмади.

Бекободда ўтказилган ҳарбий машқлар сценарийсининг салбий қаҳрамонлари нега қўшни давлатдан излангани ҳақида маълумотлар берилмади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси ҳақидаги келишув қабул қилинганидан бир неча кун ўтгач, ўзбек-тожик чегараси яқинидаги Бекобод шаҳрида "қўшни республикадан ўтган террорчиларини зарарсизлантириш"га оид ҳарбий ўйинлар ўтказилди.

Ҳафта бошида Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан фуқаровий мудофаа машқлари ўтказилган.

Маълум бўлишича, 5 кун давом этган тадбирнинг марказий воқеаси ўзбек-тожик чегараси яқинида жойлашган Бекобод метталургия комбинатида аксилтеррор машқнинг ўтказилиши бўлган.

Бекобод метталургия комбинати ёки “Ўзметкомбинат”да ўтказилган машқнинг сценарийсига кўра, қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига ўтган террорчиларнинг катта гуруҳи комбинат ва унинг ишчиларини гаровга олиб, йирик террор хуружини амалга оширишни ният қилади.

Шундан кейин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшма амалиёти туфайли уларнинг ниятлари амалга ошмай қолади.

“Ўзметкомбинат” ходимларидан бири Озодлик радиоси билан суҳбатда, машқлар муваффақиятли ўтганини гапириб берди.

- Ўтди¸ яхши ўтди. Мақсад террористларни ушлаш эди. Бутун тиббий хизмат кўрсатиш ходимлари ҳам машқ ўтказди.

Озодлик: Неча кун давом этди бу машқлар?

- Тўрт-беш кун давом этди¸- дейди “Ўзметкомбинат” ходими.

Террорчилар хуружини бартараф этишга доир машқлар ўтказилгани ҳақида маҳаллий телевидениеда репортаж ҳам кўрсатилди.

Бекободлик Ойша хола гапиради:

- Ҳа¸ бўлди. Буни телевизорда ҳам кўрсатди-ку.

Озодлик: Шаҳарда нималар бўлди? Бу ҳақда одамлар нима дейишаяпти?

- Йўқ¸ яхши бўлди, лекин. Ҳаммамиз борган эдик. Яхши бўлди. Аскарларнинг чиқиши бўлди. ўша ерда ҳокимлар¸ хотин-қизлар қўмитасининг раислари, ҳаммаси бор эди¸- дейди Ойша хола.

Маълум бўлишича, телевизион репортажларда куч ишлатар идораларнинг махсус гуруҳлари кўп сонли ҳарбий машиналарда комбинатни қуршаб олгани ва бир неча соатлик амалиётдан кейин фараз қилинаётган террорчиларнинг бир қисмини йўқ қилиб, қолганини қўлга олганига оид тасвирларни кўриш мумкин бўлган.

Машқлар сценарийсига кўра, қўшни давлатдан келган террорчилар қўлидан гаровга олинган комбинат ишчиларининг барчаси эсон-омон қутқариб олинди.

Бир неча кунлик тадбир машқ бўлса-да, реал воқеликка яқин шароитларда ўтказилганини гапириб берди бекободлик Жўравой исмли суҳбатдошимиз.

- БТРлари ҳам бўлган. Кичкина йўлларни ëпиб¸ ҳеч кимни ўтказмасдан шу билан кетди-да. Мен ўзим бориб кўрганим йўқ. Шу ўтиб кетаëтганда кўзим тушди. Хуллас, ўша куни бутун Бекобод аҳли фараз қилинган террорчилар хуружининг реал оқибатларини бошдан кечирди,- дейди Жўравой ака.

Машқлар ҳақида www.uznews.net интернет нашрига гапириб берган "Ўзметкомбинат" ходимларидан бири, ўша куни шаҳарда йўллар тўсилгани, бозорлар ёпилгани ва телефон алоқаси узилганини ҳикоя қилиб берган. Унинг айтишича, тадбирдан бехабар бекободликлар орасида ҳақиқатан Тожикистондан террорчилар ҳужум қилди, деган саросима ҳам пайдо бўлган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати машқлар сценарийси учун салбий қаҳрамонлар сифатида нега айнан “тожикистонлик террорчилар” танлаб олинганини изоҳлагани йўқ.

Лекин ўзбек-тожик чегараси яқинида ҳарбий ўйинлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегарасига оид келишув қабул қилинганидан бир неча кун ўтиб ўтказилганини қайд этиш лозим.

Шунингдек, мустақиллик йилларида қўшни давлат билан Бекобод метталургия комбинатига оид келишмовчиликлар ҳам вужудга келган. Комбинат Тожикистон чегарасига бевосита туташган. Шунинг учун ҳам тўқсонинчи йиллар бошларида собиқ иттифоқнинг икки респубилкаси ўртасида чегара тортилгач, Бекобод метталургия комбинатига тегишли бир неча объект Тожикистон томонига ўтиб кетган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида фуқаролар ва чегарачилар иштирокидаги можаролар ҳам тез-тез учраб туради.

Икки давлат ўртасидаги чегара қарийб 1200 километрга чўзилади ва унинг маълум қисми ҳамон демаркация қилинмаган. Мана шу сабабли Ўзбекистон чегара ҳудудларни миналаштирган ва шу пайтгача бу миналар портлаши оқибатида юздан ортиқ одам қурбон бўлган.
XS
SM
MD
LG