Линклар

Омбудсмен, қамоққа марҳамат!

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон қамоқхоналарига бемалол кира олиш ваколатига эга бўлган Омбудсмен бу ваколатдан келажакда қанчалик самарали фойдалана олиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди.

Ўзбекистон қамоқхоналарига бемалол кира олиш ваколатига эга бўлган Омбудсмен бу ваколатдан келажакда қанчалик самарали фойдалана олиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди.

Ўзбекистон Республикаси президенти куни кеча имзолаган қонунга биноан мамлакат Омбудсмени бундан буён қамоқхоналарга ҳеч қандай тўсиқсиз, истаган вақтида кира олиши мумкин. Албатта, текшириш учун.

Президент Каримов имзолаган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсмен) фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси баъзи қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун тўғрисидаги хабарлар бизда баъзи саволларни пайдо қилди.

Саволларимизни президент матбуот хизматига бермоқчи бўлдик.

"Ташқи ишлар вазирлигига беринг саволларингизни", деди президент матбуот хизмати.

Омбудсмен идораси телефонини одатдагидай милиционер кўтарди.

Озодлик: Бу Омбудсменми?

- Омбудсмен пости бу.

Озодлик: Милиция постими?

- Ҳа.

Бу сафар милиция постидан нарига ўта олдик. Лекин фойдаси бўлмади.

- Кечирасиз¸ ҳозир бизда котибиятдагилар йиғилишда эди. Қачон чиқишини билмайман.

Озодлик: Умуман сиз ҳам Омбудсмен идорасининг ходимимисиз?

- Йўқ¸ мен практикантман. Бу ерга практикага келганимга икки кун бўлди.


Аслида, Омбудсмен фаолиятининг такомиллашуви мақтовга сазовор иш.

Бас, шундай экан, нима учун мақтаниб олишмади - шуниси қизиқ, деб таажжубимизни инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилоти – "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташановга айтсак, "бу ишнинг ҳеч қандай мақтанадиган жойи йўқ", деди.

Озодлик: Айтилишича¸ Омбудсменга қамоқхоналарга чекловсиз¸ тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилипти. Омбудсменда бундай ҳуқуқ илгари йўқмиди?

Абдураҳмон Ташанов: Ўзбекистон республикасининг конституциясига кўра¸ бундай ҳуқуқ ҳаммада бор.

Озодлик: Ҳамманинг ичига кимлар киради?

Абдураҳмон Ташанов: Ҳамманинг ичига жамоат ташкилотларининг вакиллари¸ масалан, биз ҳам кирамиз. Бу энди қонун бўйича. Лекин амалда ҳеч кимда бунақа ваколат йўқ эди.

Озодлик: Демак¸ шу пайтгача Ўзбекистон қонунларига кўра¸ инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар ҳам¸ давлат ташкилотлари ҳам ҳар қандай чекловсиз киришлари мумкин эди.

Абдураҳмон Ташанов: Ҳа¸ қонуний жиҳатдан мумкин эди.

Озодлик: Агар шундай қонуний имконият мавжуд бўлган бўлса¸ инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи Омбудсмендек энг катта идорага алоҳида таъкидлаб яна шу ҳуқуқни бериб қўйишидан мақсад нима?

- Бу Омбудсмен фаолиятини жонлантираëтгандай қилиб кўрсатиш¸ яна уларга эътибор берилаëтгандай қилиб кўрсатиш мақсадида қилинган иш. Чунки шу пайтгача бу нарса бор эди. Уни алоҳида Омбудсменга таъкидлаб киритиш шарт эмас.

Буни алоҳида Омбудсменга таъкидлаган билан амалга ошадиган нарса эмас. Омбудсмен қамоқхонага кирмайди ва киришга ҳаракат ҳам қилмайди.

Чунки қонуннинг 10-моддасида таъкидлаб, “Ўзбекистон республикаси Омбудсмени суд ва прокуратура ваколатига кирадиган ишларни кўрмайди” дейилган. Демак, мана шуни ҳисобга оладиган бўлсак¸ бу ташкилот ҳеч ким билан шуғулланмайди¸ дейди инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов.


Ўзбекистон Омбудсмени янги қонунга биноан аризаларга жавобан ёки ўз ташаббуси билан қамоқхоналарга кириб, маҳбуслар ҳолидан хабар олиши мумкин.

Ҳол сўрашларини кутиб ётганлар, табиийки, жуда кўп. (Ким ҳам қамоқда ўтираверай, дейди?!)

Лекин жамоатчиликнинг диққати "сиёсийлар" деб таъриф берилувчи маҳбусларда. Улардан бири қамалганига 15 йил бўлган Ўзбекистон парламентининг экс-депутати Мурод Жўраевдир.

Омбудсмен Жўраевнинг ҳолидан ўз ташаббуси билан хабар олиши мумкин.

Чунки унинг турмуш ўртоғи Холбека опа шу пайтгача Омбудсменга арз қилмаган.

Холбека Жўраева: Мен прокуратурага Файзуллаев деган кишига мурожаат қилганман. У киши “чиқишлари керак” деб айтган эдилар.

Озодлик: У қайси прокурор? Вилоят прокурорими?

Холбека Жўраева: Йўқ¸ мен республика бош прокуратурасига борганман. Менинг хатимга ўша Файзуллаев деган жавоб берган ва у кишининг олдига ҳам кирганман.

Озодлик: Яна кимларга мурожаат қилгансиз?

Холбека Жўраева: Кейин президент девонига икки марта хат билан чиққанман.

Озодлик: Жавоб қандай бўлган?

Холбека Жўраева: "Чиқади¸ чиқиши керак", деган жавоб бўлган. Қаерга борган бўлсам ҳаммасида “чиқиши керак”, деб жавоб беришган менга. Қамоқхона бошлиғининг олдига кирганман. У менга: “Агар бизга шу бугун бир оғиз айтишса¸ биз жавоб бериб юборамиз. Бизлар юқоридан бўлган телефонни бажарамиз”, деган.

Озодлик: Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий мажлис вакили Омбудсменга мурожаат қилганмисиз?

- Йўқ¸ мурожаат қилмаганман. Сайëра Рашидова деб айтишди. Президент девони ҳал қилмаган нарсани бу киши қандай ҳал қилади, деб қандайдир ишончим бўлмагани учун мурожаат қилмадим¸ дейди Холбека Жўраева.

15 йилдан бери қамоқда сақланаётган Ўзбекистон парламентининг экс-депутати Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи Холбека опа Омбудсмендан ёрдам бўлишига ишонмаган бўлса, бошқа бир сиёсий маҳбус – шоир Юсуф Жуманинг ўғли Алишер Омбудсменга ишонади.

Алишер: Мен шахсан ўзим 17 декабрда дадам ҳибсга олингандан кейин шу ойнинг ўзида Омбудсменга мурожаат қилганман. Қозоғистонга келганимиздан кейин ҳам Омбудсменга қайта-қайта аризалар жўнатганман. Квитанциялари ҳам бор. Лекин ҳеч қандай жавоб олганимиз йўқ.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб неча марта мурожаат қилгансиз?

Алишер: Ўзбекистоннинг ўзида декабр ойида бир марта мурожаат қилганман. 2008 йилда икки марта мурожаат қилганман. 2009 йилнинг январ ойида бир марта мурожаат қилганман. Ҳаммаси бўлиб тўрт марта мурожаат қилганманда. Лекин бирорта ҳам жавоб олганимиз йўқ.
XS
SM
MD
LG