Линклар

Фуқаролик жамияти сайлов натижаларини билмоқчи


Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари вакиллари амалдаги депутатлар сайлов натижаларини сохталаштириш йўли билан парламентга келганини таъкидлаб келадилар.

Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари вакиллари амалдаги депутатлар сайлов натижаларини сохталаштириш йўли билан парламентга келганини таъкидлаб келадилар.

Қирғизистондаги қатор нодавлат ташкилотлари Қурмонбек Бакиевга 23 июлда ўтадиган президентлик сайловини ортга суриш, унинг ўрнига эса парламент сайлови ўтказиш талаби билан мурожаат йўлладилар.

Бишкекдаги “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлари коалицияси раҳбари Динара Аширахунованинг айтишича, қирғиз парламентининг легитим эканига бугун фуқароларнинг асосий қисми ишонмайди.

Нодавлат ташкилоти вакили бунга Марказий Сайлов Комиссияси шу кунгача мазкур сайлов натижаларини расман эълон қилмагани сабаб эканини айтади.

Қирғизистонда президентлик сайлови муддатини парламент белгилайди. Динара Аширахунова қонунийлиги шубҳа остига олинган парламент томонидан белгиланган президентлик сайлови ҳам ноқонуний бўлади, деб ҳисоблайди.

- Халқ сайловга ишончини йўқотса, унда иштирок этмайди. Шунинг учун халқнинг сайловга бўлган ишончини қайта тиклаш, бунинг учун эса легитимлиги шубҳага олинаётган парламентни тарқатиб, ўрнига янги сайлов ўтказиш зарур бўлади.

Акс ҳолда, “Қирғизистонда президентлик институти қонунийми?” деган савол кун тартибига чиқади, деди Динара Аширахунова.

Қирғизистондаги “Тинчлик, фараҳ, маданият” ташкилоти шу кунларда Марказий Сайлов Комиссиясини 2007 йилдаги парламент сайлови натижаларини жамоатчиликка эълон қилишга мажбурлаш талаби билан Бишкек шаҳар судига даъво аризасини топширди.

Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари ўтган йилдан бери “Марказий Сайлов Комиссияси 2007 йилдаги парламент сайловларини расман эълон қилмади”, деб даъво қилиб келадилар.

Нодавлат ташкилотларининг бу борадаги аризалари юзасидан суд жараёнлари ҳам ўтказилган. Бироқ бу суд масалани Марказий Сайлов Комиссияси фойдасига ҳал қилган.

- Расмийлар ҳақиқат ошкор бўлишидан қўрққани учун 2007 йил декабрида ўтган сайлов натижалари юзасидан 2008 йилнинг январида бошланган барча суд жараёнларини тўхтатиб қўйди. Судларга қилган мурожаатларимиз натижасиз якунланди.

Марказий Сайлов Комиссиясини 2007 йилдаги сайлов натижаларини расман эълон қилишга мажбурлаш юзасидан судга топширилган янги даъво аризаси юзасидан кўриладиган иш ҳам самара бермайди, деб ҳисоблайман, деди мухолифатдаги “Ҳақиқат учун” ҳаракати фаоли Жўлдўшбек Тўқўев.

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси вакили Абдужапар Бегматов эса мухолифатчилар ва нодавлат ташкилотларининг иддаолари асоссиз эканини айтади:

- Президентлик сайловини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган ҳозирги парламент қонунийдир. У сайловчиларнинг кўпчилик овози билан сайланган.

Бу парламент сайлови натижалари қонун талаби асосида жамоатчиликка эълон қилинган. Бу борада ўтказилган судларнинг барчасида Марказий Сайлов Комиссияси фойдасига ҳукм чиқарилган.

Шунинг учун ҳам амалдаги парламент 23 июлда ўтказилишини эълон қилган президентлик сайлови ҳам қонуний ҳисобланади, деди Абдужапар Бегматов.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар эса бу мавзуда гапирар эканлар, 2007 йилдаги парламент сайловида Марказий Сайлов Комиссиясига раҳбарлик қилган Клара Қабилованинг хорижий давлатлардан бирига бошпана излаб кетгани ва у ердан туриб ўзига нисбатан босимлар ўтказилгани тўғрисида берган баёнотини эсга оладилар.

Айрим сиёсатшуносларга кўра, Клара Қабилованинг бу баёноти Қирғизистондаги парламент сайловлари холис ўтганини шубҳа остига қўяди.

Қирғизистон хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов ҳам мана шу фикрларга қўшилишини айтаркан, нодавлат ташкилотларининг президент ва судга қўйган талаблари маънавий жиҳатдан тўғри бўлган, деб ҳисоблайди. Ниёзов нодавлат ташкилотларининг бу галги талаби ҳам эътиборсиз қолдирилишини айтади:

- Ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсадида сайлов қонунбузарликлар билан ўтказилади. Агар халқ норозилик билдирса, бу норозилик куч билан бостирилади.

Амалдаги ҳукуматнинг бундан бошқа чораси йўқ, чунки бу ҳукуматнинг рейтинги жуда тушиб кетган, дейди Мирослав Ниёзов.
XS
SM
MD
LG