Линклар

logo-print

Бўлимлар очилаяпти - касал камаймаяпти

  • Садриддин Ашур

Ижтимоий касаллик деб қаралувчи силга чалинган беморлар алоҳида парваришга муҳтож бўладилар, Ўзбекистон "тубзона"ларида эса бундай шароит, табиийки, йўқ.

Ижтимоий касаллик деб қаралувчи силга чалинган беморлар алоҳида парваришга муҳтож бўладилар, Ўзбекистон "тубзона"ларида эса бундай шароит, табиийки, йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг республика касалхонасида сил касали билан оғриган тутқунлар даволанадиган янги бўлим очилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Абдукарим Шодиевнинг гапларига таянган ҳолда Регнум ахборот агентлигининг хабар беришича, суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида 2001 йилдан буён бундай касалхоналарда даволанаётган беморлар сони анча камайган. Тутқунларни сақлаш шароитлари анча яхшиланган, овқатланиш сифати ошган. Бу жазони ўташ муассасаларида эпидемиологик ҳолат яхшиланганидан дарак беради.

Лекин тутқунларнинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхоналарда сил касаллиги эпидемия даражасига етганлигини, маҳбусларни сақлаш шароитлари эса аянчи аҳволда эканлигини айтмоқдалар.

Қамоқдаги тутқунлар аҳволини мунтазам мониторинг қилиб борувчи фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг айтишича, сил касали билан оғриган тутқунлар учун янги бўлимнинг очилгани яхши. Аммо бу Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Абдукарим Шодиев айтганидек, қамоқхоналарда сил билан оғриган беморларнинг камайганидан эмас, балки уларнинг кўпайиб кетганлигидан дарак беради:

- Бир дона бўлимнинг очилгани бу катта гап. Лекин у ерда қандай иш олиб борилади¸ қамоқхоналардаги маҳбусларга у ерда кўрсатиладиган муолажалар қандай йўлга қўйилади – ҳали буниси муаммо.

Буни энди Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг ихтиëрида очишган бўлса¸ анча фойда бўлар. Лекин бизнинг Ўзбекистондаги қамоқхонада сил касали билан оғриганларни битта бўлим билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди.

Бунинг учун Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ихтиëридаги ҳамма қамоқхоналарда назоратни ва уларга бериладиган ëрдам, муолажаларни кучайтириш керак¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Унга кўра, айниқса сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган тутқунлар орасида сил касалига учраганлар кўпчиликни ташкил этади:

- Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг ихтиëрида сил касали билан оғриганларга мослаштирилган бир-иккита қамоқхоналар бор. Ўз оти билан "тубзона" дейилади.

Бу тубзонадаги аристонларни баттарроқ эзиб¸ баттарроқ қийнаб¸ сил касалига чалинган маҳбусларни махсус қийноқларга солиб¸ уларни баттар қийналиб ўладиган усулларни қўллашади. Мен шуни айтишим мумкин¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг фикрича, аслида бу бўлимни анча олдинроқ очиш керак эди, чунки...

- Ҳозир бир нечта колонияларда сил касали билан оғириганлар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетган. Охирги 10-15 йил ичида сил касали жуда ривожланиб кетди ва кундан-кунга кўпайиб бораяпти. Шунинг учун сил касали бўлимини бундан олдинроқ очиш керак эди. Ўша бўлим энг катталаридан бири бўлиши керак эди¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг айтишича, қамоқдаги сил билан оғриган тутқунларнинг касали қанчалик оғир бўлмасин, уларни ҳеч қачон озодликка чиқаришмайди. Улар у ердан фақат ўлиб чиқади. Чунки улар сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган.

Суръат Икромовга кўра, тутқунларни озодликка чиқаришдан Ўзбекистон ҳукумати чўчийди. Ўзбекистон қамоқхоналари сил касалини туғдирувчи, уни ривожлантирувчи ва кўпайтирувчи маконга айланган.

- Бизга мурожаат қилиб келганларнинг кўпчилиги ўша яқинининг қамоқдан олдин соппа-соғ бўлганлигини¸ суддан кейин эса бир неча ой ўтар-ўтмас силга дучор бўлганлиги тўғрисида гапиришади.

Уларнинг кўпчилиги бу касалликни сунъий юқтирилган, деб айтишади. Кўпчиликлари қамоқхона ичидаги қамоқхонада захда бир неча ой ëтганлигидан ўпка шамоллаши пайдо бўлишини айтишади¸ дейди Суръат Икромов.

Турмуш ўртоғи “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига алоқадорликда айбланиб қамоққа ташланган ўзбекистонлик аёл суҳбатдошимиз ҳам эрига сил касали қамоқда юққанлигини айтади. Лекин унинг эри, жазони ўташ муассасаси касалхонасида даволанишни истамайди. Сабаби...

- Сабаби "Сангород"да барибир керакли муолажаларни қилмайди. "Сангород"да касаллик янада кучайиб кетиши мумкин. Омадимиз келса¸ тирик қайтиб келамиз, деб айтадилар.

Бўлим бўлмаганда ҳам шу нарсага шу пайтгача қанчалик эътибор қаратишган. Аслида уларнинг муолажаси мана бўлим очилди дейишга арзийдими?

Мана, менинг аниқ фактим бор. Бир йигит қаттиқ касал бўлди. "Ўлади", деб списат қилиб юборишди. У чиқди¸ яхшилаб муолажа қилишди. Шу йигит яшаб кетди. Унинг омади келди.

Албатта қамоқхонадагилар ҳам муолажа қилинса¸ тузаладиган касал. Бу борган сари ëйилиб бораяпти. Шуниси аниқки¸ уларга ҳеч қандай муолажа кўрсатилмайди¸ дейди эри “Ҳизбут-Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб қамоққа ташланган аёл.

Айни пайтда Ўзбекистон ИИВ жазони ўташ бош бошқармаси расмийлари қамоқхоналарда сил касаллиги билан оғриган беморлар сони йилдан-йилга камайиб бораётганини айтадилар.
XS
SM
MD
LG