Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Қувур портлаши муносабатни совутди


Ўтган ой охирида Москвада ўзаро илтифот алмашган Турманистон ва Россия расмийлари эндиликда бир-бирларини айблашга тушдилар.
Ўтган ой охирида Москвада ўзаро илтифот алмашган Турманистон ва Россия расмийлари эндиликда бир-бирларини айблашга тушдилар.

Шу пайтгача илиқ бўлиб келган Туркманистон-Россия муносабатлари ўтган ҳафта газ қувури портлаганидан кейин таранглашди. Авария учун икки давлат бир-бирини айблади.

9 апрел куни Туркманистонни Россия билан боғловчи Марказий Осиё-Марказ-4 газ қувурида портлаш содир бўлди.

Туркманистон авария учун дарҳол Россиянинг "Газпром" ширкатини айблади. Туркман расмийлари фикрича, Газпромга қарашли Газпромэкспорт аввалдан огоҳлантирмай, газ олиш ҳажмини камайтиргани учун авария юз берган.

Шу куни "Вести" телеканалида чиқиш қилган Россия Фанлар академиясининг Нефт ва газ институти директори Анатолий Дмитриевский воқеани шарҳлар экан¸ ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган Туркманистондаги газ қувурлари эскириб қолгани учун портлаш содир бўлганини айтди.

Эртаси кун Туркманистон ҳукуматига қарашли интернет сайтида Дмитриевскийнинг шарҳи ҳақиқатдан йироқ экани билдирилиб, у инкор қилинди.

Газ қувури портлашига нима сабаб бўлишидан қатъий назар, Туркманистондан Россияга газ узатиш тўхтаб қолди.

Таҳлилчилар бу воқеага муносабат билдирмоқда.

Майкл Лобш Бонн шаҳридаги Марказий Осиё бўйича мутахассис. Унинг фикрича, Туркманистон Москва билан тортишиш орқали Россияга қарши турганини Ғарбга ишора қилаётган бўлиши мумкин.

- Ҳозирда икки давлат ўртасидаги муносабат бир оз муаммога дуч келди, дейиш мумкин. Бу Туркманистон ҳукуматининг мамлакат энди кучли бўлгани ва Кремл билан курашишни хоҳлаётганини Ғарбга кўрсатиш учун ўзининг маятник сиёсатини ўйнаётганига одатий ишора бўлиши мумкин, дейди Майкл Лобш.

Туркманистон-Россия муносабатларининг бирдан совуқлаша бошлаганига бошқа қатор сабаблар ҳам борлиги айтилмоқда.

Хусусан, 6 апрел куни Россия Энергетика вазири Сергей Шматко Туркманистон президентининг март ойида Москвага ташрифидан кейин яна учрашувлар ўтказиш муддати белгиланмаганидан афсусланиш билдирган.

“Коммерсант” газетасининг 13 апрель кунги сонида эса газ қувурида авария юз берганидан кейин Ашхобод ўз позициясини мустаҳкамлагани ва қувур портлагани масаласи 23 – 24 апрель кунлари “Транзит энергия қувурларининг ишончли ва барқарорлиги” мавзуида Туркманистонда ўтказиладиган анжуманда бу масала ҳам муҳокама қилиниши мумкинлигини ёзди.

Бу мавзу “Набукко” лойиҳаси хусусида 7 май куни Прага шаҳрида ўтказиладиган анжуманда ҳам муҳокама этилиши мумкинлиги айтилмоқда.

14 апрел куни “Время новостей” нашри газ қувурида портлаш содир бўлгани Газпром манфаатига хизмат қилишини, боиси Газпромнинг Марказий Осиё гази учун “Европа нархларида ҳақ тўлаши” нотўғри бўлганини ёзди.

Маълумки, Газпром газ нархлари кўтарилаётган пайтда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон газини "Европа нархлари"да сотиб олиш ҳақида келишувлар имзолаган эди. Газ нархи пасайган сари унга бўлган талаб, жумладан, Европанинг эҳтиёжи ҳам камаймоқда. Ўз навбатида, бу Газпромга Марказий Осиёдан олаётган газни ўзлаштиришда муаммо яратмоқда.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов газ қувуридаги авария учун Газпромни айблади:

- Бизнингча, Туркманистон-Россия газ қувуридаги узилиш ички тартибсизлик эмас¸ балки ташқи омиллар натижасида содир бўлган. Нима учун мен бундай деяпман? Чунки Россиянинг Газпром компанияси қувурлар эскиргани ва босим сабабли портлаш юз бергани ҳақида Россиядаги ахборот воситаларида нотўғри маълумотлар тарқатиб¸ ўзининг техник хатосини рад қилмоқда, деди Туркманистон раҳбари.

Бердимуҳаммедов Нефт ва газ бўйича бош вазир ўринбосари Тачберди Тагиевга Газпром расмийлари билан учрашишга буйруқ берган.

- Тагиев, мен сиздан Газпром билан музокара ўтказишни сўрайман. Газпром айбини бўйнига олмаса, портлаш сабабини аниқлаш учун мустақил экспертларни таклиф қиламиз.

Агар биз айбдор бўлсак, бузилган қувурларни биз тузатамиз. Агар Газпром айбдор бўлса, бузилган газ қувурларини тузатиш учун Газпром Туркманистонга пул тўлайди, деди президент Бердимуҳаммедов.

Портлаш содир бўлган куни Туркманистон ҳукумати авария оқибатларини бартараф қилиш учун икки-уч кун керак бўлишини айтган эди.

Аммо Россия ва Газпром билан тортишувлар давом этар экан¸ авария пайтида ишдан чиққан ускуналар тузатилгани маълум қилингани йўқ. Ҳозирча икки томон авария учун маъсулиятни бошқа томон ўз зиммасига олишини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG