Линклар

logo-print

Тожикистонда таблиғчилар ушланди

  • Садриддин Ашур

Кузатувчилар "Таблиғ жамоати" вакилларининг даъватлари суннийлар ақидаларига зид эмаслигини, улари маҳаллий мусулмонлардан покистонча либослари билангина ажралиб туришларини айтадилар.

Кузатувчилар "Таблиғ жамоати" вакилларининг даъватлари суннийлар ақидаларига зид эмаслигини, улари маҳаллий мусулмонлардан покистонча либослари билангина ажралиб туришларини айтадилар.

Тожикистонда 100 дан ортиқ одамлар “Таблиғ жамоати” диний оқимига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинди. Бу воқеа 16 апрел куни Душанбенинг Гулистон маҳалласидаги Умари Форуқ масжидида рўй берди.

Таблиғчиларга алоқадорликда гумон қилинаётган одамларнинг яқинлари, уларнинг қайси гуноҳлари учун қўлга олинганидан ҳайрон эканлигини айтмоқдалар. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан бу ҳақда аниқ маълумот ололмаяптилар.

- Биз уларнинг нима сабабдан қўлга олганларини билмаймиз. Одамларнинг ўзлари уларни талаб қилишади. Бу жамоатни Ҳисоргами, Файзободгами, Регаргами - қаергаки чақиришса, боришади. Агар оддий диний таълимлар учун қамашадиган бўлса, бизнинг ҳаммамизни қамашсин, дейди таблиғчиларнинг яқинларидан бири.

Бу йигитнинг айтишича, таблиғчилар Тожикистонда пайдо бўлганларига беш-олти йил бўлди. Уларнинг диний даъватлари Имоми Аъзам мазҳабига зид эмас. Улар одамларга гуноҳ ишларни қилмаслик, Xудодан қўрқиш ва намоз ўқиш ҳақида ваъз айтадилар, холос.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Маҳмадулло Асадуллоев ҳам бир гуруҳ диндорларнинг қўлга олинганини тасдиқлади:

- Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан Фирдавсий тумани ҳудудидаги масжидлардан бирида ўтказилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу операцияда уларга ички ишлар ходимлари ёрдам бердилар.

Қўлга олинганларнинг аксарияти биринчи суриштирувлардан сўнг қўйиб юборилди. Қолган шахсларнинг эса Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорлиги текширилмоқда, дейди Маҳмадулло Асадов.

Тожикистон Маданият вазирлигининг диний бўлим бошлиғи Сайидбек Маҳмадуллоев "Таблиғ жамоати" қонундан ташқарида эканлигини айтади:

- Улар ҳеч қайси бир ташкилотга рўйхатга олиш ҳақида мурожаат қилишмаган. Демак, фаолиятлари ноқонунийдир, дейди Сайидбек Маҳмадуллоев.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг вакилларидан бири Зубайдулло Розиқ фикрича¸ таблиғчилар фаолияти жамиятга зиён келтирмайди:

- Мен уларнинг бирор марта сиёсатга аралашганларини билмайман. Қаерга боришса¸ исломдан сабоқ беришади. Улар Покистонда, Бангладешда таълим олганлар.

Бутун дунё бўйлаб юриб, исломга даъват қиладилар. Таълимотлари бизнинг сунний мазҳабимизга зид эмас, дейди Зубайдуллоҳ Розиқ.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ҳам таблиғчилар расмийларнинг таъқибларга учради. Улар биринчи бор собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистонга келишган эди. Қайта қуриш йилларида уларнинг фаолияти анча кучайди.

Ўзбекистонда 2004 йилда содир бўлган бир қанча портлашлардан сўнг таблиғчиларга ҳукумат томонидан таъқиблар кучайди. Таблиғчилар Ўзбекистон судларида диний ташкилотлар, диний гуруҳлар тузиш айблари билан маҳкамага тортилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG