Линклар

Бўҳронга қарши курашнинг ўзбекча йўли

  • Фаррух Юсуфий

Глобал молиявий бўҳроннинг салбий оқибатлари Ўзбекистондаги мардикор бозорларида ҳам акс эта бошлади.

Глобал молиявий бўҳроннинг салбий оқибатлари Ўзбекистондаги мардикор бозорларида ҳам акс эта бошлади.

Кейинги ҳафталарда глобал иқтисодий бўҳрон туфайли ҳам жаҳон иқтисоди, ҳам Ўзбекистон иқтисодига оид муҳим воқеалар рўй бергани боис бу гал ҳам молиявий инқироз хусусида сўз юритамиз.

Кейинги ҳафталарда глобал иқтисодий бўҳрон туфайли ҳам жаҳон иқтисоди, ҳам Ўзбекистон иқтисодига оид муҳим воқеалар рўй бергани боис бу гал ҳам молиявий инқироз хусусида сўз юритамиз.

Халқаро молиявий бўҳронни бартараф этишга оид халқаро аҳамиятга молик воқеа ой бошида Лондонда Катта йигирмалик саммитининг ўтказилгани бўлди.

Дунё иқтисодининг 85 фоизини ташкил қилувчи 20 давлат раҳбарлари икки кун давомида жар ёқасига келиб қолган жаҳон иқтисодини қутқариш чоралари устида бош қотирди.

Лондон саммити ҳақида ўша кунлари хўп ва кўп гапирганимиз учун бу мавзуга тўхталиб ўтирмаймиз.

Айни пайтда, камина таътилдалигида, Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро молиявий бўҳроннинг мамлакат иқтисоди учун оқибатларини камайтириш, кези келса¸ уларнинг олдини олишга оид чора-тадбирлари ҳам давом этди.

Ўзбекистон матбуотида берилаётган хабарлар ёхуд республикада ўтказилаётган расмий тадбирларда айтилаётган гапларга ишонадиган бўлсак, бу чора-тадбирлар Катта йигирмалик давлатлари кўраётган муштарак чоралардан кўра самаралироқдир.

Масалан, ўтган ҳафта Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясининг Тошкент филиалида “XXII халқаро плехановхонлик” илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА агентлигига кўра, анжуманда чиқиш қилган Г. Плеханов академиясининг профессори Қ. Абдураҳмонов президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон молиявий инқирози шароитида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидлаган.

Профессор буни плехановхонлик иштирокчиларига президент қаламига мансуб “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли асари мисолида исботлаб ҳам берган. Ҳар қалай ЎзА агентлигининг хабарида шундай дейилади.

Шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб таълим муассасаларию, давлат идораларида қизғин муҳокама қилинаётган асардан ташқари президент Каримов, бўҳронга қарши чора сифатида, иккита банк ташкил этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, иккита банкнинг номини ўзгартирди президент.

30 март куни эълон қилинган фармонларга кўра, “Пахта-банк” бундан эътиборан “Агро-банк”, “Ғалла-банк” эса “Қишлоқ қурилиш банки” деб юритиладиган бўлди.

Собиқ “Пахта-банк”, эндиликда “Агро-банк”нинг мутасаддиси бу президентнинг қарори халқаро молиявий бўҳронни бартараф қилиш, пировардида ўзбекистонликлар турмушини янада фаровонлаштиришнинг энг самарали чораси эканига шубҳа қилмайди.
Ўзбекистондаги шароитдан келиб чиқиб, суҳбатдошимизнинг исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрдик.

- Бу қарорларнинг ҳаммаси дунëда юз бераëтган инқирознинг таъсирини камайтириш бўйича бўлаяпти. Инқирознинг Ўзбекистонга таъсирини оптимал даражада қисқартириш бўйича Олий мажлис депутатлари томонидан қабул қилинган қарорлар¸ президентимиз фармонлари ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаяпти.

Пахта-банкни Агро-банкга ўзгартириш тўғрисидаги 1086 сонли қарори ëки “Ғалла-банк”ни “Қишлоқ қурилиш банки” деб ўзгартириш тўғрисидаги қарори банклар системасида кенгроқ имкониятларни яратишга замин яратиб бераяпти.

Озодлик: Агро-банкнинг пайдо бўлиши иқтисодий бўҳрон оқибатларини камайтиришга қандай ҳисса қўшади? Бунинг оддий бир ўзбекистонликка қандай фойдаси бўлади?

- Бу ерда энди¸ юқорида мен айтганларимдан¸ буни бўҳронларнинг таъсирини камайтириш¸ энг асосийси шу. Биринчи галда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш¸ ўзимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш¸ аҳолини иш билан таъминлаш.

Мана шу орқали биз ўзимизнинг аҳолимизнинг молиявий ҳолатини кўпайтириш. Ишсизлар сонини камайтириш орқали биз иқтисодий бўҳроннинг таъсирини енгган ҳисобланамиз¸ деди собиқ “Пахта-банк”, эндиликда “Агро-банк”нинг мутасаддиси.

Тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов “Агробанк”лик ҳамкасбининг фикрига қўшилмайди. Давом этаётган иқтисодий бўҳрон битта банкнинг номини ўзгартириб қўйиш билан ҳал бўладиганлардан эмас, дейди суҳбатдошимиз.

- Банк бизнесида қандайдир тармоқ банкларнинг ташкил қилиниши бу ҳеч қандай самарали тадбир эмас. Банкларни сунъий равишда тармоқ банкларга айлантириш ëки аниқ¸ чегараланган функцияларни бажарадиган агентга айлантириш бу самараси юқори бўлмаган чора¸ дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Лекин, Ҳошимовга кўра, банкларнинг номини ўзгартириш қарори ҳақиқатан ҳам давом этаётган жаҳон молиявий бўҳрони ва унинг Ўзбекистон учун оқибатлари билан билвосита боғлиқ бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, бу қарор бўҳронни бартараф этиш ёки унинг оқибатларини камайтириш мақсадида эмас, бўҳрон шароитида ҳукумат ўтган йилнинг охирида қабул қилган қарорларни зўр бериб бажараётганини кўрсатиш учун, яъни бугун иқтисодий бўҳрон нима эканини ўз турмушида сеза бошлаган ўзбекистонликларга “ҳукумат ҳаммасидан хабардор, ҳукумат сизни эсидан чиқаргани йўқ, кечаю-кундуз сизнинг ғамингизда”, деган тасаввурни шакллантириш мақсадида эълон қилинган бўлиши мумкин.

- Агар эсласангиз¸ 2009 йил “Қишлоқ фаровонлиги йили” деб эълон қилинган дастлабки пайтда¸ дастур тасдиқланган эди. Қишлоқ йили муносабати билан қишлоқ жойларидаги аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш учун махсус банк ташкил қилиш вазифаси топширилган эди.

Шу топшириқни бажариш учун инфраструктурага¸ филиалларга эга бўлган қайсидир банкнинг номини ўзгартириб¸ энг осон йўлдан бора қолишди булар. Бу нарсани улар нолдан бошлай олмайди-ку.

Яъни инфраструктурага эга бўлган бир банкнинг функциясини ўзгартирди, холос. Бошқа ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ, дейди иқтисодчи Ориф Хошимов.

Тошкентлик собиқ ўқитувчи Шавкат ака ҳам Агробанк ходими ёки “XXII халқаро плехановхонлик”да чиқиш қилган профессорнинг гапларига ишонмайди.

- Халққа енгиллик яратилаëтгани тўғрисида ëзаëтган бизнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ишониш жуда қийин. Айнан халқнинг ижтимоий масаласини яхшилаш бўйича мана янги иш жойлар очилди, деб жуда оғиз кўпиртириб гапиришади¸ дейди собиқ ўқитувчи Шавкат ака.

Бугун устачилик қиладиган Шавкат акани Чорсудаги мардикор бозоридан топдик.

- Мардикор бозори одам билан лиқ тўла. Бутун мамлакат бўйича молиявий бўҳроннинг таъсири бўлганми ëки ҳали қурилиш ишлари бошланмаганми¸ буни билмадим-ку¸ лекин бозорда жуда одам кўп. Иш кам. Деярли иш йўқ ҳисоби.

Ҳар куни келиб кетаяпмиз. Ҳозир ҳам мана мардикор бозоридаман. Уч-тўртта оғайнилар билан гаплашиб турибмиз. Иш йўқ. Клиент келмаяпти¸ дейди собиқ ўқитувчи¸ эндиликда устачилик қилаëтган Шавкат ака.

Шавкат ака президент Каримовнинг янги китобини ўқигани йўқ. Лекин мардикор бозорида турганлар сони кўпайганидан мамлакатда ишсизлик ошаётганига фаросати етади.

Бундан бир неча ой аввал халқаро молиявий бўҳрон нима эканини билмаган эдик, бугун унинг оғирини сезиб қолдик, деб давом этади Шавкат ака.

- Ўтган йил яхши эди. Бизлар 8 мартдан кейин секин-аста бозорга чиқа бошлаймиз. Чунки қурилиш ишлари кунлар илиб¸ қорлар эриганидан кейин бошланади. Шу вақтдан бошлаб молиявий инқироз биқинга тепа бошлади. Ўша даврга қандайдир мос келиб қолдик.

Агар молиявий бўҳрон бўлмаганда эди¸ балки 8 мартдан кейин 15-20 мартларда бошланадиган бирорта иш илинтириб¸ ишга бориб тўрт-беш сўм топиб келсак бўларди.

Ишим ўтган йил ноябр ойида тўхтаганидан бери каникул менда. Ҳалигача бирорта иш олганим йўқ. Халқнинг қўлидан пул қочган ҳозир.

Кўп жойларда қурилиш объектларининг тўхтаб қолганини ҳам кўрганмиз, дейди мардикорлик қиладиган собиқ ўқитувчи Шавкат ака.

Айни пайтда, бутун мамлакат бўйлаб, президент Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли янги асарининг муҳокамасига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG