Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:53

12 миллиард долларлик бизнес


Жаҳонда қулдорлик тузуми неча юз йиллар аввал бекор қилинганига қарамай, қулдорликнинг янгича шакл ва унсурлари XXI асрда ҳам учраб турибди.
Жаҳонда қулдорлик тузуми неча юз йиллар аввал бекор қилинганига қарамай, қулдорликнинг янгича шакл ва унсурлари XXI асрда ҳам учраб турибди.

ШҲТга аъзо давлатлар расмийлари одам савдосига қарши астойдил курашаётганларини айтаётган бўлсалар-да, ташкилотга аъзо давлатлар фуқаролари, хусусан, ўзбекларнинг асоратга тушиш ҳолатлари камаймаяпти.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда одам савдосидан тушадиган пул йилига 12 миллиард долларни ташкил қилади. Бу маълумотни Ўзбекистон республикаси бош прокурори Рашиджон Қодиров номи зикр этилган ташкилотга аъзо давлатлар бош прокурорларининг 13 апрель куни Москвада бўлиб ўтган 7-мажлисида очиқлади.

Учрашув тўғрисида хабар берган Регнум агентлигига кўра, ШҲТ бош прокурорларининг учрашувида одам савдосига қарши халқаро уринишларни мувофиқлаштириш тўғрисида сўз борган.

ШҲТ прокурорларининг Москва учрашуви одам савдосининг янги мавсуми авжига чиққан кунларга тўғри келди.

Жаҳон меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили 1 миллион 200 минг киши одам савдоси қурбони бўлади.

Бу улкан рақамнинг кичик бир қисми – тақрибан 300 киши Россиянинг Волгоград область, Биков районига тўғри келади.

Ўша ерда ишлаб юрган Ҳусниддин исмли йигитнинг айтишича, Биков тумани далаларида камида 500 ўзбекистонлик – асосан сурхондарёликлар меҳнат қилади.

Уларнинг ярмидан кўпи одам савдоси қурбонларидир.

- Сурхондарëлик бир аëл киши Сурхондарëдан ўзбек болаларини олиб келибди. Ҳар бир одамни корейсларга 200 доллардан топширибди¸ деган эди Ҳусниддин.

Биз Ҳусниддиндан савдонинг қандай йўлга қўйилганини ўрганишни илтимос қилган эдик. У сўраб-суриштириб, билганларини айтиб берди.

- Олиб келишдан олдин рўйхати бўлади. Биттасига бешта¸ биттасига тўртта¸ биттасига ўнта.

Озодлик: Демак, буюртма олади.

Ҳусниддин: Буюртмани бу ердан олиб, кейин керагича одамни олиб келаверади.

Озодлик: Буюртма оладиган аëллар ўзбекистонлик аëлларми?

Ҳусниддин: Ҳа.

Озодлик: Одамни олиб келди. Кейин нима бўлади?

Ҳусниддин: Ичида одамлари билан автобус маълум бир жойда тўхтайди. Кейин одамларни олиб келган шахс ўша буюртмачиларга телефон қилиб, "мен одамларингни олиб келдим", деб айтади. Буюртмачилар уларни олиб кетишади ва капаларга олиб бориб жойлаштириб, ишга солиб юборишади.

Озодлик: Олиб келгандан кейин буюртмачилар келиб, олиб келган одамга пул беришадими?

Ҳусниддин: Ҳа. У бу ерда шартнома қилиб кетган бўлади. Келган одамлар сотилганини ҳам билмайди. Уйга кетмоқчи бўлган пайтдагина сотилганини билади.

Озодлик: Шу кунларда битта одам неча пулдан сотилди?

Ҳусниддин: Битта одам ҳозир 200 доллар.


Суриштириб борсангиз, одам савдоси қурбонларининг товарга айланганини исботлай олмаслигингиз ҳам мумкин. Чунки...

Ҳусниддин: Ҳужжат қилишади. Улар қонунни бузмаган ҳолда ҳужжат қилишади. Ишга рухсатнома¸ прописка деган нарсаларни қилишади.

Озодлик: Бу одамлар Волгоградда далада ишлайдими?

Ҳусниддин: Ҳа¸ фақат деҳқончилик қилади.

Озодлик: Олти ëки саккиз ой деҳқончилик қилди. Ҳақ олиш вақти келди.

Ҳусниддин: Ойлик 5000-6000 рубль. Лекин улар "уйга кетаëтганда берамиз", деб шартнома қилиб олишади. Деҳқончилик яхши бўлмай қолса¸ "деҳқончилик куйди", деб пулни бермай¸ қўлига йўлкирасини бериб¸ секин кузатиб ҳам қўяверишади.

