Линклар

logo-print

Таиландда тўқнашувлар бўлди


Бангкок кўчаларида намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётир.

Бангкок кўчаларида намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётир.

Таиланд пойтахти Бангкокда норозилик намойиши иштирокчилари ва хавфсизлик кучлари ўртасида рўй берган тўқнашувларда ўнлаб фуқаро тан жароҳати олди.

Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги бугунги тўқнашувлар бир неча кундан буён жанубий -шарқий Осиё давлатида давом этаётган норозилик намойишининг асосий воқеаларидан бири бўлди.

Ҳукумат кучлари намойишчиларни тарқатиш мақсадида ҳавога ўқ узиб, кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Бунга жавобан намойишчилар аскарларга қарата тош ва қўлбола бомбаларни улоқтирди.

Пойтахт кўчаларида рўй берган тартибсизликларда 70га яқин фуқаро тан жароҳати олди. Бундан ташқари намойишчилар пойтахт кўчаларида машина шиналарини ёқиб, бир нечта автобусга ўт қўйиб юборди.

Намойишчилар амалдаги Бош вазир Абхсит Вечачива истеъфосини талаб қилиб келмоқдалар.

Бангкок кўчаларида намойишчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда¸ мамлакат қўшинлари Бош қўмондони Сонгкитти Жагабатара, аскарлар пойтахтдаги хаосни тугатиш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаб, ҳарбийлар қуролдан фақат ўз ҳимояси учун фойдаланишини билдирди:

- Биз фуқароларга қарши қурол ишлатмаймиз. Барчамиз Таиланд фуқароларимиз. Биз фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Биз қуролни фақат ҳимоя учун ишлатамиз. Фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида биз қонунларга риоя қиламиз,- деди Таиланд қўшинлари Бош қўмондони.

Бангкокдан олинган сўнгги хабарларга кўра, ҳукумат кучлари март ойидан буён намойишчилар ўрнашиб олган ҳукумат биноси томон ҳаракатланмоқда.

Таиланд армияси матбуот вакилининг таъкидича, ҳукумат кучлари намойишчиларни асосий кўчалардан сиқиб чиқарган.

- Агар намойишчилар расмийларга тан жароҳати етказишга уринса, биз махсус қуроллардан фойдаланмоқдамиз. Бу қурол овоз чиқаради холос ва намойишчиларга тан жароҳати етказмайди,- деди Таиланд армияси матбуот вакили.

Айни пайтда Франция, Буюк Британия, Австралия ва АҚШ ҳукуматлари ўз фуқароларини Таиландга саёҳат қилиш оқибатларидан огоҳлантирди.

Таиланд ҳукуматига қарши норозилик намойишлари 8 апрел куни бошланган эди. Норозиларнинг шанба куни Патайя шаҳрида Осиё саммити ўтказилиши кўзланган бинога бостириб кириши натижасида, мазкур саммит бекор қилинди.

Бундан ташқари намойишчилар мамлакат бўйлаб асосий йўлларни тўсишга киришгандан сўнг бош вазир пойтахтда фавқулодда ҳолат жорий қилди.
XS
SM
MD
LG