Линклар

logo-print

Собиқ сапёрлар ҳукуматдан норози

  • Гулнора Равшан

Тожикистондаги мина далаларини тозалаш пайтида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар сони юздан ошади.

Тожикистондаги мина далаларини тозалаш пайтида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар сони юздан ошади.

Бадахшон вилоятида миналарни зарарсизлантириш тадбирида қатнашиб, бир умрлик ногирон бўлиб қолган юздан ортиқ собиқ аскарлар Тожикистон ҳукумати томонидан ҳуқуқлари бузилаётганини айтмоқдалар.

Миналардан зарар кўрган собиқ аскар Жафар Нозимовнинг маълум қилишича, Бадахшон вилоятидаги 100 дан ортиқ собиқ аскарларнинг муаммоси деярли бир хил.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги билан имзоланган шартнома шартларига кўра, мажруҳ бўлиб қолган аскарга вазирлик ойига 180 доллар нафақа бериши керак. Бир умрга мажруҳ бўлган аскар уй билан таъминланиши ва санаторийларда даволаниши учун ҳам Мудофаа вазирлиги маблағ ажратиши зарур.

- Аммо бу шунчаки қоғозларда қоладиган ваъда экан. 2005 йил минага учраб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим.

Мудофаа вазирлигига, туманимиздаги ҳарбий комиссарликка ва бошқа кўплаб тегишли ташкилотларга ёрдам сўраб мурожат этдик. Аммо бирортасидан бизнинг фойдамизга ҳал бўладиган жавоб олмадик. Биз ҳеч кимга керак эмасмиз,- дейди Жафар.

Унга кўра, минадан зарар кўрган 100 дан ортиқ бадахшонлик собиқ аскарлардан бирортаси Мудофаа вазирлиги масъуллари билан учраша олмагани сабабли ижтимоий муаммоларини ҳал эта олмаётир. Улар бугунги кунда энг аянчли вазиятда кун кечиришмоқда экан.

Собиқ сапёр Мирали Мулломуродов эса 2006 йилда Рудакий туманидаги мина майдонларини тозалаётганида қаттиқ жароҳатланган ва икки кўзи ожиз бўлиб қолган.

Собиқ аскар кўзларини Эронда даъволатганини ва бунинг учун маблағни хорижий ташкилотлар йиғиб берганини билдирди.

Тузалиб оёққа турган Мирали Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий судда судлашганини, аммо иш вазирлик фойдасига ҳал бўлганини маълум қилди.

-Мен ҳозир Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги томонидан ажратилган 200 сомоний ( тахминан 52 доллар – таҳр.) нафақа билан кун кечираяпман. Бу Бадахшондан Душанбега келиш учун йўлкирага етмайди. Даволанишни давом эттириш борасида гапирмасак ҳам бўлади. Ахир биз Ватанга хизмат қилаётганимизда мажруҳ бўлдик-ку,- дея шикоят қилди Мирали Мулломуродов.

Мавзу юзасидан Мудофаа вазирлигига ҳам сим қоқдик. Аммо телефон гўшагини кўтарган ходим Фариддун Маҳмадалиев барча саволларимизни ёзма шаклда вазирликка юборишимизни ва жавоби учун бир ҳафтадан сўнг мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.

Тожикистонни миналардан тозалаш маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабовнинг айтишича, ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳуқуқларига оид қонунга биноан, ҳукумат ва Мудофаа вазирлиги миналардан зарар кўрган аскарларга ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатиши шарт.

Миналарни зарарсизлантириш маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабов имзоланган шартномаларга кўра, мажруҳ бўлиб қолган аскар 30 минг доллар атрофида товон пули олиши кераклигини ҳам айтиб ўтди. Бундан ташқари Мудофаа вазирлиги ҳам ногирон бўлиб қолган аскарга алоҳида ҳақ тўлаши лозим.

-Тожикистон қонунчилигига асосан бу аскарларга 60 ойлик маоши миқдорида бир марталик тўлов тўланиши ва улар уй жойлар билан таъминланиши зарур,- дейди Ражабов.

Унинг айтишича, Мудофаа вазирлиги бериши шарт бўлган тўлов миқдори тахминан 1352 долларни ташкил этади.

Мирали Мулломуродов эса фақат бир марта миналар марказидан молиявий кўмак олганини билдирди.

Давлат ғамхўрлигидан бенасиб қолган Мирали Мулломуродов ҳукумат амалдорлари томонидан ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ва унинг арз-додлари давлат идораларининг бирортасида инобатга олинмаётганидан шикоят қилди.


Шу ўринда айтиш жоизки, пиёдаларга қарши миналарни таъқиқлаш тўғрисидаги Оттава конвенциясига имзо чеккан Тожикистон келгуси йил 1 апрелига қадар ўз ҳудудини миналардан тозалаб улгуриши керак.

Аммо хорижий ташкилотлар ва донор давлатлар ажратаётган маблағлар ҳамда тажрибали сапёрларнинг етишмаслиги сабабли Тожикистон ўз ҳудудини миналардан тозалаш тадбирини яна ўн йилга узайтиришга қарор қилди.

Тожикистонни миналардан тозалаш марказидан олинган маълумотларда айтилишича, республикада 60 миллион квадрат метр майдон миналардан тозаланмай қолган.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегараларида эса 60 та ўта хатарли мина майдонлари мавжуд.

Тожикистонни миналардан тозалаш маркази давлат чегараларини аниқлаш ишлари юз фоизга бажарилмагунга қадар бу майдонлардаги миналарни зарарсизлантириш ишлари олиб борилмаслигини билдирган.
XS
SM
MD
LG