Линклар

Барта"РАФ" қилинмоқда

  • Сарвар Усмон

Республика Давлат автомобиль назорати бошқармасига кўра, Ўзбекистонда "РАФ"лар ўрнини "Газель" ва Отайўл автобуслари эгаллайди.

Республика Давлат автомобиль назорати бошқармасига кўра, Ўзбекистонда "РАФ"лар ўрнини "Газель" ва Отайўл автобуслари эгаллайди.

"Давлат автомобиль назорати Қарши шаҳрида "РАФ" микроавтобусларида йўловчи ташишга рухсат бермаяпти. "РАФ"ларнинг эгаларига Zeromax ширкати олиб келган "Газель" микроавтобусларини 28 миллион сўмдан сотиб олиш тавсия қилинмоқда".

Бу шу кунда қаршиликлар орасида юрган узунқулоқ гаплардан бири. Мухбиримиз, мавзуни ўрганар экан, Ўзбекистон жамоат транспорти парки эскириб кетаётгани сабабларини тушунгандай бўлди.

Қаршилик Нодир Аҳадовнинг айтишича: " Қаршининг марказий кўчасида қатнаëтган 1 маршрутка "РАФ"ларни олиб қўйишаяпти. Умуман қатнагани қўйишмаяпти".

"РАФ"ларнинг таъқиққа учрагани сабаби тўғрисида қаршиликлар мана бу гапни айтиб юрибди, дейди Нодир Аҳадов.

- Президент Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова Zeromax компаниясига Россиядан 180 та Газел машинаси олиб келган. Ҳар бирини 28 миллион сўмдан баҳолаб вилоятдаги масъул ходимларга буни аҳолига ўтказиб бериш ҳақида топшириқ берган¸ -дейди Нодир Аҳадов.

Zeromax ширкати Тошкентдаги ваколатхонасининг ўзини таништирмаган ходими қаршиликлар орасида юрган бу гапларни рад этар экан, "Zeromax транспорт воситалари савдоси билан шуғулланмайди", деди.

Республика Давлат автомобиль назорати бошқармасининг ўзини таништирмаган вакилидан мана бу гапни ололдик.

Озодлик: Эски "РАФ"ларни ишлатмаяпти деган гап келди Қаршидан. Шу масала бўйича....

- Битта Қаршимас бутун республика бўйича шунақа.

Озодлик: Бутун республика бўйичами?

- Бутун республика бўйича "РАФ"ни йўқ қилишаяпти¸- деди Республика Давлат автомобиль назорати бошқармасининг ўзини таништирмаган вакили.

ДАН бошқармаси ходими бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади.

"РАФ"ларга қарши кураш, давлат амалдори айтганидай, бутун республика бўйлаб олиб борилаётгани ростга ўхшайди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновдан мана бу гапни эшитдик.

- Кеча еттитача шофëр келиб, оғзаки мурожаат қилишди. Техасмоторда РАФларга носоз деб печат босиб берипти. Бу РАФлар эски "РАФ"лар. Булар 1980 ва ундан олдин чиққан "РАФ"лар. Лекин буни фирма ишлатаяпти.

Шофëрлар кўчага чиқса¸ "РАФ"ни ГАИ олиб қўяяпти. Шофëрнинг гарданида эгасига берадиган кунлик¸ ойлик плани борда.

Шўринг қургур шофëр ишласа ишламаса бу пулни бериши керак. Кўчада ГАИ ишлатмаса ҳам фирма тўлайсан деяпти¸ -дейди Ғанихон Маматхонов.

Ғанихон Маматхоновнинг айтишича, "РАФ"лар жуда эскириб кетган ва давлат автомобиль назоратининг талаби, аслида, тўғри.

- "РАФ"ларнинг энди ҳақиқатан носози кўп. Мен ўзим эски шофëрман. 30 йилдан ортиқ техниканинг нонини еганман¸ дейди Ғанихон Маматхонов.

"РАФ" микроавтобусларининг энг янгиси ҳам бу йил 12га кирди. Латвиядаги автомобиль заводи энг сўнгги микроавтобусни ўз конвейеридан 1997 йили чиқарган эди.

Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларида одам ташиётган "РАФ"ларнинг "ёши" эса, камида йигирмада.

Ғанихон Маматхоновнинг тахминича, шу кунда биргина «Фарғона вилоятида 5000га яқин "РАФ" бор».

Албатта, бу бир тахминий рақам. Лекин ишонса бўладиган тахмин. Чунки риштонлик Бахтиёржон исмли йигит мана бундай деди:

- Қўқонда¸ Марғилонда¸ Фарғонада "РАФ"ларни кўриш мумкин. Мана шу катта шаҳарларда 10 тадан тўрттаси "РАФ" бўлади деб бемалол айтиш мумкин¸ -дейди риштонлик Бахтиëржон.

Агар шу тахминни воқелик деб олсак, республика бўйлаб микроавтобуслар паркининг 40 фоизи ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи, ҳар томонлама эскирган машиналар бўлиб чиқаяпти.

Хўш, нега бу қадар эскириб кетди автомобиль парки?

Таҳлилчилар бунинг сабабини ҳукуматнинг протекционистик сиёсатида кўради. Оддий риштонлик йигит Бахтиёр ҳам ана шундай фикрда.

- Самарқандда “Самкўчавто” деган завод бор. Бизнинг ҳукумат атайин ўзиникини ўтказиш учун ўша микроавтобусни сотишни мўлжаллаган бўлиши мумкин. Лекин у жуда катта ва тўлиши қийин. Вақт йўқолади. Каттани қимматга олиб рентабеллиги йўқлиги учун бизнинг аҳоли эски "РАФ"ларни судраб юришга мажбур¸ -дейди риштонлик Бахтиëр.

Бахтиёр айтаётган гап масаланинг бир жиҳати. Иккинчи томондан, Ўзбекистонга чет элда ишлаб чиқарилган, тутилган машиналарни олиб кириш ҳам рентабел иш эмас: божхона тўловлари осмонда.

Фарғоналик Ғанихон Маматхоновнинг фикрича, ҳукумат эски машиналарни таъқиқлаш билан бир пайтда¸ янги машиналар харид қилиши учун фуқаролар ва ширкатларга имконият яратиб бериши керак.

- Шофëрнинг транспортдан қилган даромади ўзи оила бюджетини зўрға кўтараяпти. Бу "РАФ"ларнинг ҳаммаси хусусий транспорт эгалариники. Бу автобазаларники эмас.

Агар фирмаларга имтиëз берилса¸ имтиëзли кредитлар ажратилса¸ фирма раҳбарлари ташқарига чиқиб ўзлари Мерседесларними¸ Газелларними олиб келиб тарқатса¸ ана шунда муаммолар ечилган бўларди.

Уни олиб келмасдан туриб ҳозир "РАФ"ларни чиқариб ташлаш мушкул. Агар ҳозир "РАФ"ларни тўхтатиб қўйса¸ ишсизлар сони 20 фоизга ошади¸ -дейди Ғанихон Маматхонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG