Линклар

Кампания давом этмоқда

  • Ҳасанжон

Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши бошланган халқаро кампанияга эндиликда америкалик сенаторлар ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши бошланган халқаро кампанияга эндиликда америкалик сенаторлар ҳам қўшилди.

Яқинда АҚШнинг уч сенатори Ўзбекистонда пахта етиштиришда давлатнинг болалар меҳнатидан фойдаланишига чек қўйишга чақирувчи резолюция лойиҳасини Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитасига тақдим қилди.

Сенаторлар Том Харкин, Бернард Сандерс ва Жефф Бингаман Ташқи алоқалар қўмитасига 2 апрель куни тақдим қилган резолюция лойиҳасида АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузаётгани, хусусан, қамоқхоналарда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш давом этаётгани, сўз, матбуот, диний эркинликлар, мустақил равишда сиёсий фаолият юритиш ва нодавлат ташкилотлар фаолияти чеклангани, сиёсий сабабларга кўра минглаб одам озодликдан маҳрум этилгани, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, жумладан, “Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари тўғрисида”ги халқаро конвенцияни имзолаганига қарамай, Тошкент ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармаётгани билдирилган.

Ҳужжатда 2008 йил сентябрида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланишни ўз қарори билан таъқиқлаб қўйганига қарамай, мактаб ўқувчиларини пахта теримига яна жалб этгани айтилган.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитасига тақдим этилган ҳужжатда пахта етиштиришда болалар мажбуран меҳнатга жалб этилганини рад қилган Ўзбекистон ҳукумати пахта терими мавсумида халқаро ташкилотлар вакилларининг вилоятлар пахта далаларини бориб кўришига рухсат бермагани қайд этилган.

Резолюция лойиҳаси сўнггида Ўзбекистон ҳукуматига:
- Болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш ҳақидаги мамлакат қонунлари ва халқаро мажбуриятларини дарҳол бажариш,
- 2009 йилги пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилаётганини назорат қилиш учун Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мустақил текширув ўтказишга рухсат бериш,
- Халқаро меҳнат ташкилоти хулосалари асосида шу ташкилот билан бирга ҳаракат дастури ишлаб чиқиш,
шунингдек, пахта етиштирувчи фермерлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва фермерлар катталарни ишга ёллаши учун зарур бўлган ислоҳотлар ўтказиш тавсия қилинган.

Сенаторлар Том Харкин, Бернард Сандерс ва Жефф Бингаман Ташқи алоқалар қўмитасига тақдим қилган резолюция лойиҳаси ҳозирда Сенат томонидан кўрилмоқда. Агар қабул қилинса, мазкур ҳужжат тавсия характерига эга бўлади.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши нафақат ҳукуматлар¸ балки халқаро ташкилотлар ҳам бир неча йилдан бери кампания олиб бормоқда.

Хусусан, қароргоҳи Британияда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси директори Стивен Трент Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш учун бир неча йилдан бери халқаро миқёсда кампания олиб бормоқда. Мазкур ташкилот ташаббуси билан дунёнинг йирик улгуржи савдо дўконлари Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган махсулотларга бойкот эълон қилган.

Трент ўз ташкилоти АҚШ ҳукуматини ўз манфаатларини четга суриб, мажбурий ва бола меҳнатидан фойдаланиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига ён босмасликка чақиришини айтди.

- Биз АҚШ ҳукуматини (бу борада) кузатувни давом эттиришга ва ҳарбий-стратегик манфаатларни четга суриб, мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун танқид қилинаётган Ўзбекистон ҳукуматига ён босмасликка чақирамиз, дейди Стивен Трент.

Халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракати натижасида ўтган йил “Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби кийим-кечак савдоси билан шуғуланувчи дунёнинг йирик ширкатлари болалар меҳнати эвазига Ўзбекистонда етиштирилган пахтадан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилганди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг матбуот котиби Эндрю Штролайн Ўзбекистонда мажбурий ва бола меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш учун АҚШ сенаторлари тақдим этган каби резолюциялардан кўра, ширкатларнинг босими кўпроқ самара беради, деган фикрда.

- Уларнинг Ўзбекистон пахтасига эълон қилган бойкоти ҳукумат (АҚШ ҳукумати назарда тутилмоқда - таҳр.) сўзларидан кўра кўпроқ босим ўтказади. Ҳукуматлар, конгресс ва парламентлар баёнотлар эълон қилиши ва резолюциялар қабул қилиши мумкин. Аммо бизнес юритишда пахта нархига таъсир этилса, Тошкент режими қулоқ солиши мумкин, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили.

Яқинда Берлин шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Германия Инсон ҳуқуқлари форуми ҳам Ўзбекистонда бола меҳнатидан фойдаланишга қарши кампания олиб бормоқда.

Ташкилот раҳбари Умида Ниёзова АҚШ ва бошқа давлатлар ҳукуматлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан Тошкент ҳукуматига босимлар кучайса, бу борада Ўзбекистондаги вазият ижобий томонга ўзгаришига умид билдирди.

- Сўнгги йилларда пахта далаларида болалар меҳнатига чек қўйиш борасида халқаро босимлар кучаймоқда. Бундай сиёсий талаблар кўпроқ бўлса, умид қиламанки¸ вазият ўзгаради, дейди Ўзбекистон-Германия Инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова.
XS
SM
MD
LG