Линклар

Ўзбекистон вакиллари Ереванга бормаслиги мумкин


Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашишдан бош тортди. Бу ҳақда Интерфакс ахборот агентлигига маълум қилган Москвадаги аноним дипломатга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни Ереванда бошланадиган йиғинда “иштирок этишдан маъно йўқ” деган.

Айни пайтда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти расмийси Александр Бобров Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда ҳозирча Ўзбекистон томонидан бу ҳақда расмий билдиришнома келмаганини маълум қилди.

- Биласизми, КХШТ ташқи ишлар вазирларининг учрашуви эртага бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикасидан бу мажлисда қатнашмаслик ҳақидаги маълумот бизга келиб тушгани йўқ, деди КХШТ расмийси.

Эслатиб ўтамиз, Москва назоратидаги бу ташкилотга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо.

Ўзбекистон ўтган йилнинг декабрида Қозоғистонда бўлиб ўтган норасмий саммитда ҳам қатнашмаган ва ўша пайтда Тошкентнинг бу ташкилотни тарк этишига оид хабарлар пайдо бўлган эди.

Аслида Ўзбекистон бу ташкилотга 1992 йилда аъзо бўлган, лекин кейинчалик уни тарк этиб, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин унга яна қўшилган эди.
XS
SM
MD
LG