Линклар

logo-print

"Ўзбекистонни тарк этишимни талаб қилишди"

  • Фаррух Юсуфий

Елена Урлаева раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси мамлакат ичкарисида мунтазам равишда норозилик акциялари ўтказиб турадиган кам сонли ташкилотлардан.

Елена Урлаева раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси мамлакат ичкарисида мунтазам равишда норозилик акциялари ўтказиб турадиган кам сонли ташкилотлардан.

15 апрел куни Тошкентда таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева калтаклаб кетилди. Ҳуқуқ фаолининг ўзи бунинг аввалдан пухта ўйланган тадбир эканига шубҳа қилмайди.

Маълум бўлишича, Урлаеванинг уйи олдида рўй берган ҳодисада иккита барзанги йигит кутилмаганда унга ҳужум қилиб бир неча дақиқа давомида калтаклаган.

Биз аввал ҳам бир неча марта бундай ҳужумларни бошидан кечирган инсон ҳуқуқлари фаоли билан унга тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин боғлана олдик.

- Биласизми¸ ҳозир бироз ўзимга келдим. Лекин эрталаб калтакланганимдан кейин аҳволим жуда ёмон эди. Бугун тахминан эрталаб соат тўққизларда Тошкентдаги Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган уйимнинг олдида менга яна ҳужум қилишди.

Мен бунинг инсон ҳуқуқлари фаолиятим билан боғлиқ махсус уюштирилган акция эканига шубҳа қилмайман.

Кейинги пайтларда менга таҳдид қилишаётган эди. Мен бу ҳақда прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилган эдим, лекин менга то конкрет воқеа рўй бермагунча, яъни мен калтакланмагунимча ҳеч қандай чора кўриша олмасликларини айтишган эди.

Бугун калтакланганимдан кейин милиция ходимлари ва жиноят қидирув ходимлари келишиб мендан кўрсатма олиб кетишди, дейди Елена.

Унинг айтишича, ҳужумчилардан бирининг қўлида пичоқ бўлган.

- Қора кўзойнак таққан иккита ёш йигит эди. Бирининг қўлида пичоғи ҳам бор эди. Улар мени калтаклар экан¸ Ўзбекистонни тарк этишимни талаб қилишди. Бу худди спектаклга ўхшаган бир томоша бўлди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳужумни ким уюштирганига оид саволни берганимизда¸ Урлаева ўзини калтаклаганларни таниб қолмагани, бироқ бир ойдан ортиқроқ давом этган таҳдидлардан қилиши мумкин бўлган мана бу тахминни илгари сурди.

- Мен албатта аниқ айта олмайман, лекин, менимча¸ бу ҳужум аввалдан пухта тайёрланган. Чунки мени калтаклашаётганда узоқдан буни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томоша қилиб турганини кўрдим.

Бу ходимлар бизнинг уйимизни доимий равишда пойлаб туради ва ҳар бир қадамимизни видеога олади.

Бугунги ҳужум пайтида ҳам, бу ходимлар мени калтаклашаётганини видеога олиб турганини ҳис қилиб турдим, дейди чоршанба куни эрталаб соат тўққизда ўз уйи олдида калтаклаб кетилган инсон ҳуқуқлари фаоли.

Елена Урлаева Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг етакчиси ва мамлакат ичкарисида фаолият олиб бораётган саноқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир.

У Ўзбекистон расмий идоралари олдида уюштириладиган норозилик намойишларининг доимий иштирокчисидир. У бундан аввал ҳам бир неча марта калтакланган ва бунда Ўзбекистон расмийларини айблаган.

2001 йилда у ҳибсга олиниб, суд томонидан руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган.

Айни пайтда, Ўзбекистондан чиқиб кетган бир неча ҳуқуқ фаоллари германиялик фаоллар ва сиёсатчилар билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-немис форуми” номли уюшмага асос солди.

Ташкил этилгани ҳақида чоршанба куни маълум бўлган ташкилот таъсисчиларидан бири¸ ҳозирда Германияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова билан телефон орқали боғланиб, уюшма мақсад ва вазифалари ҳақида қизиқдик.

Умида Ниëзова: Охирги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистон ҳукумати юзлаб нодавлат ташкилотларнинг ишини тўхтатди¸ халқаро матбуотда ишлайдиган журналистларни чиқариб юборди ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши уруш бошлади.

Бунақа вазиятда мамлакат ичида туриб ишлаш ўта оғир бўлиб қолди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиб қонуний¸ конструктив йўлда ишлашига ҳукумат умуман йўл қўймайди.

Шу туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетган ва Европада яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда Ўзбекистонни яхши биладиган Германия фуқаролари билан ташкилот тузмоқчи бўлдик.

Феврал ойида низомни ишлаб чиқиб¸ Германия қонунлари бўйича керакли ҳужжатларни йиғиб¸ рўйхатдан ўтишга топширдик.

Озодлик: Бу ташкилот нима билан шуғулланади?

Умида Ниëзова: Биз ташкилотнинг номини “Инсон ҳуқуқлари учун ўзбек-немис форуми” деб атадик. Ҳозир Ўзбекистон ичида ишлаëтган ҳуқуқ фаоллари¸ бизнинг ҳамкасбларимиз асосан ахборот йиғиб тарқатиш усулида ишлайди. Кузатишимча¸ бу ахборот интернетда фақат ўқилиб қолиб кетади.

Шунинг учун бизнинг ишимиз бу ахборотларни халқаро ташкилотлар ва Ғарб демократик сиëсатчиларига етказиш ҳамда улар билан бевосита мулоқот ўрнатиш.

Озодлик: Менинг тушунишимча, бу ташкилот Германияда жойлашган бўлади. Мамлакат ташқарисида қандай қилиб фаолият олиб борасизлар? Қанақадир қийинчиликларга дуч келишдан қўрқмайсизларми?

Умида Ниëзова: Биринчидан¸ ташкилотни тузганлар бу Ўзбекистон ичида кўп йиллар давомида ишлаган фаоллар. Ўзбекистон ичида бизнинг ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз қолган. Ахборот йиғиш ва мониторинг борасида мен қийинчиликларни кўрмайман.

Айтганимдай, чет элдаги ҳуқуқ ҳимоячилари учун халқаро ташкилотлар ва Ғарб сиëсатчилари билан мулоқот ўрнатиш осонроқ. Немис Бундестагининг иккита депутати бизнинг ташкилот тузилганидан кейин таъсис кенгашига киришга розилик берди.
XS
SM
MD
LG