Бундай олиб қараганда, қулликнинг ўзи бу. 5000 рубль учун ўзбек бечора эрталабдан кечгача тиним билмайди. Оғзини очадиган бўлса¸ керак бўлса, “катта холангни уйимас бу”, деб айлантириб солишади.

Озодлик: Сиз буни Волгограднинг битта тумани ëки шаҳри мисолида гапираяпсизми ëки..

Ҳусниддин: Мен битта туманимни гапираяпман, холос.

Озодлик: Қайси туман?

Ҳусниддин: Биков тумани.


Шуниси қизиқки, ўзбекистонликларни арзон-гаровга сотиб олиб, деярли текинга ишлатаётган иш берувчилар ҳам аслида ўзбекистонликлардир. Ўзбекистонлик корейс ва турклардир.

Ҳусниддин: 1989 йилда Фарғонада ўзбек-турк уруши бўлган эди-ку. Шу пайтда турклар бу ëққа келиб қолганда.

Озодлик: Улар иш берувчиларми?

Ҳусниддин: Ҳа¸ улар ҳозир иш берувчи бу ерда. Улар маҳаллий халқ бўлиб қолган. Яна Ўзбекистондан келган ўзимизнинг корейслар ҳам иш берувчи.


Одам савдоси муаммосига республика бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда катта эътибор берилмоқда.

- Хабарингиз борки¸ бутун халқаро ҳамжамият бу трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг энг даҳшатли кўриниши бўлган одам савдосига қарши курашаяпти.

БМТ шунга яраша халқаро конвенция ҳам қабул қилган. Ўзбекистон шу конвенцияни ратификация қилиб¸ шу конвенцияда акс эттирилган норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплиментация қилиш мақсадида 2008 йил 17 апрел куни парламент томонидан одам савдосига қарши курашиш тўғрисида қонун қабул қилинган.

Шу қонунга биноан президентимиз томонидан 8 июл куни тегишли қарор ҳам қабул қилинган. Шу қарорга биноан одам савдосига қарши курашувчи республика идоралараро қўшма комиссия ҳам тузилган. Комиссиянинг таркиби тасдиқланган.

Комиссиянинг миллий ҳаракат режаси ҳам тасдиқланиб¸ 2008-2010 йилларга мўлжалланган иш режаси асосида жуда катта ишлар олиб борилаяпти¸ деди Светлана Ортиқова.

ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорлари Москва учрашувида Ўзбекистон прокурори "ташкилотга аъзо давлатларда одам савдосидан тушадиган пул йилига 12 миллиард долларни ташкил қилади", деганини боя айтган эдик. "Бу пулнинг қанча қисми ўзбекистонлик одамфурушлар ҳиссасига тўғри келади?" деб сўрадик матбуот котибидан.

- Йўқ¸ менда унақа рақам йўқ.

Озодлик: Охирги савол. Мен ҳозиргина Волгоградда ишлайдиган битта йигит билан гаплашдим. Волгограднинг Биков туманида 500 та ўзбекистонлик¸ асосан сурхондарëликлар ишлар экан. Уларнинг 300 таси Волгоградга олиб бориб сотилганлар экан. Нимадир ëрдам....

- Жаноб мухбир¸ биласизми¸ ҳар битта рақам текшириб кўрилиши керак¸ албатта. Қайсидир бир фуқаромиз ноқонуний йўл орқали¸ бир фирибгарнинг¸ жиноятчининг ëки одам савдогарининг қўлига тушиб¸ хорижга кетган бўлса¸ у албатта Ўзбекистоннинг ҳимоясидадир.

Бу ўзимизнинг асосий қонунимизда ҳам¸ одам савдосига қарши кураш тўғрисидаги қонунимизда ҳам белгилаб берилган. Ҳар битта фуқаромизнинг ҳимоясига қаратилган анча чора-тадбирларни қиламиз. Бир қанчасининг хориждан ватанига қайтишига ҳаракатлар қилинаяпти.

Сиз айтган рақамларни албатта текшириш керак. Россия прокуратураси ва бизнинг Бош прокуратура ўртасидаги шартномага асосан ўша нарса текширилади.

Жабрдийдалар ва ноқонуний йўллар билан хорижга кетганлар бўлса¸ улар ватанга қайтарилади¸ уларга ижтимоий¸ ҳуқуқий¸ руҳий¸ моддий ëрдам кўрсатилади. Тиббий ëрдам бериш учун ҳатто тиббий марказлар ҳам қурилган. Марказларда тегишли мутахассислар ишлаяпти¸ деди Светлана Ортиқова.
XS
SM
MD
LG