Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

"Чарли Чаплинни эслаб"


Ажабтовур шляпаси, қўнғизмўйлови ва мудом қўлидан тушмайдиган трости билан хотирамизга муҳрланган "кичкина катта одам" - Чарли Чаплин ўзбекларнинг ҳам неча авлодини ҳайратлантира билган.

АҚШ киноакадемияси тарафидан барча даврларнинг энг буюк киночиси дея эътироф этилган Чарли Чаплин таваллудига 120 йил тўлди.

У кино кўнгил очиш воситаси эмас¸ балки инсон кечинмаларини¸ дард ва армонларини ҳикоя қиладиган санъат эканини исбот қила олган ижодкор сифатида тарихга кирди.

Чаплин яратган Тиллининг узилган севги ҳикояси (1914)¸ Олтин васвасаси (1925)¸ Катта шаҳар чироқлари (1931)¸ Денгиз соҳилидаги аëл (1926)¸ Диктатор (1940) фильмлари жаҳон кино хазинасининг дурдоналари ҳисобланади.

1977 йилда Чарли Чаплин оламдан ўтганида ўзбек шоири Омон Матжон қайғуриб бир шеър ëзган эди.

Чарли Чаплин туғилганига 120 йил тўлган куни Омон Матжон билан суҳбатлашдик.

Омон Матжон: Бу кишининг кинолардаги образлари бизни жуда ҳам ҳайратга солган. Унинг атрофдаги нарсаларга ўзича муносабати¸ ўзича ëндашуви¸ “Бунга тегмаса бўлардию¸ буни қилмаса бўлардию” деб бизнинг кўнглимизга ҳайрат солганда. Унинг ўзгача ҳаракатлари¸ воқеликни имо-ишора билан сўзсиз ифода қилиши бор эди.

Шунинг учун ўша пайтда мен “Чарли Чаплинни эслаб” деган бир шеър ëзганман. Бу шеърни буюк рус шоири Евгений Евтушенко рус тилига таржима қилган. Собиқ совет даврида жуда кўп катта учрашувларда ўқиб берган. Мен бундан чексиз фахрланганман. Чунки унинг улуғ шоир томонидан таржима қилиниб¸ кўпчиликка ëқиб қолганини сезади-да одам.

Чарли Чаплинни эслаб

Чарли Чаплин ўлди¸ хаëл экрани¸
Бехос қора тортди¸ мусиқа тинди¸
Қарз берилган нурни олиб кетдилар¸
Тунлари Чаплинсиз яшаймиз энди.

Чарли Чаплин ўлди¸ хабар келган он¸
Теграмизга боқдик хавотир олиб¸
Катта¸ жиддий зотлар кўп-ку олишсак¸
Биз ҳам чиқармизми Чарлидай ғолиб?

Дўстлар¸ талаш-тортиш дунë бу дунë¸
Давра тарқашидир¸ гулхан совуши.
Кимга шляпаси тегаркан унинг¸
Ҳассаси кимгаю¸ кимга ковуши.

Ҳали мусибатнинг заҳми битмасдан¸
Мўмиëдек қотиб ëтганда бағир¸
Чарлининг жасади йўқолди деган¸
Хунук гап қалбларга урилди оғир.

Тажовуз асри бу авжига минган¸
Ўзгалар ерини талаб тортишлар¸
Катталар, кичиклар қонини сўриб¸
Ўлганни тепишлар¸ мозор очишлар.

Лекин бошқа гап ҳам бордир¸ мажозда¸
Чарлилар қабрга сиғиши маҳол¸
Эсланг ўзимизнинг Насриддинни сиз -
Ўн битта қабри бор¸ умри ҳам фол.

Хушчақчақ дўстгинам, бўғилма гоҳи¸
Гоҳи қатна дардлар ичида, дарддан
Ҳай-ҳайлаб¸ кўз қисиб етиб келарлар¸
Чарли Чаплин Ғарбдан¸ Насриддин Шарқдан.

Бир вақт болаларни алдаб Насриддин¸
Ўзи ҳам чопгандек ишониб чиндан¸
Бугун мен Чарлини тирик дейману¸
Зора шундай бўлса¸ дейман ичимда.

Озодлик: Бу кичкина одамнинг катта дардларини акс эттирган катта санъаткор. Аммо ўзи кичкинагина одам бўлган. Бўй-баст маъносида сиз ҳам¸ биз ҳам кичкина одаммиз. Шу маънода Чарли Чаплинни ўзингизга яқин кўрасизми?

Омон Матжон: Дунëда ҳар бир одамнинг хулқи¸ табиати¸ мижози ўзига мос қилиб берилган. Мен буни айтаëтганим менинг кўнглим¸ хаëлотимни санъатнинг улуғ намоëндалари қизиқтиради. Уларга эҳтиром кўрсатаман. Ҳатто бир хил пайтлари хушқилиқлари ëқиб¸ ўхшагинг келади¸ ўхшатгинг келади. Яхшилигини олгинг келади. Балки бутун катта санъатнинг мағзи шундан иборатдир. Руҳиятимиз шундан бойийди. Бундан ташқари, билимимиз мундарижаси тўлишади, ошади.
XS
SM
MD
LG