Линклар

Туя биттанга - қани биттанга?..


Тошкентда аввалдан ҳовли-жойлар кўп қаватли уйлардаги квартираларга қараганда қимматроқ туради. Тошкентликларнинг гувоҳлик беришларича, шу кунда пойтахтдаги ҳовли-жойлар нархи 50 минг доллардан 1 миллион долларгача етади

Тошкентда аввалдан ҳовли-жойлар кўп қаватли уйлардаги квартираларга қараганда қимматроқ туради. Тошкентликларнинг гувоҳлик беришларича, шу кунда пойтахтдаги ҳовли-жойлар нархи 50 минг доллардан 1 миллион долларгача етади

Тошкент шаҳрида уй-жой баҳоси ҳар ойда 7-8 фоизга арзонлаётганига қарамай, бу нарх ҳали оддий ўзбекистонликлар уй харид қила оладиган даражага тушгани йўқ.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи Avesta Research таҳлил маркази тадқиқотлари натижасида Тошкентдаги уй-жойлар баҳоси ойига ўртача 7-8 фоизга арзонлаётгани аниқланган.

- Тошкентдаги турар-жойлар нархи ўтган йилнинг март ойида бизнинг кўрсаткичлар бўйича бир квадрат метрга 462,5 АҚШ долларини ташкил қилди. Бир квадрат метр учун таклиф этилаётган нарх эса ўртача 570,4 долларга тенг, дейди таҳлил маркази ходимаси.

Avesta Research тадқиқотларидан маълум бўлишича, жорий йилнинг январ ойида бир квадрат метр турар жой баҳоси 671 доллар, февралда 622 доллар, ўтган йилнинг декабр ойида эса 725 долларга тўғри келган.

Иқтисодчи Комрон Алиев уй-жойлар нархининг пасайишини молиявий инқироз билан боғлайди.

- Ҳозир халқаро кризис бошланганлиги сабаби билан бошқа мамлакатларнинг ҳаммасида ҳам, биринчи навбатда, уй-жойларнинг нархи тушиб кетган.

Бизда ҳам айни сабаб билан, бундан ташқари, мардикорлардан келаëтган пулларнинг кескин камайиб кетиши натижасида уй-жой оладиганларнинг сони камайиб кетди. Натижада уйларнинг нархи икки бараваргача камайиб кетди, дейди Комрон Алиев.

Бироқ молиявий инқироз Тошкент марказидаги уйлар нархига таъсир этмаётган кўринади.

Таҳлил маркази маълумотларида қайд этилишича, Тошкентнинг Яккасарой ва Миробод каби марказий туманларига нархлар тушиши таъсир этмаяпти. Ушбу туманларда бир квадрат метр турар-жой баҳоси 2000 долларгача экан.

Таҳлил маркази ходимасига кўра, Тошкент шаҳридаги бир хонали уйларнинг нархи йигирма минг долларгача.

Тошкент шаҳрида яшовчи Саломат опага кўра, уйлар нархи арзонлаган бўлса-да, уй харид қилиш оддий аҳоли чўнтагига тўғри келмаяпти.

Саломат опанинг ўзи икки ўғли билан Тошкент шаҳри Ҳамза туманидаги кўп қаватли уйлардан биридаги икки хонали квартирада яшаяпти.

Саломат опага кўра, уй муаммоси боис катта ўғлининг уйланиши орқага сурилаяпти.

- Катта ўғлим ëзда 25 ëшга тўлади. Олдимизда уйлантириш муаммоси турибди. Уйлантирамиз десак¸ икки хона торлик қилади. 25 ëшга кирган бўлса ҳам бир-икки йил кутиб турамиз, деб турибмиз.

Уй олиш учун пул ажрата олмайман. Ҳозир фақат ейиш-ичишни эплаб турибмиз. Болаларни катта қилиш ҳеч нарса эмас-ку¸ лекин катта бўлгандан кейин уй-жой муаммоси кўндаланг турар экан, дейди куйиниб Саломат опа.

Ўқитувчи Улуғбек Усмоновга кўра, мамлакатдаги зиёли қатлам вакилларининг ҳам уй харид қилишга имкони етмайди.

- Ҳозир уй-жой муаммоси ҳақиқатда жуда долзарб масала. Мустақилликдан бери собиқ Иттифоқ давридагидай уйлар қурилиб одамларга берилмай қўйди-ку.

Оддий одам 20-25 минг долларни 10 йилнинг ичида ҳам йиға олмайди, деб ўйлайман. Масалан, оилада 2-3 киши ишласа¸ уларнинг ойлиги ҳам 250-300 минг орасида бўлса¸ бир ойда 600 минг бўлади дейлик. Ҳозир 500-600 минг сўмни оилалар фақат озиқ-овқатига ишлатади.

Ҳозир бу ëққа сал пул ташлаб квартира олиш у ёқда турсин телевизор¸ холодилник олишга ҳам одамларда имконият йўқ, дейди Улуғбек Усмонов.

Лекин имконини қилиб бугунги кунда ҳам уй харид қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Avesta Research таҳлил маркази ходимасига кўра, Тошкентда уйга харидор бор, лекин уларнинг сони бўйича аниқ маълумот йўқ.

- Талабнинг қанчалиги номаълум. Лекин таклиф борасида аниқ маълумотга эгамиз. Ҳар ойда ўртача саккиз минг квартира сотувга қўйилади. Бироқ улардан қанчаси сотилаётганини билмаймиз, деди таҳлил марказ ходимаси.

Комрон Алиев эса молиявий бўҳрон пайтида ҳам харид қилиш имконига эга бўлган харидорларни санайди.

- Тошкентдаги уй-жойларни, асосан, вилоятлардаги куч ишлатар тизимларда, прокуратурада ишлайдиган, судда ишлайдиган, ҳокимликда ишлайдиганлар, йирикроқ базаларнинг хўжайинлари, умуман, криминал пуллардан, пора ҳисобидан даромад қиладиган одамлар сотиб олаяпти, дейди Комрон Алиев.

Маълумки, сўнгги икки-уч йил мобайнида Тошкент бозорида уй-жойлар баҳосининг барқарор суръатда кўтарилиши кузатилганди. Масалан, 2007 йилнинг ўзида турар-жой бозоридаги нарх 58 фоизга кўтарилганди.
XS
SM
MD
LG