Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:41

“18 га кирмаган… келин бўлмасин”


Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси вакилалари қизларнинг эрта турмушга узатишнинг салбий жиҳатлари кўплигини таъкидламоқдалар.
Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси вакилалари қизларнинг эрта турмушга узатишнинг салбий жиҳатлари кўплигини таъкидламоқдалар.

Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси мамлакат расмийларига мурожаат этиб, қизларнинг турмушга чиқиш ёшини 17 ёш эмас, балки 18 ёш қилиб белгилаб беришни сўради.

Тожикистон хотин-қизлар қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги тўрт ой давомида бу мамлакатда бир ярим мингдан зиёд оила бузилган.

Мамлакатда ажралиш ҳолларининг кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирган қўмита масъуллари бунинг сабабини “қизларнинг эрта турмушга чиқарилаётганида”, деб билади.

Қўмита раисаси Хайринисо Мавлонованинг билдиришича, жорий йилда ажралишлар ўтган йилга нисбатан қарийб 7% га кўпайган.

Жорий қонунларга мувофиқ, Тожикистонда 17 ёшга тўлган қиз турмушга чиқа олади. Аммо истисно тарзида баъзан 16 ёшли қиз ҳам турмуш қуриши мумкин.

Хайринисо Мавлоновага кўра, республиканинг чекка қишлоқларида аксарият қизлар ўрта мактабни тугатмаёқ оилали бўладилар.

- Қизларнинг билим-савиясини кўтариш ва соғлом оила барпо қилиш мақсадида қизлар 17 ёшда эмас, балки 18 ёшда турмуш қуришлари керак. Худди шундай таклиф билан расмийларга мурожаат этдик, дейди Мавлонова.

Душанбелик Ҳилол ая хотин-қизлар қўмитаси раиси таклифини мамлакат расмийлари эътиборга олиши зарур, дея мулоҳаза билдиради.

- Қизларни ўқитиш, роса ўқитиш керак. Мана, биз яхши ўқимаганмиз учун бозорда яхши савдо қилолмаймиз, нонимизни топиб ея олмаймиз. Бундан пушаймонман. Ўзимдан жуда хафаман эрта эрга текканим учун.

Қиз 20 ёшдан кейин турмушга чиқса, оилани эплаб кетади. Мана, ўзимнинг жияним ёш эрга тегди, боласини боқа олмайди, онаси бориб ёрдамлашади, қачонгача шундай яшайди, дейди Ҳилол ая.

Аммо ўзини Қурбонали деб таништирган бошқа бир суҳбатдошимиз бу фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, қизларнинг турмушни эплаб кетиши унинг ёшига эмас, балки уларнинг оилада олган тарбиясига боғлиқ.

- Мана, мен қизимни 15 ёшда эрга бердим. 13 йил бўлди, Наманганда яшаяпти. На у кела олади, на биз бораоламиз, ўзи билан ўзи яшаяпти бир яхши.

Ҳозир 7 фарзанди бор. Икки эгизакни катта қилди ўзи. Таржибамдан келиб чиққан ҳолда, қиз 15 ёшда ҳам турмуш қуриши мумкин, деб ўйлайман, дейди Қурбонали ота.

Ҳалимахон ая бундан 11 йил аввал Ўзбекистоннинг Фарғонасидан Тожикистонга кўчиб келган экан. У Тожикистонда қизлар ҳақиқатдан ҳам жуда эрта турмуш қуриб, тез орада ажралаётгани ташвишланарли ҳол эканини айтади.

- Шуни билиб туриб ҳам ёш бериб қўяяпти, ажрим кўп бўлаяпти. Ҳай, катта ёшдаги қизлар сал тушунади.

Кейин қизларни ўқитиш керак. Масалан, Ўзбекистонда йигитлар кўпроқ дипломли қизларни олишади “ўқимишли, тушунган” деб. Энг муҳими, қизларни эрга бераётиб зоти, насл-насабини ҳам суриштириш керак, дейди Ҳалимахон.

Душанбелик Нодирахон эса гап қизларнинг ёшида ёки наслида эмас, гап катталарда, яъни қайнона ва қайнотада, деган фикрда.

- Менинг икки келиним бор. Иккаласини ҳам 18 ёшда олганман. Билмаганларини ўргатаман. Уйим тоза, рўзғоримни олиб боришаяпти. Ўзим ҳам жуда ёш турмуш қурган эдим, қайнонам роса азоб берган менга.

Эримга мени хўб урдирарди. Эрим устимга хотин ҳам олди. Ёшларнинг тинч яшаши катталарнинг қўлида, дейди Нодирахон.

Маҳбубахон ўғлига келин ахтараётганини айтади.

- Ҳозир йигитлар “ёшини оламан”, деб туриб олишади. “Каттасига уйланмайман”, дейди. Мен эса ёш келин хоҳламайман, дейди бўлғуси келиннинг ёши тўғрисида ўғли билан муросага кела олмаётган Маҳбубахон.

Ардашер исмли суҳбатдошимиз ҳозирги йигитлар ёшроқ қизларга уйланишни кўпроқ исташларини айтади.

- Менга шу 17 га кирган қиз маъқул. 19-20 ёшда қизларнинг ёши ўтган бўлади-да, дейди Ардашер.

“Ёш, чиройли келин уй-рўзғор ишларини бажаришнинг уддасидан чиқадими?” сўраймиз Ардашердан.

- Ҳа, энди келиб ўрганади-да. Бувамлар ўргатадилар. Энди у ҳам қизлари ҳисобланади-ку, дея жавоб берди бўлғуси куёв бола.

17 ёшли суҳбатдошимиз Райҳон турмуш қуриш ихтиёри ўзида эмас, балки ота - онасида эканини айтади:

- Бизда ихтиёр йўқ, ота-онамизда ихтиёр. Берса тегамиз, нима қиламиз бошқа. Отамизнинг раъйини қайтара олмаймиз-ку, дейди Райҳона.

21 ёшдаги Фотима ҳам 9-синфни битиргач, ота-она раъйига қараб, турмуш қурган, аммо унинг жуда қисқа фурсатда оиласи бузилган экан.

- Ота-она кўпроқ қизини обрў билан эрга бериб олишни ўйлайди. Кейин қийналасанми, тажрибанг етадими-йўқми - у ёғи билан ишлари йўқ.

Қизни турмушга бериш уни бошидан соқит қилиш бўлмаслиги керак. У ҳамма томонлама ҳаётга тайёр бўлиши зарур.

Масалан, мен 16 ёшда биринчи фарзандимни туғдим. Уни қандай йўргаклашни билмасдим ҳатто. Чунки мен ўзим гўдак эдим ҳали.

Кўп азоб чекдим. Ниҳоят, чидамадим, ажралиб келдим, дейди умидсиз оҳангда Фотима.

Фотиманинг фикрича, турмуш қурмоқчи бўлган ҳар бир қиз қачон ва ким билан турмуш қуришини ўзи ҳал қилиши шарт, чунки бу умр савдоси.
XS
SM
MD
LG