Линклар

Мен нечун кўраман "Ўзбекистон"ни?

  • Садриддин Ашур

Шу кунда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун корейсу турк сериаллари кечки дам олиш соатларида ягона овунчоққа айланган.

Шу кунда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун корейсу турк сериаллари кечки дам олиш соатларида ягона овунчоққа айланган.

“Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканаллари ўзбекистонликлар орасида энг кўп томоша қилинадиган каналлар ҳисобланади. Бу ҳақда Регнум Тошкент Рекламалар ассоциацияси экспертлари хулосасига таяниб хабар қилди.

Рекламалар ассоциацияси экспертлари томонидан ўтган йилнинг декабр ва 2009 йилнинг январь ойларида ўтказилган сўров натижаларига кўра, телесериаллар ўзбекистонликлар орасида энг кўп кўрилади.

Биз билан ҳамсуҳбат бўлган аксар ўзбекистонликлар ҳам маҳаллий телеканалларда кўпроқ телесериалларни томоша қилишларини айтдилар.

- Сериаллардан ҳозир туркча “Қалқон” деган сериал бўлаяпти. Ўшани кўраман¸ дейди ўзбекистонлик 9 ëшли қизалоқ.

- Агар свет бўлса¸ ҳақиқатан шу билан овунамиз. Свет бўлмаса, ëтамиз. Бошқа нима ишимиз бор¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

- Сериаллар кўраман¸ ТВ-марказнинг концертини кўраман. Вақт бўлганда ҳар хил сериалларни кўраман. Корейсларнинг “Баҳор таровати”, “Жумонг”, “Ишқ ëғдуси”, туркларнинг “Ҳаëт синовлари”, “Қашқирлар макони” каби сериалларни кўрдим¸ дейди учинчи суҳбатдош.

- Сериалларни кўришимизга сабаб Ўзбекистонда бошқа кино йўқ. Япон, турк киноларини қўйиб, бизни алдаб¸ овутиб ўтиради-да. Муаммо ҳам бор¸ ташвиш ҳам бор. Телевизорни кўриб, овуниб ëтаман-да¸ дейди суҳбатдошларимизнинг тўртинчиси.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, улар ахборот олиш учун кўпроқ “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” ва “Ёшлар”нинг “Давр” программаларини кўришади. Хўш, бундан улар қаноат ҳосил қилишяптими ёки йўқ?

- Давр кўраман. Қайси маънода? Баъзида таҳлил учун, баъзида танқид учун, қиëс учун керак бўлади. Энди, ҳар ҳолда, нима бўлаëтгани ҳақида бирламчи маълумотни оласиз-ку.

Ўзбекистонга ким келди, Каримов қаëққа борди, нима гаплар, нима ишлар бўлаяпти, қонунлар, қарорлар дегандай масалалар. Вазият юзасидан атрофлича таҳлил умидида кўрилмайди бу канал¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Мен “Давр” ва “Ахборот”ни бошланишидан бироз кўраман. Агар пичоққа илинадиган бирор маълумот бўлса¸ тоқат қилиб эшитаман.

Ўзи умуман бизнинг маҳаллий ахборот дастурларини кўришга тоқатим йўқ. Мен чидай олмайман. Чунки у ерда ҳақиқат йўқ.

Мақтовдан бошқа нарса йўқ. Танқид деган нарсани деярли йўқ деса ҳам бўлади. Булар қаердан топиб мақтайди мен ҳайронман¸ дейди навбатдаги суҳбатдош.

- "Фаровон ҳаëтимиз" дейди. Қаерлардадир фаровон бўлаëтгандир. Масалан, бизнинг шаҳарчамиз аввал гуллаб-яшнаган эди. Ҳамма нарса бор эди. Ҳеч нарсадан қийинчилигимиз йўқ эди.

Тандир¸ ўчоқ деган нарсани билмас эдик. Домнинг олдига тандир¸ ўчоқ қуришга мажбур бўлдик. Уни ҳам ҳозир буздираяпти. Агар буздирса¸ эртага нима аҳвол бўлади, деган ўйдамиз ҳозир. Бу менинг фикрим: оддий халқнинг 80 фоизи қийин аҳволда¸ дейди учинчи суҳбатдош.

Наманганлик бу зиёлининг айтишича, у уйига иккита телевизор қўйган. Бири болаларнинг Ўзбекистон телеканалларини кўришига, иккинчиси эса сунъий йўлдош антеннасига мослаштирилган:

- Очиқроқ гапирсам¸ иккита телевизор қилиб қўйганман. Мен “Время” ва бошқа нарсаларни кўраман. Радио бор. Кўпинча сизларни ва бошқа радиоларни эшитаман.

Ўзбек каналларидан бир хил нарсани такрорлайвергани учун кўнглим айниб кетади. Ўзимизда танқидий нарсалар ниҳоятда кам. Фақат яхши томонларимиз¸ қанча ўсганлигимиз берилади, холос¸ дейди наманганлик зиëли.

Сирдарёлик ўқитувчи суҳбатдошимиз эса ўқитувчиларнинг маошлари кечиктирилаётгани ва уларнинг ижтимоий муаммолари ҳақида ҳали Ўзбекистон телеканалларида бирор марта ҳам танқидий эшиттириш берилганини эслолмаслигини айтади:

- Телевидениеда ҳар доим бўрттириб гапиради-ю ўзи. Жумлаларни, сўзларни чиройли қилиб гапиради¸ лекин ўша нарсанинг 50 фоизи ҳам бўлмайди-да. Амалда йўқ шу нарсалар. Ўқитувчилар¸ уларнинг маошлари ҳақида умуман гапирилмайди¸ кўрсатилмайди.

Ўқитувчилар иқтисодий томондан жуда қийналаяпти. Ойликлар вақтида берилмаяпти. Бу ўзимизнинг ҳар кунлик ҳаëтимизда. Ҳар ойда ойликнинг 60 фоизини пластик карточкага ўтказиб юбораяпти.

Ойлик¸ пенсия вақтида берилмайди¸ лекин бу нарсалар телевизорда айтилмайди¸ кўрсатилмайди. Бу муаммоларга ҳеч ким яқин ҳам бормайди¸ дейди сирдарёлик ўқитувчи.

Тошкент Рекламалар ассоциацияси экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра, ўзбекистонликлар ҳар суткада ўртача 3 соат вақтларини телевизор кўришга сарфлайдилар.

Аёллар кўпроқ “Ўзбекистон” каналини, эркаклар эса “Ёшлар" каналини кўрадилар. Дам олиш кунлари аёллар эркакларга нисбатан 16 минут кўп телевизор томоша қилишар экан.
XS
SM
MD
LG