Линклар

logo-print

Руминия-Молдова: муносабатлар таранглашмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Молдова Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотга мувофиқ, 5 апрел куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида берилган овозларни қайта санаш натижалари 17 апрелда маълум бўлади.

Молдова Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотга мувофиқ, 5 апрел куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида берилган овозларни қайта санаш натижалари 17 апрелда маълум бўлади.

Руминия билан Молдова ўртасидаги дипломатик алоқалар кескинлашуви қабатида Руминия президенти бир миллион молдаванга фуқаролик беришни ваъда қилди.

Молдова икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлган парламент сайловлари натижаларини қайта ҳисобламоқда.

Мазкур сайловларда берилган овозларни қайта санаш натижалари жума куни маълум бўлади. Айни пайтда, Бухарест билан Кишинёв ўртасидаги дипломатик уруш авж олмоқда.

Парламент сайловларидан сўнг мухолифат ўтказган намойиш иштирокчилари ҳукумат биноларига бостириб кирганидан кейин Руминия расмийлари Молдова мухолифати ёнини олиб, иқтидордаги Молдова Коммунистлар партиясини сайлов натижаларини қалбакилаштирганликда айблай бошлади.

Дастлаб эълон қилинган расмий натижаларга кўра, Коммунистлар партияси қарийб 50 фоиз овоз билан ғалаба қилган эди.

Молдова президенти Владимир Воронин Кишинёвда бир неча кун давом этган зўравонликларда Европа Иттифоқига аъзо Руминияни айблади. У Руминия элчисини мамлакатдан чиқариб юбориб, Молдованинг Бухарестдаги элчисини чақиртириб олди. Шунингдек, Молдовага келадиган руминияликларга виза жорий қилди.

Руминия бунга жавобан Молдовадаги репрессиялар юзасидан Европа Иттифоқи текширувини ўтказишга чақирди.

Сешанба куни эса Руминия президенти Трайан Басеску молдоваликлар учун Руминия фуқаролигини олиш тартиби осонлаштирилишини эълон қилди. Басескуга кўра, Руминия Молдовада амалга оширилаётган репрессияларга четда қараб тура олмайди.
- Биз Прут дарёси бўйлаб янги темир парданинг тутилишига йўл қўймаймиз, деди президент Басеску.

Руминия вазирлар маҳкамаси маъқуллаган янги тартибга кўра, Руминия фуқаролигини олмоқчи бўлган молдавияликлар бунинг учун бобоси ёки бувиси Руминияда туғилганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим бўлади, холос. Бунда улардан суҳбатдан ўтиш ёхуд румин тилидан имтиҳон топшириш талаб қилинмайди.

Фуқаролик изловчи шахс тақдим этган ҳужжатларни текшириш муддати ҳам қисқартирилади ва бу муддат кўпи билан беш ойни ташкил қилади.

Руминия телевидениесида чиқиш қилган Басеску Кишинёвдаги Руминия элчихонасига кейинги йилларда фуқаролик изловчилардан 650 мингта ариза келиб тушганини таъкидлади.

- Баъзи аризачилар оила аъзолари учун ҳам фуқаролик сўраганлари боис Руминия фуқароси бўлишни истаган молдованларнинг сони бир миллионгачани ташкил қилади, деди президент Басеску.

Бир миллион дегани, Молдова аҳолисининг чорагини ташкил қилади.

Ўз навбатида, Молдова президенти Владимир Воронин миллий телеканалда қилган чиқишида Руминиянинг Молдова сайловларини танқид қилганини “ҳукумат даражасидаги реваншизм мисоли”, дея атади.

Айни пайтда, Воронин мухолифат вакилларига хайрихоҳлик ўлароқ, норозилик намойишлари пайтида ҳибс этилган фаоллар озод этилишини эълон қилди.

- Мен суд органларидан кўча намойишлари иштирокчиларига нисбатан умумий амнистия эълон қилиниши ва уларга нисбатан барча суд жараёнлари тўхтатилишини сўрайман, деди Воронин.

Молдова президенти амнистия “жиноий унсурлар ва қонунбузарликни такрорлаганлар”дан ташқари барчага қўлланишини таъкидлади.

Чоршанба куни Европа кенгаши бош котиби Терри Дэвис Молдовада инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатлардан ташвишда экани ва у ердаги воқеаларни тафтиш қилгани ўз вакилини юборажагини маълум қилди.

Шунингдек, 22 апрел куни Европа Иттифоқининг жорий раиси - Чехиянинг муваққат бош вазири Мирек Тополанек ҳам Молдовага сафар қилади.
XS
SM
MD
LG