Линклар

Ўзбеклар Ереванга бормади

  • Фаррух Юсуфий

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Ереванга келмагани расмий Тошкентнинг КХШТ фаолиятида иштирок этишни истамаслигини очиқ намойиш қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Ереванга келмагани расмий Тошкентнинг КХШТ фаолиятида иштирок этишни истамаслигини очиқ намойиш қилмоқда.

16 апрел куни Арманистонда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғини бўлиб ўтди. Аммо бу анжуманда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири қатнашмади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг пайшанба куни Еревандаги учрашувга келмаслиги ҳақида бир кун аввал маълум бўлди, лекин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти котибиятидагилар сўнгги дақиқаларгача Тошкент ўз ниятидан қайтиб, ҳеч бўлмаганда вазир ўринбосарини юборишига умид қилишаётган эди.

Лекин “Ҳеч ким йўқ ва ҳеч ким келмайди” дея маълум қилди КХШТ котибиятининг ўзини таништирмаган расмийси.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ўз қарорини Ереван йиғинининг бемаврид ўтказилаётгани билан изоҳлаган.

- Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғини йилига икки марта ўтказилади.

Қоидаларимизга кўра, бу кенгаш йилига камида икки марта ўтказилиши лозим. Ўзбекистон эса кенгаш йиғинини июнь ойида - ташкилот сессиясидан аввал ўтказишни таклиф қилди.

Бу таклифни қабул қилганимизда ташкилот ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидалар бузилар эди. Чунки биз ташқи ишлар вазирлари кенгашининг битта йиғинидан воз кечишимизга тўғри келар эди. Ўзбек ҳамкасбларимизга буни тушунтирдик, лекин улар ўз фикридан қайтмади, деди КХШТ котибиятининг ўзини таништирмаган расмийси.

Лекин, КХШТ расмийсининг айтишича, бу на ташкилот фаолиятига, на Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги иштирокига таъсир қилади.

- Ўзбекистон президенти Остонадаги йиғинга ҳам келмаганди, бу сафар ҳам йиғинга келган томонлар ўзлари мажлис қилиб қўяверади¸ деди КХШТ котибиятининг ўзини таништирмаган расмийси.

Ҳақиқатан, Ўзбекистон қўшилганига ҳали уч йил тўлмаган тузилма машваратларини биринчи марта беписанд қолдираётгани йўқ.

Ўтган йилнинг декабрида президент Ислом Каримов ташкилотнинг Қозоғистонда ўтказилган норасмий саммитида иштирок этмаган эди.

Феврал ойида Москвада ўтказилган навбатдан ташқари саммитда Каримов тузилма доирасида тезкор кучларни ташкил этишга оид ҳужжатни Ўзбекистоннинг “ўзгача фикри” инобатга олиниши шарти билан имзолади.

Таҳлилчилар Тошкентнинг КХШТга бўлган бундай муносабати ва унинг гоҳ у ташкилотга кириб-чиқиши, гоҳ бошқасига қўшилиб, кейин ундаги иштирокини вақтинча тўхтадиган одатидан келиб чиқиб, “Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги иштироки истиқболлари савол остида" демоқдалар.

Александр Гольц Россиядаги “Еженедельний журнал” интернет нашрининг ҳарбий таҳлилчиси.

- Албатта бу ҳозирча Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқишини англатмайди. Лекин Тошкентнинг бу ҳаракатини КХШТ фаолиятида иштирок этишни истамаслигини очиқ намойиш қилмоқда, деб баҳолаш мумкин.

Албатта, Ўзбекистон ҳозир бу ташкилотдан чиқишини эълон қиладиган бўлса, бу кескин чора бўлади ва Россиянинг кескин жавоб чораларига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ими-жимидаги саботаж эса, менимча, ташкилотнинг барча аъзоларига маъқул, дейди ҳарбий таҳлилчи.

Россиядаги “Время новостей” газетаси шарҳловчиси, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Аркадий Дубнов ҳам Тошкент турли ташкилотларга кириб чиқавериш одобдан эмаслигига фаросати етса-да, Ғарб билан алоқалари яхшиланаётгани вазиятида Кремль етакчилигидаги КХШТда қолиш унинг манфаатларига мос келмай қолди¸ дейди.

Қолаверса, Дубновга кўра, ташкилотнинг бошқа аъзолари ҳам Ўзбекистондек ҳамкорларидан жудо бўлсалар, кўп ҳам қайғурмайди.

- Бошқа томондан, Ўзбекистоннинг ташкилот доирасида муҳокама қилинадиган аксарият масалаларга доир “ўзгача фикрлари”ни билдираётгани КХШТнинг баъзи аъзолари ғашига тегаётгани маълум.

Чунки бундай “ўзгача фикр”лаш маълум маънода ҳамкорликка путур етказади. Шу сабабдан Тошкент КХШТдан чиқадиган бўлса, ҳеч ким бундан хафа бўлмайди, дейди Дубнов.

Бундан ташқари, таҳлилчи фикрича, собиқ иттифоқ ҳудудида коллектив хавфсизликни таъминлашни мақсад қилган КХШТ ўзининг 17 йиллик умри даврида ўз мавқеини мустаҳкамлашга доир бирор “пичоққа илингудек” ишни қилмагани инобатга олинса, Ўзбекистоннинг тузилмада қолиши ёки ундан чиқиши билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бу тузилмани тарк этиши ҳақида гапириш ҳали эрта, деганлар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Фарҳод Толипов фикрича, ўта беқарор Афғонистонга қўшни бўлган Ўзбекистон учун бошқа давлатлар билан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишнинг ягона воситасидан воз кечиш шошма-шошарлик бўлади.

- “Ўзбекистон вакилининг ҳозирги бўлаëтган учрашувда иштирок этмаëтгани унинг чиқиб кетишига тайëргарлик” деган фикрдан йироқман. Балки биз буни “Биз КХШТ нинг фаолиятидан унчалик қониқмаяпмиз, КХШТ биз кутганчалик ўзини кўрсата олмаяпти” деган бир сигнал сифатида қабул қилишимиз мумкиндир.

Бу чиқиб кетишдан олдинги сигнал деган фикрдан ҳозирча йироқ бўлишимиз керак. КХШТдан чиқиб кетгандан кейин қайси хавфсизлик жамоаси тизимининг аъзоси бўлишимизни айта олмаймиз.

Бизнинг НАТОга кирмаслигимиз аниқ-ку. Якка ҳолда ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлашга қодир эмасмиз.

Биз барибир хавфсизлик масаласида қандай шаклда халқаро ҳамкорликка киришимизни ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу соҳада ҳозирча шошилмаслик керак, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG