Линклар

Ўзбек расмийларининг сув борасидаги баёнотларига расмий Бишкек ҳозирча жавоб қилмаётган бўлса-да, қирғиз экспертлари бу масалада жамоатчиликка ўз мулоҳазаларини етказишга уринаяптилар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги гидроэнергетик лойиҳаларни Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлари бўлган давлатлар билан келишиб амалга ошириш зарурати борлиги ҳақида баёнотига жавоб бергани йўқ.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, “ҳали Ўзбекистон баёноти вазирликнинг тегишли департаментига етиб келмаган. Тошкент баёноти расман вазирликка топширилгач, Қирғизистоннинг бу баёнотга расмий муносабати эълон қилинади”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёноти мазмуни билан матбуот орқали танишган қирғизистонлик мутахассислар эса бу баёнотга муносабат билдиришни кечиктириб ўтирмадилар.

15 апрел куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон бош вазири собиқ ўринбосари, сув-энергетика муаммолари бўйича халқаро эксперт Бозорбой Мамбетов расмий Тошкент баёноти жиддий асосларга эга эмас, дея фикр билдирди.

- Ҳурматли Каримовга нотўғри маълумотларни беришаяпти. Қамбарота ГЭСи қурилиши минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатмайди.

Қирғизистон 30 йилдан бери Норин дарёсидан Ўзбекистон дарёларига қуйиладиган деярли 13 миллиард кубометр сув миқдорини камайтирган эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қирғизистондан бошланадиган 20 та кичик дарё ва 8 каналдан сув ичади, деди Бозорбой Мамбетов.

Мутахассиснинг айтишича, Амударё ва Сирдарёдаги бир йиллик сув миқдори 100 миллиард кубометрни ташкил этади. Бундан ташқари, бу дарёларга Қирғизистондан яна 40 миллиард кубометр сув келиб қўшилади.

Бозорбой Мамбетов Қамбарота ГЭСининг қурилиши бу сув миқдорининг сезиларли даражада камайишига сабаб бўлмаслигини айтади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон томонини Қирғизистонга сув масаласида қарам бўлиб қолиш хавотирга солмоқда. Чунки Қамбарота ГЭСи қурилиши билан ўз ҳудудида шаклланган сув заҳираларини тўла назорат қила олиш имкониятини қўлга киритадиган Қирғизистонда сувни қўшни давлатларга сотиш масаласи яна кун тартибига чиқиши мумкин.

- Сиёсатчиларнинг сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга литрлаб сотамиз, деган гапи ноўрин.

Тарихан минтақадаги давлатлар Қирғизистонда шаклланган сувни ичиб келганлар, яъни сувнинг табиий ўзани қадим-қадим замонларда пайдо бўлган. Шунинг учун сувни сотиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Лекин халқаро тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, қўшни давлатлар сувни тўплашга ва сақлашга кетган харажатларни Қирғизистонга тўлаб беришлари керак. Бу эса давлатлараро музокараларда ҳал қилинадиган масала, деди Бозорбой Мамбетов.

Қирғизистон Энергетика вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Қамбарота ГЭСини қуриш масаласи Орол денгизини сақлаб қолиш халқаро жамғармасининг апрел ойи охирида Олмаотада ўтадиган саммитида кўтарилиши мумкин.

- Бу йиғилишда барча тарафлар иштирок этади ва у ерда ўтган музокаралар натижасига қараб, бирон нима дейиш мумкин бўлади.

Мазкур йиғилишда Қамбарота ГЭСи қурилиши масаласи кўтарилиши кутилмоқда.

Бу масала муҳокамадан ўтгач, биз ўзимизнинг аниқ позициямизни билдирамиз, деди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Татьяна Онкудович.

Қирғизистон президенти маъмурияти тарқатган маълумотга мувофиқ, Орол масаласи муҳокама қилинадиган Олмаота саммитида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ҳам иштирок этади.
XS
SM
MD
LG