Линклар

Улуғ тоғлар соясида

  • Абдулла Искандар

Яйра Абдуллаева 79 ёшини қаршилаётган ҳозирги кунларда ҳам ўзбек кинорежиссёрларининг эътиборидан четда қолгани йўқ.

Яйра Абдуллаева 79 ёшини қаршилаётган ҳозирги кунларда ҳам ўзбек кинорежиссёрларининг эътиборидан четда қолгани йўқ.

Давр менинг тақдиримда эшиттиришининг бугунги қаҳрамони 79 ëшида ҳам саҳнани тарк қилмаган Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева. У 59 йилдан бери Тошкентдаги ўзбек миллий академик театрида ўнлаб ажойиб образларни яратди.

Саҳна фариштаси

Яйра Абдуллаевага 2006 йилда Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Саҳна фариштаси” деган мукофотни берди. "Мен токи танамда жоним бор экан¸ саҳнада тик тураман"¸ дейди суҳбатдош.

Яйра Абдуллаева: Мен 79 ëшдаман. Ҳозир театрда битта спектаклим бор. Унинг номи “Дарахтлар тик туриб жон беради”. Мана шу нарса ҳозир бизнинг театримизда кетаяпти. Мен шунда иштирок этаяпман.

Ҳаëт мазмунини белгилаган исм

Озодлик: Яйра деган исм сизгача¸ менимча¸ Ўзбекистонда бўлмаган. Биринчи бўлиб сизга қўйилган.

Яйра Абдуллаева: Менгача бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Бу исмим менга жуда ғалати қўйилган. 1930 йилларда Музаффар Муҳаммедов деган жуда катта режиссëр ўтган. Ҳамма уни Музаффар ота дерди.

У киши онамга “Лиза ўғил туғилса ҳам¸ қиз туғилса ҳам исмини ўзим қўяман”, деган экан. Мен туғилганимда мени қучоғига олиб “Мана шу қиз Яйра бўлсин. Саҳнада яйраб гулласин”, деган экан. Қаранг, Худони қудрати билан худди дам солгандай бўлиб қолди-да.

Мендан кейин Яйралар жуда кўпайиб қолди. Ҳаттоки Яйра Абдуллаева деган ëшгина журналист қиз ҳам бор. Театрга келиб “Яйра опа¸ мен сиз билан суҳбат ўтказмоқчиман”, деди. Келинг¸ дедим. Келди. "Ўзингизни таништиринг"¸ десам¸ "Яйра Абдуллаева" деса бўладими. Мана шунақалар ҳам учрайди болам.

Бирваракайига икки мактаб талабаси

Озодлик: Яйра опа¸ санъатга қандай қилиб кириб келгансиз? Нима учун санъаткор бўлдингиз?

Яйра Абдуллаева: Энди буни жуда узоқдан бошлаш керак. Мен ўзим санъаткор оиласида¸ 1930 йил 14 августда туғилганман. Менинг холаларим Тамарахоним¸ Гавҳар Раҳимова¸ менинг онам – булар бешта опа-сингил бўлиб улардан учтаси санъаткор бўлган. Мен шу оилада туғилганман.

Тамарахонимнинг ҳамма концертларида қатнашиб¸ ҳамма репетицияларида болаликдан қатнашиб жуда кўзим пишиб кетган. Мен санъаткор бўламанми ëки йўқми буни ҳеч ўйламаган эдим. Драма актрисаси бўламан деб ҳеч ўйламаган эдим.

Кичкиналигимда кўпинча рақсга иштиëқим бор эди. Менинг онам ҳам раққоса¸ ҳам балетмейстер эди. Қорақалпоқ халқига жуда кўп хизмат қилганлар. Қорақалпоқлардан “Лиза Петросова ким?” деб сўрасангиз ҳаммаси билади. Онамга балетминистр деб ном қўйишган.

Хуллас шунақа қилиб мен раққоса бўламан, деб ўйлаган эдим. 1945 йил октябар ойида Тошкент шаҳрида театральный институт очилди. Мана шу институтга мен 15 ëшимда кирганман.

Ҳам институтни битирганман¸ ҳам ўрта мактабни битиришим шарт эди¸ чунки ўшанда аттестат бўлмаса¸ диплом берилмас эди. Шунинг учун мен кечки ўрта мактабда ўқиганман. 1949 йилда ҳам мактабни¸ ҳам институтни битирганман.

Қўлимга мактабни битирганим учун аттестат¸ институтни битирганим учун диплом олганман. 1950 йилда мени Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)га ишга олишди. Шу пайтгача мана шу театрда ишлаб келаяпман.

Улуғ тоғлар соясида 58 йил

Озодлик: Яйра опа¸ 50 йилларда халқ оғзига тушган санъаткорлар Олим Хўжаев¸ Аброр Ҳидоятов ва бошқалар ҳақида гапириб берсангиз.

Яйра Абдуллаева: Булар ҳаммаси менинг устозларим. Драма санъатининг ўзига яраша¸ ўзига хос томонлари¸ усуллари бор. Мен бу ерда рақсдан бутунлай бошқа оламга тушгандай бўлдим. Драма мени жуда ҳам қизиқтирди.

Менинг қизиқишим ортиб бориб театральный институтни тугатдим. Театрга кирганимдан кейин мен учун академия бошланди. Институтдан кейин худди академияга тушгандай бўлдим.

Чунки Аброр Ҳидоятов¸ Сора Эшонтўраева¸ Зайнаб Садриева¸ Икрома Болтаева¸ Холида Хўжаева¸ Тошхон Султонова¸ Замира Ҳидоятова¸ Наби Раҳимов¸ Олим Хўжаев¸ Шукур Бурҳонов¸ Обид Жалиловдай актëрлар билан ëнма-ëн эдим. Биз ҳаммамиз театрнинг режиссëри Маннон Уйғурга оға деб мурожаат қилар эдик. Ўша одам мени ўз пинжига олган.

Биз тўртта қиз театрга кетма-кет келганмиз. Ирода Алиева¸ мен билан бирга битирган Маликбоева. Бир йилдан кейин Билола Бадалова келди. Бир йил кейин келган бўлишига қарамасдан ана ўшанда ҳақиқий иш бошланди? десам ҳам бўлади.

Олим ака Москвадаги режиссëрликни тугатиб келгандан кейин театрда иккита спектакл қўйди. Ўша иккита спектаклда мен бош ролни ижро этдим.

Олим акага¸ Шукур акага¸ Наби акага партнëр бўлганман. Мен уларнинг севгилисини ўйнар эдим. Биласизми ҳозир ҳамма нарса ҳам эсга келмайди. Буни таърифлаш учун 1001 кеча керак.

Озодлик: Таниқли санъаткор Шукур Бурҳон бош ролни ижро этган “Шоҳ Эдип” спектаклида сиз ҳам рол ижро этганмисиз?

Яйра Абдуллаева: “Шоҳ Эдип” спектаклида Римма Аҳмедова ва Рихси Иброҳимовалар иккита дугона ролини ўйнашган. Мен бу спектаклда иштирок этмаганман.

Озодлик: Сиз ўша пайтда ўзингиз муҳим деб билган қайси спектаклларда иштирок этгансиз?

Яйра Абдуллаева: Япониялик Маримото Кауранинг “Ўғирланган умр” асарида¸ Шиллернинг “Мариа Стюарт” асарида¸ “Антигона” да иштирок этганман. Яна жуда кўп спектаклларда иштирок этганман.

Чойхоналар билан ўралган театр

Озодлик: Яйра опа¸ урушдан кейинги Тошкент манзарасини чизиб берсангиз. Қандай эди бу шаҳар?

Яйра Абдуллаева: Ҳамза театри тор кўчада жойлашган эди. Театримизнинг бу томони¸ нариги томони чойхона эди. Одамлар чойхонада чой ичиб, спектакль бошланишини кутишар эди. Бу ер ўша пайтда гавжум бир жой эди. Тағин нима дейиш мумкин? Тағин нима керак?

Ҳиндга монанд ўзбек киночалари

Озодлик: Сиз бугунги кунда жуда кўп киноларда суратга тушаяпсиз. Замонавий режиссëрлар сизни таклиф қилишаяпти. Сизнинг уларга муносабатингиз қандай? Шуларга бироз танқидий ëндашмайсизми?

Яйра Абдуллаева: Менинг муносабатим шундай: энди яхши филмлар ҳам бор¸ сал бундай филмлар ҳам бор. Майли, қанча кўп бўлса¸ бўлаверсин. Бизнинг режиссëрларимиз ҳали жуда ëш. Ҳали у қадар уқувлари йўқ. Ахир ҳамма нарса практика билан шаклланади-ку.

Биласизми¸ ҳақиқатан ҳам кўп филмлар бўлаяпти. Уларнинг ичида яхшиси ҳам бор¸ бундайроғи ҳам бор. Энди нима қилиш керак? Одамлар шу билан яшаяпти. Келишаяпти¸ кўришаяпти.

Менинг киноларда иштирок этишим ҳар сафаргидай эмас. Мен аввал суриштириб¸ сценарийни ўқиб¸ ëқса¸ ҳа дейман¸ ëқмаса¸ йўқ дейман. Лекин баъзида "Йўқ" ҳам демайман¸ чунки бу ëш режиссëрлигини¸ унга ëрдам бериш кераклигини биламан. Биз қариялар ëрдам бермасак¸ ким ëрдам беради?

Баҳром Ëқубов деган режиссëр бор. Мен унинг филмида икки марта иштирок этдим. У фикрлайдиган режиссëр. Шунинг учун менга ëқади. Мана шунақа одамларнинг ўсишига биз ëрдам бермасак¸ ким ëрдам берсин?

