Линклар

Обама қийноқларга чек қўяди


АҚШ президенти Барак Обама собиқ президент Жорж Буш даврида террорчиликда гумон қилинган шахсларга нисбатан Марказий разведка бошқармаси томонидан қийноқлар қўллашга асос бўлган ҳужжатларни ошкор қилди.

Ҳужжатларда сўроқ давомида маҳбусларга нисбатан қўллаш мумкин бўлган ўн усулга расман рухсат берилган. Улар орасидаги маҳбусларни ухлатмаслик ва сувга пишиш усулларини ҳуқуқ ҳимоячилари ва Барак Обама маъмурияти қийноқ қўллашнинг турлари, деб ҳисобламоқдалар.

Айни пайтда Барак Обама террорчиликда гумон этилган маҳбусларни сўроқ пайти қийнаган АҚШ махсус хизмати ходимлари жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилди.

Барак Обама АҚШ президенти лавозимига киришгач, маҳбусларга нисбатан ҳар қандай усулларни қўллашни тўхтатиш ҳақида топшириқ берди.

Марказий разведка бошқармаси ўтмишда терроризмда гумон қилинган уч шахс, жумладан, 2001 йил 11 сентябр ҳуружларини режалаштирганликда гумон қилинган Холид шайх Муҳаммадга нисбатан сувга пишиш орқали қийноқлар қўллаганини тан олган эди.
XS
SM
MD
LG