Линклар

Қирғиз депутати ўлдирилди


Қирғизистонлик айрим кузатувчилар фикрича, 33 ёшли депутат Санжар Қидиралиевнинг ўлдирилиши Қирғизистон ҳукуматидаги баъзи тузилмалар жиноят олами билан бирлашиб кетаётганининг яна бир исботидир.

Қирғизистонлик айрим кузатувчилар фикрича, 33 ёшли депутат Санжар Қидиралиевнинг ўлдирилиши Қирғизистон ҳукуматидаги баъзи тузилмалар жиноят олами билан бирлашиб кетаётганининг яна бир исботидир.

Қирғизистонда парламент депутати Санжар Қидиралиев 14 апрел куни кечга яқин Бишкек кўчаларидан бирида отиб кетилди. У 2005 йилдан буён Қирғизистонда отиб ўлдирилган депутатларнинг тўртинчиси бўлди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг қирғиз парламентига тақдим этган маълумотида айтилишича, Санжар Қидиралиев ўлдирилишига “депутатнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, жиноий гуруҳларнинг ўзаро ҳисоб-китоби ёки тадбиркорлик фаолияти сабаб бўлган бўлиши мумкин” деган уч тахмин асосида қидирув-тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ қирғизистонлик айрим сиёсатчиларга кўра, Санжар Қидиралиевнинг ўлдирилиши Қирғизистон ҳукуматидаги баъзи тузилмалар жиноят олами билан бирлашиб кетаётганининг ёрқин далолатидир. Бундай фикрни биринчи бўлиб Қирғизистон собиқ бош прокурори, ҳозирда эса мухолифат лидери Азимбек Бекназаров билдирди.

- Санжар кўп нарсани билар эди. Чунки у 2005 йилдан бери рейдерликка, бир неча йил олдин отиб кетилган депутат Баяман Эркинбоевга тегишли бозор атрофида бўлган жанжалларга алоқаси бор эди.

Қирғизистон президенти томонидан асос солинган “Оқ йўл” партиясида бунга ўхшаган одамлар кўп. Менинг фикримча, улар президентлик сайлови арафасида ўзларининг кирдикорлари фош бўлишидан қўрқиб, Санжар каби кўп нарсани биладиган одамларни жисмонан йўқ қилишга ўтишган, деди Азимбек Бекназаров.

Айтиб ўтиш лозимки, 1976 йилда Ўзганнинг Қуршоб қишлоғида туғилган Санжар Қидиралиев спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланиб келган ва 2007 йилгача сиёсатдан узоқ бўлган.

2007 йил декабрида ўтган парламент сайловлари олдидан президент Қурмонбек Бакиев “Оқ йўл” партиясига асос солган эди. Ўша йили бу партияга қабул қилинган Санжар Қидиралиев орадан бир неча ой ўтгач, “Оқ йўл”дан парламент депутатлигига сайланган.

Қирғизистон парламентидаги “Оқ йўл” фракцияси аъзоси, депутат Роза Абдрахманова шундан келиб чиққан ҳолда, сиёсатга эндигина кириб келган Санжар Қидиралиевнинг ўлимидан иқтидордаги партия аъзолари ва расмийлар манфаатдор эмаслар, дея фикр билдиради.

- Санжар “Оқ йўл” партиясидан депутат эди. Шунинг учун ҳам ҳукумат “Оқ йўл” депутатига ёки бу партия аъзоси ҳукуматга қарши дейиш мантиқсизлик бўлар эди. Шу жиҳатдан расмийларнинг бу қотилликка алоқаси йўқ, деб ҳисоблайман, деди Роза Абдрахманова.

Қирғизистон Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Мелис Турғанбаев эса Санжар Қидиралиевнинг жиноят оламига алоқадорлиги тўғрисида маълумотлар мавжудлигини айтади:

- Жиноят олами ўзаро-ҳисоб қитоб қилаяпти, десак тўғрироқ бўлар. Санжар депутатликка сайлангунига қадар жиноят олами билан алоқаси бор, деган маълумотлар мавжуд эди.

Ўша пайтда мен вазир ўринбосари лавозимида ишлаб турган эдим. Лекин Санжар депутатликка сайлангач, жиноят олами билан алоқасини узиши керак эди, дейди Мелис Турғанбаев.

Санжар Қидиралиев 2005 йилдаги “Лола инқилоби” натижасида ҳукумат алмашганидан бери Қирғизистонда отиб ўлдирилган парламент депутатларининг тўртинчиси бўлди.
XS
SM
MD
LG