Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:57

"Ўзбекистонга боришдан маъно қолмади"


Ёзувчи Борис Акунин Ўзбекистон элчихонасини ёлғончиликда айблади.
Ёзувчи Борис Акунин Ўзбекистон элчихонасини ёлғончиликда айблади.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси россиялик таниқли ёзувчи Борис Акуниннинг янги асар яратиш режасига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда "Туркча Гамбит”, “Азазель”, “Давлат котиби” каби асарлар муаллифи китобларини чоп этадиган “Захаров” нашриёти хабар тарқатди.

Россия матбуотида бу хабар “Ўзбекистон ёзувчи Акунинни мамлакатга киритмади”, деган талқинда берилди. Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси бу хабарни инкор қилди. Озодлик радиоси билан суҳбатлашган "Туркча Гамбит”, “Азазель”, “Давлат котиби” каби асарлар муаллифи Борис Акунин эса, Ўзбекистон элчихонасини ёлғончиликда айбламоқда.

Маълум бўлишича, Борис Акунин тахаллуси остида ижод қиладиган Григорий Чхартешвили, Ўзбекистонга янги роман ёзиш мақсадида бормоқчи бўлган. Романдаги воқеалар айнан Ўзбекистонда рўй бериб, уларни тасвирлаш учун ёзувчи Тошкентдаги давлат архивлари ва расмий идораларда сақланувчи ҳужжатларни тадқиқ қилмоқчи бўлган.

Бу ҳақда ёзувчининг ўзи Озодликка берган суҳбатида гапириб берди.

Акунин билан бўлиб ўтган суҳбатга ўтишдан аввал, Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг бу воқеага оид изоҳига тўхталиш жоиз бўлади.

Ўзбекистон элчихонасининг исми ва овози ошкор бўлишини истмаган расмийси, Борис Акунин ва “Захаров” нашриёти тарқатган хабарлар мутлақо ҳақиқатга зид экани, чунки биринчидан, Россия фуқаролари Ўзбекистонга боришлари учун уларга виза керак эмаслиги, иккинчидан Акунин элчихона вакили билан учрашмагани ҳамда Борис Акунин ёки унинг ношири Ўзбекистондаги архив ҳужжатларидан фойдаланиш учун расмий илтимоснома билан мурожаат қилиши лозимлиги, лекин бундай илтимоснома элчихонага келиб тушмаганини таъкидлади.

Ёзувчи Борис Акунин овози ва исмини ошкор қилишни истамаган элчихона вакилининг таъкидларига бундай жавоб қайтарди:

- Мен учрашган конкрет одамнинг фамилиясини айта оламан. Менинг ноширим Ирина Богат элчихона матбуот вакили Олег Шатуновский билан гаплашганда, у бизни элчихонада бу масалалар билан шуғулланадиган одамга рўпара қилди.

Иброҳим Қосимов исмли бу одам, адашмасам, Ўзбекистон маданияти ва санъати жамғармасининг вакили экан. Қосимов бизни элчихонага учрашув учун таклиф қилди ва биз у ерга бордик.

Элчихонада бўлиб ўтган бу учрашувда Иброҳим Қосимов бизга қўлидан келганча ёрдам беришни ваъда қилди. У мазкур масалани Тошкент билан келишиб олиши лозимлиги ёки биздан расмий илтимоснома талаб этилиши ҳақида ҳеч нарса демади.

Кейинроқ биздан расмий хат талаб этилишини айтганда, мен хатни ёзиб бердим. Хат унинг, яъни Қосимовнинг шахсий адресига жўнатилди. У хатни олгани ва Тошкентга юборгани ҳақида нашриётни хабардор қилди.

Агар элчихонанинг матбуот вакили Шатуновский ёки бошқа ходими бу фактни инкор қилган бўлса, демак улар сизни алдапти¸ Ўзбекистонга визасиз бора олишим рост, лекин архив ҳужжатлардан фойдалана олмасам, у ерга боришдан маъни йўқ.

