Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:19

"Ҳукумат билан судлашаман"


Жаҳондаги нуфузли ташкилотлар ва лидер аёллар қўлидан мукофот олган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистон матбуоти жамоатчилик олдида обрўсизлантиришга уринмоқда.
Жаҳондаги нуфузли ташкилотлар ва лидер аёллар қўлидан мукофот олган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистон матбуоти жамоатчилик олдида обрўсизлантиришга уринмоқда.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълум қилишларича, вилоят газеталари Мўътабар Тожибоевани қоралаш кампаниясини бошлаб юборганлар. Аммо бу хабар марғилонлик ҳуқуқ фаолининг руҳини туширгани йўқ.

Фарғона вилоятининг икки марказий нашрида марғилонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоевани қораловчи мақолалар чоп этилмоқда.

“Фарғона ҳақиқати” ҳамда “Ферганская правда” газеталарида Айдин Гударзи деб имзо чеккан муаллифнинг “Бош айлантирувчиларнинг асл мақсадлари” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Мақолада ҳуқуқ фаоли ўзбек расмийлари томонидан 2005 йил Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган акромийлар билан алоқадорликда айбланган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Ғанихон Маматхонов мақоладан парча ўқиб берди.

“Нима учун мен Тожибоевани Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси¸ қаҳрамон дея атай олмайман? Чунки 2005 йилги Андижон воқеалари тергов ишлари материалларидан унинг акромийлар ҳаракати билан алоқаларини олиб ташлаб бўлмайди. Бугунги кунда бу алоқалардан кўпчилик хабардор эмас.

Оператив суриштирув ишлари жараëнида 74-93-57 рақамли телефонда қилинган суҳбатлар К.Шарипов ва Тожибоевалар орасида аëлларни юқори акцияларга жалб этиш борасида муносабатлар қилинганини кўрсатади. Мавзуни яна давом эттириш мумкин”.

Ғанихон Маматхонов фикрича, Фарғона вилояти марказий нашрларида бундай мақолаларнинг чоп этилиши бежиз эмас.

- Бу газеталарнинг учта сонида кетма-кет кетган. Русчаси жуда катта матнда кетган. Уни ўзбекчага таржима қилиб чиқаришаяпти. "Давоми бор" деб ëзиб қўйибди.

Қўрқаяпманки¸ Мўътабар Ўзбекистонга қайтиб келадиган бўлса¸ уни қамоқ жазоси кутаяпти. Мен шуни Мўътабарга етказиб қўйишни лозим топдим. Чунки у Ўзбекисонга келса¸ уни яна қамашади, деди Озодлик билан суҳбатда фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Ғанихон Маматхонов.

Шу вилоятдаги яна бир инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ва бу нашрлардан хабари борилигини айтар экан, “Менимча¸ обрўсизлантириш мақсадида қилинаëтган иш бўлса керак”, деди.

Эслатиш жоиз, худди шу муаллиф - Айдин Гударзининг Мўътабар Тожибоева ҳақидаги танқидий мақоласи шу йилнинг март ойи бошларида Ўзбекистон марказий нашрларида ҳам чоп этилган эди.

Эндиликда бундай мақолаларнинг Мўътабар Тожибоева туғилиб ўсган вилоятдаги марказий нашрларда чоп этилиши ва бу мақолаларда Тожибоевага қўйилган айблов юзасидан биз яна ҳуқуқ фаолига боғландик.

Шу кунларда Мўътабар Тожибоева Францияда, тиббий муолажа олмоқда. Фарғонада уни қораловчи мақолалар чоп этилаётганини эшитиб, Тожибоева хурсанд бўлди.

- Мана шу хабар мени хурсанд қилди. Мен шу хабарни эшитганимдан кейин дунë журналистларига мурожаат қилишга қарор қилдим. Мен улардан журналистик суриштирув ўтказишларини илтимос қилмоқчиман. Сабаби менинг қўлимда ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар бор. Андижон воқеалари билан алоқадор, ҳукуматнинг Андижон воқеаларида қўли борлиги тўғрисидаги ҳужжатлар қўлимда етарлича мавжуд¸ деди Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистон тақдирига қизиққан дунё журналистларини ўз қўлида мавжуд ҳужжатлар ёрдамида Андижон воқеалари юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган Мўътабар Тожибоева бу фожеанинг асл айбдори ҳукумат, деган фикрини яна бир бор такрорлади.

- Айдин Гударзини асос қилиб туриб, мен ҳукумат билан албатта судлашаман. Андижон фожеаларига Ўзбекистон ҳукумати мансабдорлари айбдор эканлигини исботлаб бераман. Менда бу кураш учун куч-қувват етарли.

Унгача дунëдаги барча журналистлар қўлимдаги ҳужжатлар билан танишиб чиқиш имконига эга бўлишади ва бизнинг ҳукуматнинг айбини фош қилувчи мақолалар ëзишади, деб ишонаман, дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева.

Фарғонада “Ўтюраклар” клубини очиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган Мўътабар Тожибоева шу фаолияти учун 2 йилу 8 ой қамоқ жазосини ўтаган.

Кейинчалик у халқаро ҳамжамият босими остида қамоқдан озод қилинди. Ўзбекистонда қамоқ жазоси билан тақдирланган фаолият учун Мўътабар Тожибоева хорижда бир қатор нуфузли мукофотлар олди.

Мўътабар Тожибоева 2008 йилда халқаро Мартин Энналс мукофоти ва Франциянинг “Озодлик, тенглик, биродарлик” мукофоти билан тақдирланди.

Шу йил март ойида эса у АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёллар... Узоқни кўзловчи аёл” мукофотига сазовор бўлди. Мўътабар Тожибоевага мазкур мукофотни АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон хонимнинг шахсан ўзи тақдим қилган эди.
XS
SM
MD
LG