Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:02

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч


Насиба Абдуллаеванинг айтишича, "Қалдирғоч" қўшиғи радиода қўйилганидан кейин икки ҳафта ичида хитга айланган.
Насиба Абдуллаеванинг айтишича, "Қалдирғоч" қўшиғи радиода қўйилганидан кейин икки ҳафта ичида хитга айланган.

"Таниш қўшиқлар" саҳифасига бу гал таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева ижросидаги “Қалдирғоч” қўшиғини мавзу қилиб танладик.

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч,
Ëр уйига мендан олдин бориб етган қалдирғоч.

Насиба Абдуллаева: 1997 йилда студияда умуман бошқа қўшиқлар ëзилиб турган пайтда, студияга ëш, ҳаваскор шоир Камолиддин Содиқхўжаев кириб келган ва уялиб: “Опа, шеърим бор эди, шуни кўрасизми?” деб менга шеър бериб кетган.

Ўзи одат бўлиб қолган ҳолат, одатда, янги шеър ëки мусиқа берилганда уни кўп таҳлил қиламан. Уни эшитиб кўриб, олиб қўйиб, яна эшитиб кўриб, кейин қарор қабул қиламан. Лекин бу шеърни ўқиганимда,

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч,
Ëр уйига мендан олдин етиб борган қалдирғоч.

деган сатрларини кўрганимда, ўша жойнинг ўзида “Мен буни албатта қўшиқ қилиб айтаман” деб жавобини берганман.

Кейин бу шеърни авайлаб ëнимда олиб юрганман. "Бу мусиқани бўлмади, у мусиқа ëқмади" деб шеърни олиб юрганман. Бунинг мусиқасини ўзи ҳам ўша пайтда қўшиқлар айтган, маълум бир вақт менинг продюсерим бўлиб ишлаган самарқандлик ижодкор Навфал Муҳаммедов деган йигит ëзган.

Бу қўшиқ у пайтда бугунгидай промо қилинмаган, эфирларга қайта-қайта узатилмаган. Шунчаки бу қўшиқни ëзиб радиога берганмиз ва икки ҳафта - 15 куннинг ичида хит бўлиб кетган.

Озодлик: Қўшиқнинг одамларнинг тилига тушиш синоати қанақа? Бир қўшиқни яхши деб ўйлайсиз, устида тер тўкасиз, аммо одамларнинг тилига тушмайди. Қайсидир бошқа қўшиқ эса хит бўлиб, одамларнинг тилида хиргойи қилинади. Бунинг сири нимада?

Насиба Абдуллаева: Ўйлайманки, бунинг сири матн билан мусиқанинг бир-бирига уйғун тушишида. Матн билан мусиқа бир-бирига шундай уйғун тушиши керакки, у бир-бирига сайқал бериши керак, бир-бирининг гўзаллигини чиқариб кўрсата олиши керак.

Бундан ташқари, шеър матнининг мазмуни одамларнинг юрагида бўлиб турган ҳис-туйғуларга уйғун бўлса, ҳар битта инсонни ўйлантирадиган ва тўлқинлантирадиган мавзу бўлса, мавзу бўлганда ҳам шеъриятнинг қонун-қоидаларидан чиқмасдан ëзилса, ҳар бир оддий инсонга тушунарли бўлган сўзлардан фойдаланилса, менинг фикримча, шуларнинг ҳаммаси бирлашиб, шеърнинг ëд бўлишига, хит бўлишига ва халқ томонидан қабул қилинишига сабаб бўлади.

Бу ҳамма томонлама муваффақиятли чиқиши керак. Ижро, мусиқанинг ижроси, оранжировка – буларнинг ҳаммаси бирдай усталик билан ижро этилсагина, ўйлайманки, хитга айлана олади.

Озодлик: "Қалдирғоч" қўшиғи эл оғзига тушади, машҳур бўлади деб ўйлаганмидингиз?

Насиба Абдуллаева: Ростини айтсам, ўйламаган эдим. Чунки эстрада санъатини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг қўшиқларимизга одамлар рақсга тушишни хоҳлайди.

Яхши кунларда, байрамларда, шодиëналарда бизнинг қўшиқларга чиқиб ўйнашади. Шунинг учун ўйинбоп, шўх қўшиқлар тез эл оғзига тушиб кетади. Лекин "Қалдирғоч" қўшиғининг хит бўлишини кутмаганман.

Бу қўшиқни тушунадиган ўзига яраша мухлислари бўлади. Мусиқани нозик тушунадиганлар уни қабул қилади.

Ўзим кутмаган ҳолда қўшиқ икки ҳафтанинг ичида тилларга тушиб, одамларнинг ўзлари радиога телефон қилиб, сўраб эшитадиган бўлишди.

Ўйлайманки, ҳеч бир қўшиқнинг тақдирини "бу хит бўлади ëки бўлмайди", деб олдиндан айтиб бериш мумкин эмас. Баъзан "хит бўлади" деб қилган қўшиқларимиз унчалик муваффақият қозонмаслиги мумкин, лекин баъзан ўйламаган ҳолда баъзи қўшиқлар хит бўлиб кетади.

Баъзи бир қўшиқларни ëзган пайтингизда, менимча, вақтидан олдинроқ ëзилган қўшиқлар ҳам бўлади. Ëзган пайтингизда одамлар эътибор бермагандай бўлади, аммо орадан 5-10 йил ўтгандан кейин бирдан эътибор қаратилиб, қўшиқнинг вақти-соати ўша пайтда келган бўлади.

Бир аëлнинг дарди қалдирғоч қанотида

Озодлик: Қўшиқ матни билан сизнинг руҳий ҳолатингиз ўртасида бирор кўприк бормиди? Балки сизнинг ҳаëтий муаммоларингиз шу қўшиқда акс этгандир?

Насиба Абдуллаева: Йўқ, бу қўшиқда менинг ҳаëтий муаммоларим акс этган эмас. Ўша пайтда ҳам менинг ҳаëтий муаммоларим бор эди, лекин менинг ҳаëтий муаммоларим бу қўшиқдаги мавзу билан боғлиқ эмас. Менинг ичимни кемираëтган дардлар умуман бошқа нарсалар эди.

Бу шеърни эркак киши ëзган бўлишига қарамасдан, мен уни ўқиëтганимда маҳзун дард чекаëтган аëлнинг овозини эшитгандай бўлдим.

Санъаткор ҳар доим ҳам фақат ўзининг дардини, ўзининг ичидагини куйлаши керак эмас. Биз профессионалмиз, биз ижрочимиз. Шунинг учун бу шеърга ўзимизнинг дардимиз билан биргаликда бировнинг дардини ҳам ўзимизникидай қилиб куйлаб бера олишимиз керак, деган нуқтаи назар билан қараганман.

Бу шеърни ўқиб, бошқа бир аëлнинг, ҳамжинсимнинг, балки опамнинг, балки дугонамнинг, балки синглимнинг дардини юрак-юракдан ҳис қилгандай бўлдим ва ўша дардни қўшиққа солиб олиб чиқмоқчи бўлдим. Шунинг учун бу қўшиқни ижро этдим.

Озодлик: Насиба Абдуллаеванинг ичини кемираëтган дардлар нима?

Насиба Абдуллаева: Худога шукур, бугунги кунда ичимни кемираëтган дардим йўқ. Бугунги кунда ўзимни ҳаëтда жуда ҳам бахтиëр, деб ҳисоблайман.

Фарзандларим вояга етишган. Бир-биридан чиройли, бир-биридан ақлли икки ўғлим бор. Ҳаëтимдан мамнунман. Турмуш ўртоғимнинг муҳаббатига сазоворман.

Отам бундан тўрт йил олдин қазо қилдилар, лекин, Худога шукур, онам борлар. Бешта акам, Самарқандга борганимда мени қучоқ очиб кутиб оладиган қариндош-уруғларим бор.

Айтмоқчиманки, ҳаëтда ҳам, санъатда ҳам нимага интилган бўлсам, шунга эришганман.

Самарқанддан садо чиқди

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларининг боши. Водийда Шерали Жўраев, воҳада Отажон Худойшукуров, марказда Фахриддин Умаровларнинг забардаст овозлари қўшиқ бўлиб янграмоқда.

Бу орада зангори экрандан уфоққина бир қиз “Бари гал” қўшиғини айтиб чиқди. Бундан олдин Олмахон Ҳайитова ижро қилган бу қўшиқ бу қиз талқинида бошқача янгради.