Озодлик: Мана Шаббона деган филмда иштирок этгансиз.

Яйра Абдуллаева: Ҳа. Энди бу филмнинг режиссëри ундан ҳам ëш. Бу менинг қўлимда ўсган бола. Мен уни қабул қилганман. У пайтларда мен институтда дарс берардим. У ҳали кўп ўқиши керак.

Мана шу уринганининг ўзи жуда яхши. Уларнинг ниманидир хоҳлаëтгани¸ ниманидир қилаëтганининг ўзи яхши. Мен ўйлайманки¸ бунақада ярқ этиб битта яхши режиссëр ҳам туғилиб келиши мумкин.

Озодлик: Шаббонага ўхшаган киноларни 60-70 йилларда етук санъаткорлар “Ҳинд киносига ўхшабди”, деб танқид қиларди.

Яйра Абдуллаева: Энди шунақалар бўлади. Режиссëрнинг ўзи ҳам менга айтди. Мен “Уларга бунчалик нима қилмагин”, деб айтдим. Менга бу нарса ëқади. Мен унга “сен янги нарса ўйлаб топгин” дедим. Танқид қилмасак¸ албатта бўлмайди. Танқидсиз келажак йўқ.

Озодлик: Ўйнаганларингиз ўзингизга ëқадими?

Яйра Абдуллаева: Баъзида ëқади¸ баъзида йўқ. Актëр учун ҳар бир рол ўз боласидай гап. Қайси бир ота-она ўз боласини ëмон дейди? Менинг ролларим ҳозир менинг болаларим.

Қайси бир ролни айтсангиз ҳам бу рол жон билан берилади¸ қон билан берилади¸ уйқусиз кечалар билан берилади.

Энди режиссëрда ҳам айб бор. Чунки сустлик қилади¸ сенинг айтганингни қилмайди. Майли энди шундай бўлса ҳам кино деб чиқарди-ку.

Ўлдурурса бизни ғами замона¸ қолурми исмимиз биздан нишона

Озодлик: Ҳамза театрининг номини Ўзбек Миллий академик драма театри деб ўзгартирилиши тўғри бўлганми? Яъни Ҳамза номининг олиб ташланиши тўғри бўганми?

Яйра Абдуллаева: Биласизми¸ бу идеологик сиëсат дейилади. Мен унақанги сиëсатчи эмасман. Энди шу пайтгача ҳам миллий театр эди. Миллий бўлмасдан қанақа театр эди? Энди билмадим¸ лекин ҳалигача Ҳамза деган ном бор. Бора-бора йўқ бўлиб кетса керак. Раҳбар шуни эп кўрдими¸ бизнинг аралашишга ҳаққимиз йўқ.

Олтин аср санъаткори

Озодлик: Яйра опа¸ давр сабоқлари қандай? Давр сизнинг тақдирингизда қандай акс этди?

Яйра Абдуллаева:
Мен бошқаларни билмайман¸ аммо мен учун 20 аср олтин аср. Бутун ëшлигим 20 асрда ўтдику. Мен 21 асрга қадам қўйганда 70 ëшдан ошган эдим. Театримиз ҳали ҳам бор. Театр гуллаяпти¸ ўсаяпти. Энг муҳими шу. Бошқалари энди бўлади. Энди замон шунақа.

Озодлик: Болаларингиз¸ невараларингиз ҳақида гапириб беринг.

Яйра Абдуллаева: Менинг иккита болам бор. Каттаси қиз. Ҳозир институтда дарс беради. Ўғлим эса рассом. Қизимнинг қизига менинг онамнинг исмини қўйдик. Унга Лиза деб исм қўйдик. Ўғлимнинг қизига эса Яйра деб ном қўйишди.

Катта неварам институтни актëрлик бўйича битирди. Лекин афсуски тил билмайди. Шундай бўлса ҳам киноларга тушиб турипти. Мана шулар билан овораман. Шулар менинг энг яқинларим.

Мен буларга қараб туриб хурсанд бўламан. Бу менинг роҳатим. Мен битта ўзим эмасман. Зикир Муҳаммаджонов бор. У қаҳрамон биласиз. У киши ҳам жуда кўп нарсаларни гапириб бериши мумкин.

Рихси Иброҳимова¸ Турғун Азизов гапириб бериши мумкин. Театримиз директори Ëқуб Аҳмедов театримиз ҳақида¸ актëрларимиз ҳақида гапириб бериши мумкин.

Киночиларимизга ривож¸ умуман Ўзбекистонимизга ривож. Гулласин¸ яшнасин.

Давр менинг тақдиримда эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистон халқ артисти ¸йигирмадан зиëд киноларда суратга тушган ижодкор Яйра Абдуллаева бўлди.
XS
SM
MD
LG