Линклар

logo-print

Молдова президенти мухолифатни мулоқотга чақирди


Молдова Марказий сайлов комиссияси 5 апрел кунги парламент сайловида берилган овозларни қайта санаб чиқишни бугун якунлайди.

Комиссия вакилининг айтишича, ҳозирга қадар Молдова ташқарисида берилган овозларни қайта санаш қолган, холос.

Мамлакат президенти Владимир Воронин овозлар қайтадан саналишини сўраб, судга мурожаат этган эди.

5 апрел кунги парламент сайловларида амалдаги президент Владимир Воронин етакчилигидаги коммунистлар партияси ғалаба қозонгани тўғрисидаги натижалар эълон қилинганидан сўнг мухолифат норозилик намойишларини бошлаб юборганди.

Мухолифат бюллетенларни эмас, сайловчилар рўйхатини текшириб чиқиш муҳимлигини айтиб, овозларни қайта санаш жараёнида қатнашишдан бош тортди.

Айни пайтда Молдова президенти Владимир Воронин мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидан Кишиневдаги норозилик намойиши қатнашчиларини таъқиб қилишни тўхтатишни сўради.

Шунингдек, Воронин мамлакат телевидениеси орқали қилган мурожаатида Пасха байрами арафасида амнистия эълон қилиш лозимлигини ҳам таъкидлади.

Молдова президенти мухолифатни асоссиз айбловларни четга суриб, мулоқотга чақирди.

Молдовада ўтган парламент сайловларидан сўнг мухолифат ҳукуматни сохтакорликда айблаган ва мухолифатнинг норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетган эди.
XS
SM
MD
LG