Насиба Абдуллаева деган ашулачи чиқибди, деган овоза тарқалди. Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғонадаги тўйларда одамлар бу қўшиқ оҳангларида рақсга тушишди.

Насиба Абдуллаева: Саксонинчи йилларни хотирламай бўладими? Саксонинчи йиллар мени саҳнага олиб чиққан, халққа таништирган йиллар эди.

Ўша йилларда энди саҳнага қадам қўяëтганим учун ҳали мен учун махсус қўшиқлар ëзилмаган, мен билан махсус ишлайдиган муаллифлар йўқ эди.

Шунинг учун дуч келган қўшиқни айтгандан кўра, ижодимнинг бошида халқ ижодига мурожаат қилганим тўғри бўлади, деб ўйладим. Менинг биринчи ижро этган қўшиқларим Хоразм лазгиси, Бари гал, Тановар, Сумбула, Муножот – шунга ўхшаган халқ қўшиқларини янги талқинда, эстрада услубида ижро эта бошладим.

Ўша йилларда тўғри иш қилганимга йиллар ўтиб амин бўлдим. Халқ ижодига, халқ қўшиқларига, халқ мусиқасига мурожаат қилган санъаткор ҳеч қачон хато қилмас экан.

Ундан кейин секин-секин танила бордим. Мухлислар мени тан ола боришди, ундан кейин мен учун махсус қўшиқлар ëзилди, мен билан ишлайдиган мутахассислар, муаллифлар менинг ëнимга кела бошлашди, қўшиқларини таклиф қила бошлашди. Секин-секин ўзим ҳам қўшиқлар ëза бошладим.

Мен "Бари гал" ва бошқа халқ қўшиқларидан жуда ҳам миннатдорман. Бу қўшиқлар менга санъат йўлини очиб берган ва санъатда тўғри йўлни кўрсатган халқ қўшиқларидан ҳисобланади.


Қўшиқнинг бир учи Озарбайжонда, бир учи Ганжада, бири Ҳиротда

Озодлик: Озарбайжонга ташрифингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

Насиба Абдуллаева: Озарбайжонда мени саҳнага чиқиб ижод қила бошлаганимдан кейин тўрт-беш йил ўтиб тан ола бошлашган. Озарбайжонда мени тан олган томошабинларнинг кўпчилиги ҳатто менинг юзимни кўрмаган бўлган.

Тўйларда, концертларда ëзилган магнитофон ëзувлари Озарбайжонга тушиб қолиб, қўлма-қўл бўлиб, одамлар жуда кўп қўшиқларимни тан олиб эшита бошлашган. Менга бўлган муҳаббатлари туфайли уларнинг ўзбек қўшиқларига бўлган муҳаббати ортиб борган.

Менинг Озарбайжонга концертлар билан биринчи ташрифим 1989 йилда бўлган. Бокудаги 2000 дан ортиқ одамни ўз бағрига сиғдира оладиган энг катта санъат саройида бир қўйишда 19 та концерт берганман. Концертдан ярим йил ўтгач, яна гастрол сафари билан борганмиз.

1989-1990 йилларда жуда кўп концертлар берганмиз. Озарбайжон бўйлаб бутун катта-кичик шаҳарларда концерт берганмиз. Озарбайжоннинг Эрон билан чегарадош бўлган Ланкарон тумани, Астара деган жойларида концертлар берганмиз. Ҳатто Эрондан меҳмонлар келиб томоша қилишган.

Ўша йиллардан бери улар мени эътироф этишади, қўшиқларимни муҳаббат билан эшитишади. Мен бунинг учун улардан жуда ҳам миннатдорман. Икки йил олдин “Сандан нигаранам” деган янги қўшиқ ëзиб, клипини суратга олиб Озарбайжонга жўнатганимизда, бу қўшиқ озарбайжонлик мухлисларнинг муҳаббатини яна бир бор аланга олдириб, уларга мени яна бир эслатгандай бўлди.

Охирги икки йил давомида жуда кўп қўшиқларим Озарбайжон телеканалларида қўйилаяпти. У ëқдан жуда кўп хатлар оламан. Интернетда мухлислар тез-тез чиқиб туришади.