Мен Ўзбекистонда янги романни ёзиш учун тайёргарлик кўриш мақсадида баъзи ҳужжатларни тадқиқ қилмоқчи эдим. Мен элчихона вакилларига бундай тадқиқотни хусусий шахс сифатида амалга ошира олмаслигимни тушунтирдим.

Бунинг учун мен Ўзбекистон расмий идоралари, хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат фондлари ва архивларига кира олишим учун махсус рухсат керак бўлади. Уларнинг ёрдамисиз бунинг имкони бўлмагани боис, Ўзбекистонга боришимдан маъни қолмади, -дейди таниқли ёзувчи.

Шу сабабдан воқеалари Ўзбекистонда рўй берадиган романни ёзиш ниятидан буткул воз кечган Борис Акунин Озодлик тингловчилари учун “туғилмай ўлган” роман ҳақида гапириб беришга рози бўлди.

- Роман сюжети бўйича, воқеалар 1912 йилда Тошкентда рўй бериши керак эди. Унинг асосий қаҳрамонларидан бири барчага таниш, лекин адабиётда унчалик кўп ёритилмаган Романовлар сулоласининг вакили, ўша пайтларда Тошкентга сургун қилинган буюк Княз Николай Константиновичдир.

У Тошкентда жуда фаол бўлган. Княз фаолиятининг мен учун энг қизиқарли жиҳатларидан бири унинг Тошкентда биринчи кинотеатрни очганидир. Ёзилмай қолган романда мен бошқа воқеалар қаторида Ўзбекистондаги кино тарихи ҳақида ёзмоқчи эдим.

Романнинг яна бир асосий қаҳрамони Княз Николай Константиновчнинг таклифига кўра, аввал Тошкентга, у ердан эса Бухорога йўл олиши керак бўлади.

Бу пайт Бухоро яқинида “Минг бир кеча” асари асосида кинофилм ишлашаётган бўлади. Хуллас, роман сюжети мен танлаган ғаройиб персонажларнинг саргузаштлари атрофида қурилиши лозим эди.

Бу тарихий роман бўлиши керак эди. Мен замонавий Ўзбекистон ёки президент Ислом Каримов ҳақида ёзиш ниятларим йўқ эди. Чунки улар роман сюжетидан йироқ бўлган обеъктлардир.

Ўзбек расмийларини нима чўчитганидан бехабарман. Чунки улар менга ёрдам кўрсатганларида, мен ҳеч бўлмаганда, одоб юзасидан Ўзбекистонни салбий томондан кўрсатмаган бўлардим, - дейди ёзувчи Акунин.

Таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамроев бу воқеага муносабат билдирар экан, "маданият ва санъат вакилларига нисбатан бундай муносабат Ўзбекистонга обрў келтирмайди", дейди.

- Уят¸ тўғри, уят. Энди ким билади қанақа баҳонаси бор. Бу сиëсатми, билмадим. Ëки уларда қанақадир ақлсиз одам ўтирипти. Иосиф Кобзонга ҳам рухсат беришмади. 60 йиллигига бормоқчи эди¸ концерт бермоқчи эди. Билмайман нимага рухсат беришмади. Менимча¸ катта одамнинг хабари йўқ. Бунақа қарорларни пастроқ одамлар қабул қилаяпти¸ - дейди Али Ҳамроев.

Борис Акунин тахаллуси остида ижод қиладиган Григорий Чхартешвили асли грузин, 1956 йилда Тбилисида туғилган. Унинг “Туркча Гамбит”, “Азазель”, “Давлат котиби”, каби асарлари бўйича кинофилмлар суратга олинган.

Чхартешвили Россияда журналистик фаолияти билан ҳам таниш. Ўтган йили унинг Михаил Ходорковский билан интервюси Американинг “Esquire” журналида эълон қилингани анча шов-шувга сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG