Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:30

Кўчки фожеага сабаб бўлди


World -- Soil slip, undated
World -- Soil slip, undated

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Жалолобод вилоятига қарашли Ахси туманида жойлашган Райкомол қишлоғида учта уй бутунлай кўчки остида қолган.

Ахси тумани ҳокими Талант Ўрозовнинг маълум қилишича, кўчки Райкомол қишлоғидаги Қорауй участкасида содир бўлган.

- Кўчки остида ўн олти киши қолгани аниқланди. Улардан ўн бир нафари вояга етмаган болалар, беш нафари эса катта ёшдаги кишилар.

Кўчки остида қолган учта уйда яшаган фуқароларнинг сони аниқланди. Улар сони ўн етти нафар бўлиб, улардан бири қариндошиникига меҳмонга кетгани ва кўчки остида ўн олти киши қолгани тахмин қилинмоқда, деди Талант Ўрозов.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилларининг айтишларича, кўчки остида қолган кишиларнинг бирортаси ҳам тирик қолганига умид йўқ.

- Бироқ айни пайтда қутқарув-қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Воқеа жойида жами уч юз нафардан зиёд одам қутқарув ишларини олиб бораяпти.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эллик нафар қутқарувчисига маҳаллий аҳоли вакиллари кўмакка келган.

Ҳалок бўлганларнинг жасадларини қидириш давом этмоқда, деди Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Қамчибек Ташиев.

Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, туш пайтигача ўн икки кишининг жасади кўчки остидан олиб чиқилган.

Улардан беш нафари катта ёшдаги кишилар, етти нафари болалар ва ўсмирлар. Яна тўрт ўсмирнинг жасади кўчки остида экани тахмин қилинаяпти.

Кейинги бир ҳафта давомида Қирғизистоннинг деярли барча ҳудудларида тинимсиз ёмғир ёғиши кузатилмоқда.

Райкомол қишлоғидаги кўчкига ҳам ёмғир сабаб бўлгани айтилаяпти.

Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Қамчибек Ташиевга кўра, об-ҳавонинг ёмонлиги боис мамлакатда яна бир қанча бахтсиз ҳодисалар кузатилди.

- Ўтган тунда ёмғир пайти Қорасувда битта машина сувга тушиб кетиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлди. У ерда ҳам қутқарув ишлари амалга оширилаяпти.

Яна ўтган тунда Қоракўл шаҳрида ҳам ёмғир ёғиб турган пайтда иккита машина тўқнашиб кетиши натижасида ёнғир чиқиб, олти одам куйиб кетган, деди Қамчибек Ташиев.

Райкомол қишлоғида кўчки натижасида ҳалок бўлганларни дафн қилиш маросими 17 апрел кунига белгиланди.

Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, 17 апрел куни тўрт ўсмирнинг жасадини қидириш ишлари давом эттирилади.
XS
SM
MD
LG