Бунақа мухлислар, Худога шукур, Ўзбекистондан ташқари Тожикистон дейсизми, Қирғизистон дейсизми, Қозоғистон дейсизми, АҚШда, Туркияда, Исроилда, бошқа-бошқа жойларда бор.

Ҳозир сиз менга бериб турган имкониятдан фойдаланиб, ўша мухлисларнинг ҳаммаларига шунча йиллардан бери мендан муҳаббатларини аямаганликлари учун ташаккур айтмоқчиман.

Агар он турки шероз

Агар он турки шероз ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро. (Ҳофиз Шерозий, 1315-1390)

Агар ўша шерозлик турк гўзали менга лутф қилса, қора холига Самарқандни ҳадя қилдим деган мазмундаги Ҳофиз Шерозийнинг мисралари бор. Насибахоннинг айтишича, унинг томирларида эрон туркларининг ҳам қони оқмоқда.

Насиба Абдуллаева: Отам томонидан буви-боболаримиздан бирларининг Машҳадга, бирларининг Табризга алоқалари бор. Шунинг учун қонимизда ҳам форс, эрон озарилари - эрон турклари дейишади, уларнинг қони бор.

Она томондан бобом-бувим ва онамлар ҳам тожик. Менинг томиримда ҳам тожик, ҳам форс, ҳам туркий қон бор. Шунинг учун бўлса керак бу тилларнинг ҳаммасига урғу бераман. Менинг туғилиб ўсган жойим Ўзбекистон, Самарқанд.

Менинг қўшиқларимни эшитадиган барча халқларга ўзимнинг ҳурматимни билдирган ҳолда, туғилиб ўсган ва киндик қоним тўкилган жойни Самарқанд, Ўзбекистон деб биламан.

Бу юртдан, Ўзбекистон халқидан шу кунгача эришган ютуқларим учун жуда миннатдорман ва ташаккурларимни айтаман.

Қалдирғоч яхшилик элчиси

Қушларнинг номи билан боғлиқ тасаввурларимиз бор. Масалан, булбул деганимизда ҳис қиладиганимиз туйғу читтак ëки тўти дегандаги туйғудан фарқли. Қалдирғоч калимаси эса кўнглимизда баҳорий умидлар пўртанасини уйғотади.

Насиба Абдуллаева: Менинг ижодимда “Қалдирғоч” қўшиғининг алоҳида бир ўрни бор. Каттаю-кичик томошабинларнинг меҳрини қозонган қўшиқ бўлгани учун ҳам бу қўшиқнинг аҳамияти мен учун катта. Қалдирғоч халқларимизда хабар келтирадиган қуш, деб ҳисобланган. Эсингизда бўлса, ўзбек фольклорларида:

Баланд учган қалдирғоч,
Қанотингни пастлаб ўт,
Қанотингга хат ëзай,
Ёргинамга ташлаб ўт

деган мисралар бор. Демак, қалдирғоч инсонларнинг орасидаги соғинчни йўқ қиладиган, инсонларнинг бир-бирига бўладиган муҳаббатини, хабарларини етказадиган бир қуш, деб қабул қилинган.

Умуман, қалдирғочнинг одамларимизга фақат яхши хабар келтиришини, яхши нарсалардан дарак беришини ҳар биттамиз орзу қиламиз. Ҳар доим яхши хабар эшитишни орзу қиламиз.

Шунинг учун қалдирғоч қушининг ҳам, “Қалдирғоч” қўшиғининг ҳам менинг ҳаëтимда ўрни катта.

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч,
Ëр уйига мендан олдин бориб етган қалдирғоч.

Ëр уйига элтар кўча бунча ҳам тошли-тошли
Бўлма ҳайрон тўлса кўзим қароси ëшли-ëшли.
Ëлғиз сенга айтай бугун дардларим, армонларим,
Қолмади ҳеч дилда сабрим қолмади дармонларим.

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч,
Ëр уйига мендан олдин бориб етган қалдирғоч.

Бунча жафо, бунча жазо, бўлса ҳамки жон фидо,
Айлаб савдои муҳаббат шевасин айлай адо.
Ëлғиз сенга айтай бугун дардларим, армонларим,
Қолмади ҳеч дилда сабрим қолмади дармонларим.

Орзуларим қанотида олиб кетган қалдирғоч,
Ëр уйига мендан олдин бориб етган қалдирғоч.
XS
SM
MD
LG