Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:30

Тожиклар аҳдида қатъий


Имомали Раҳмон мамлакат парламенти аъзоларига мурожаат қиларкан, келгуси тўрт йил ичида Тожикистон албатта энергетик мустақилликка эришишини қайд этди.
Имомали Раҳмон мамлакат парламенти аъзоларига мурожаат қиларкан, келгуси тўрт йил ичида Тожикистон албатта энергетик мустақилликка эришишини қайд этди.

Президент Имомали Раҳмон 15 апрел кунги парламентга мурожаатида Тожикистон Роғун ГЭСини қуришдан ташқари ўнлаб бошқа ГЭСлар қуриш фикридан ҳам мутлақо воз кечмаслигини таъкидлади.

Марказий Осиё дарёлари қуйида жойлашган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон расмийлари Тожикистонда йирик гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳаларнинг амалга оширилишига қаршилик қилиб келаётганига қарамай, тожик президенти бу гидроэнергетик иншоотлар албатта қурилажагини урғулади.

Давлат раҳбарига кўра, Тожикистон ҳукумати мамлакат тараққиётининг асосий стратегик йўналиши сифатида гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқчи.

- Жорий йилнинг биринчи кварталида мамлакатда 15 та кичик ГЭС қурилиб ишга туширилди. Йил охирига қадар улар сони 50 тага етказилиши шарт.

Май ойи ўрталаригача Сангтўда-1 ГЭСи тўла ишга тушади. Сангтўда-2 ГЭСи қурилиши эса 2011 йилда ниҳоясига етади.

Шу билан бир қаторда, Роғун, Нуробод-1 ва Нуробод-2 ГЭСлари ҳамда Зарафшон дарёси устида кичик ГЭСлар қурилиши ҳам давом эттирилади.

Келгуси тўрт йил ичида Тожикистон албатта энергетика мустақиллигига эришади, дея таъкидлади мамлакат парламентига мурожаати чоғида Имомали Раҳмон.

Ундан ташқари, тожик президентига кўра, Норак ГЭСини реконструкция қилиш мақсадида республика бюджетидан келгуси тўрт йил ичида 400 миллион сомоний (тақрибан 102 миллион АҚШ доллари) ажратилади.

Тожикистон мамлакат шимолидаги Зарафшон дарёси устида 13 та кичик ГЭС қуришга доир ҳаракатларни бундан уч йил аввал бошлаб юборганди.

Шу 13 та иншоотдан биттаси, яъни Зарафшон ГЭСини қуришни Хитойнинг “Чайнахандро” ширкати ўз зиммасига олганди ва йилига 200 мВт электр қуввати ҳосил қиладиган Зарафшон ГЭСи учун 300 миллион доллар ажратиб, уч йил мобайнида қуриб битказишини билдирганди. Бу борада 2007 йил Пекинда икки томонлама шартнома ҳам имзоланган.

Бироқ дарё сувининг асосий истеъмолчиси бўлган Ўзбекистон Зарафшон ГЭСи минтақада сув муаммосини келтириб чиқаришини иддао қилди.

Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2007 йилда БМТ Бош ассамблеясида қилган маърузасида Тожикистонда қурилажак ГЭСлар минтақада жиддий экологик хавф туғдириб, давлатлараро можарога сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтган эди.

Ўшанда ўзбек расмийси БМТ конвенциясининг 3-моддасини қўпол равишда бузаётган давлатлар минтақа мамлакатлари манфаатларини эътиборга олмаса, улардан товон талаб қилинишини уқтирган эди.

Шундан сўнг хитойликлар Зарафшон ГЭСига оид лойиҳа Тожикистон қўшнилари билан келишиб олганидан сўнг бошланишини маълум қилдилар.

Ўз навбатида, Тожикистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Муҳиддин Пўлотов Ўзбекистон мамлакатнинг энергетика мустақиллигини қўлга киритишга оид режасини амалга оширишига очиқдан-очиқ тўсқинлик қилаётганидан норозилик билдирганди.

- Қўшни Ўзбекистон Зарафшон ГЭСининг қурилишига кескин қаршилик кўрсатмоқда. Хитойликлар Зарафшонни қурмасликларини айтдилар.
Бу ерда Ўзбекистоннинг изи бор. Қўшниларимиз ҳар доим босим ўтказиб туради, дея таъкидлаган эди Муҳиддин Пўлотов ўтган йили ўтказилган матбуот анжуманида.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Зарафшон ГЭСи қурилиши атрофида узоқ вақт давом этган баҳсларга нуқта қўйиш мақсадида 2008 йил бошида Тошкентда ўзбек-тожик музокаралари ўтказилди.

Музокарада Ўзбекистон томони ГЭСлар лойиҳаси чет эллик мустақил экспертлар томонидан ўрганилиши зарурлигини талаб қилди.

Ўзбекистон талабларига амал қилган Тожикистон эса 2008 йил охирларида Зарафшон ГЭСига доир лойиҳа хорижий экспертлар томонидан ижобий хулосаланганини маълум қилди.

- Зарафшон ГЭСи устидан олиб борилган экспертиза натижаларини эълон қилган германиялик экспертлар бу иншоот қўшниларимизга ҳеч қандай зарар етказмаслигини яна бир карра исботлаб бердилар. Биз Зарафшонни албатта қурамиз, дея таъкидлаганди Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.

Айни пайтда Тожикистон энергетика тизими масъули Рашид Гулов Зарафшон ГЭСи қурилишидан қўшни Ўзбекистон зиён эмас, аксинса фойда кўради, деган фикрда.

- Зарафшон ГЭСи ишлаб чиқарган 2 миллиард кВт/соат электр билан Тожикистоннинг Зарафшон водийси қаторида Фарғона водийсининг аҳолиси ҳам йил бўйи таъминланиб туради, дейди Рашид Гулов.
XS
SM
MD
LG