Линклар

Намакобда ишлайдиган генератор

  • Садриддин Ашур

Профессор Жума Ҳамроевнинг айтишича, агар у ишлаб чиққан генератор назарий лойиҳаси амалиётга татбиқ этилса, миллиардлаб доллар маблағ сарф қилиб, ГЭС ва ГРЭСлар қуришга ҳожат қолмайди.

Профессор Жума Ҳамроевнинг айтишича, агар у ишлаб чиққан генератор назарий лойиҳаси амалиётга татбиқ этилса, миллиардлаб доллар маблағ сарф қилиб, ГЭС ва ГРЭСлар қуришга ҳожат қолмайди.

Ўзбек олими Жума Ҳамроев углеводород ёнилғисида ёки шўр сувда ишлайдиган янги двигател-генератор лойиҳасини яратди. Бу генератор соатига бор-йўғи 36 грамм ёнилғи сарфлаган ҳолда 1600 кВт электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин.

73 ёшли техника фанлари доктори, профессор Жума Ҳамроев бу ихтиросига 35 йиллик изланишлардан сўнг эришди. Лекин бу ҳозирча фақат назарий ихтиродир.

Олимнинг фикрича, генераторнинг тажриба намунасини яратиш учун яхши жиҳозланган лабораториялар ва камида бир миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ керак.

Профессор Жума Ҳамроевнинг айтишича, олимлар сарф бўлган энергиянинг қайта тикланиши ва кўпайиши устида узоқ йиллардан буён бош қотириб келмоқдалар. Бу ҳақда биринчи бўлиб 1890 йилда физик олим Никола Тесла айтган эди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида америкалик ихтирочи Эдвин Грей бу борада бир қанча янгиликлар ҳам қилган эди. Профессор бу қийин масаланинг ечимини топганлигини айтар экан, ўз ихтиросига шубҳаси йўқлигини таъкидлайди:

- Техникани тушунмайдиган одамлар “бўлди, ўйлаб чиқарибди¸ энди ҳаëтга киради”, деб ўйлайди. Бу нарса ғоядан ҳаëтга кириши учун 15-20 йил етса ҳам катта гап. Лекин бу иш тезроқ бўлиши керак. Чунки бу ерда кўп нарса аниқ¸ дейди Жума Ҳамроев.

Жума Ҳамроевдан бу янги ихтиросини содда қилиб тушунтириб беришни сўраймиз.

- Қандай қилиб сизга тушунтирай? Бу ҳам бензинда¸ ҳам шўр сувда ишлайди. Бензин билан ишлайдигани реактив двигател. Буни шунақа қилиш мумкинки¸ бу худди реактив двигателдай ишлайди ëки режимга қараб электр энергияси чиқаради.

Ҳозирги пайтдаги реактив двигателларга нисбатан бунинг бензин сарфлаши деярли 1000 марта кам. Яъни энг кам миқдорда ишлатади.

Агар электр энергияси ишлаб чиқарувчи генератордай ишласа¸ 5000 мартагача кам ëнилғи ишлатади. Бензинми¸ керосинми¸ авиаëнилғими - ҳар қандай углеводород ëнилғини ишлатса бўлади¸ дейди Жума Ҳамроев.

Профессорнинг айтишича, янги двигател-генератор оддий шўр сувда ҳам ишлайди:

- Бир литрида 15-16 грамм туз бўлган шўр сувнинг 7¸5 литри билан бир соат ишлайди. Бу бир соатда реактив двигателнинг 1000 килограммлик кучини беради ëки 2500 кВт/соат электр энергияси беради. Денгиз сувлари, ер остида жуда чуқурликда жойлашган сувлар бунга мос келади. Бу 200 литр бензинни тежаш деган гап¸ дейди Жума Ҳамроев.

Бу масала муштарийни ҳам, бизни ҳам қизиқтириши табиий. Бу ақлга сиғмас янгилик. Қолаверса, оддий сувдан, яна жуда кам миқдордаги шўр сувдан қандай қилиб бунча энергия олиш мумкин?

- Бу ерда ëнадиган нарса бу бензин бўладими¸ шўр сув бўладими - температура асосий фактор эмас. Асосий фактор ëнилғи ëққанда унда ионлар пайдо бўлади. Аланга деганингиз бу ионлар йиғиндиси. Двигателларда мана шу ионлар ишлатилади.

Катта ҳажмга озгина ëнилғи кетгандан кейин камерада унинг температураси 30-40 градус бўлади. Лекин бу маълум ионлар концентрацияси ҳисобига бўлади. Бу энди ëнилғи бўлган пайтда шундай бўлади. Шўр сув ишлатилганда ҳам ионларнинг энергияси ишлатилади. Шунинг учун ионларга катта тезлик берилади¸ дейди Жума Ҳамроев.

Профессор бундан бу ёғини айтмади. "Бу ёғи энди сир", деди у. Лекин, Жума Ҳамроевга кўра, бу янгиликни ҳозирча Ўзбекистонда тадқиқ қилиш ва генераторнинг тажрибавий намунасини яратиш имкони йўқ.

Профессор ўз хулосаларида қатъий туришини айтар экан, бу янгилик физиканинг барча қонунларига мос келишини ва аниқ илмий тадқиқотлар ўтказилганлигини таъкидлайди.

- Бу ерда ҳамма томон ҳисобга олинган. Лойиҳаларнинг чизмалари бор. Ҳар бир нарсанинг ўз ҳисоб-китоби бор. Булар осмонга қараб айтилган рақамлар эмас. Буларнинг ҳаммаси қатъий физика қонунлари бўйича олинган рақамлар¸ дейди Жума Ҳамроев.

"Агар бу лойиҳалар бир кунмас бир кун амалга ошса ва сизнинг назариянгиз тасдиқланса¸ энергетика соҳасида Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар қилиш мумкин?" дея сўраймиз профессордан.

- Каттакон ГЭСлар¸ ГРЭСлар керак эмас. Ер остидан оддий шўр сувни чиқариб¸ ўшанда ишлатиб¸ катта электростанциялар қилиш мумкин. Бутун давлатни электр энергияси билан таъминлаш мумкин.

Принциплари оддий¸ кичкина нарсадай кўринади¸ лекин биринчи тажрибавий намунаси яратилганидан кейин ҳамма буни дарров тушунади¸ двигатель сифатида ҳам¸ электр станцияси сифатида ҳам¸ дейди Жума Ҳамроев.

Ўзбекистон “Фан ва тараққиёт” илмий техник комплекси директори, академик Саиджон Неъматов ҳам Жума Ҳамроевнинг бу лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этилганини айтади:

- Олимларимиз яхши. Биз таниймиз у одамни. Бизда ҳам ишлайди. Мен у одамга бизнинг олимларимиз билан биргаликда тажрибавий нусхасини ишлатиб кўриш керак, деган масалани қўйдим.

Бу энди назарий ғоя. Бунақа назарий ғоялар жуда кўп. Энди ҳозир бунинг установкасини¸ бошқасини разработка қилиш керак. Кейин экспрементал установкани ишлатиб кўриш керак.

Буни бу кишининг ўзи қила олмайди. Бу ерда бизнинг конструкторлик бюроларимиз бор. Шуларни йўлга солиб¸ модулний установкасини қилиб, шу установкада экспериментларни қилиб¸ шуни кўзимиз билан кўриб¸ ундан кейин баҳо бериш мумкин бўлади¸ дейди академик Саиджон Неъматов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG