Линклар

logo-print

Тожик депутати мандатини топширмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили, депутат Муҳаммадшариф Ҳимматзоданинг қадамини кимдир ҳақли эътироз, яна кимдир сиёсий ўйин сифатида баҳоламоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили, депутат Муҳаммадшариф Ҳимматзоданинг қадамини кимдир ҳақли эътироз, яна кимдир сиёсий ўйин сифатида баҳоламоқда.

Тожикистон парламенти депутати Ҳимматзода қуйи палата спикери ва ҳукуматнинг юқори лавозимли мулозимлари ҳатти-ҳаракатларидан норозилик ифодаси ўлароқ ўз мандатини топширишга қарор қилган.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутати Муҳаммадшариф Ҳимматзода депутатлик мандатини топшириш қарорига келиш сабабларини парламентга йўллаган аризасида баён қилган.

“Парламент томонидан қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун”да мавжуд кўплаб нуқсонлар бўйича ўз эътирозларимни матбуотда эълон қилгандим. Зеро, бунга мен тўла ҳақлиман.

Океаннинг у томонидан мазкур қонундаги камчиликлар юзасидан эътироз билдирилаётган бир пайтда мен ҳам сайловчиларимнинг эътиқод эркинлиги қонун доирасида чекланиб қўйилганига бефарқ қараб туролмайман. Ахир депутат сифатида менинг бу бўйича ўз фикрларимни айтишга ҳаққим бор-ку.

Мақолам қуйи палата раиси ва ҳукуматнинг юқори лавозимли шахслари ғашига теккани сабабли раис кўрсатмалари асосида депутатлик барча имтиёзларим чеклаб қўйилди, деб ёзади Муҳаммадшариф Ҳимматзода парламентга йўллаган аризасида.

Ислом уйғониш партияси вакили Ҳимматзода фикрича, бундай шароитда тожик жамиятида яхши томонга бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Муҳаммадшариф Ҳимматзода аризаси унинг ҳамкасблари орасида ҳар турли фикрларни пайдо қилди. Улар орасида “ҳақиқатан парламентда депутатлар эрки чекланаяпти” дегувчилар ҳам, бунинг аксини айтувчилар ҳам бор.

Тожикистон Коммунистлар партиясининг раиси, парламентнинг қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов фикрича, парламентдаги ҳар бир депутат ўз фикрига эга.

- Биз ўз сайловчиларимизнинг манфаатларини ҳимоялаш ва улар таклифларини парламентда кўриб чиқишга тўла ҳақлимиз. Ҳужжатлар муҳокамасида умуман ҳеч кимнинг кўрсатмаларига амал қилмаймиз.

Қонун қабул қилишда биз учун биринчи ўринда жамият манфаатлари устун, эгаллаб турган кресло эмас. Шуни назарга олган ҳолда, депутатларга қуйи палата раиси томонидан босим ўтказилаяпти, деган фикрларда асос йўқ, дейди Шоди Шабдолов.

Коммунистлар партияси раҳбарига кўра, Тожикистон парламенти депутатлари депутатлик этикасига амал қилган ҳолда иш тутишлари уларнинг маълум бир қолипга тушиб қолганини ва кимларнингдир кўрсатмасини бажаётганини англатмайди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий Коммунистлар партияси раиси фикрларига қисман қўшилади.

Кабирийга кўра, парламент депутатлари ваколатларига доир қонун демократик тамойилларга мос, аммо ундан қандай фойдаланиш ҳар бир вакилнинг ўзига боғлиқ.

- У ёки бу ҳужжат тўғрисида ўз фикрини билдирмоқчи бўлган вакил умумий сиёсий вазиятни ҳам эътиборга олиши лозим. Чунки биз жамиятнинг бир бўлагимиз. Қанчалик кучли сиёсатчи бўлмасин, мавжуд сиёсий жараёнга қарши ҳаракат қила олмайди.

Баъзи ҳолларда қонунлар муҳокамасида ҳақиқатдан ҳам ёлғизлик ҳис қилинади, бу одамни жуда қийнайди, дейди Муҳиддин Кабирий.

Мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов эса халқ вакиллари бевосита президент ижроия девони кўрсатмаларига амал қилган ҳолда иш олиб бораётганларини таъкидлайди.

- Депутатларимизнинг қонунчилигимизни такомиллаштиришда олдинги йилларга нисбатан фаоллиги кузатилади. Ҳар ҳафта янги қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига олиб чиқилаётгани фикримиз далилидир. Бу яхши.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор - жамият ўта муҳим муаммоларнинг ҳал этилишида депутатларнинг фаол ва ҳеч кимга қарам бўлмасликларини истайди.

Лекин, афсуски, парламентдаги икки-уч депутатдан ташқари қолган депутатларнинг аксарияти халқ вакили эканини унутиб, фақат қонун ёзиш билан чекланиб қолмоқда.

Ана шунинг учун ҳам жамиятимизда бу мавзу атрофида баҳслар талайгина. Долзарб муаммолар эса ҳамон ўз ечимини кутиб турибди, дея мулоҳаза билдиради Абдуғани Мамадазимов.

Таҳлилчига кўра, аксар депутатлар президент ижроия девони масъуллари чизиб берган чизиқдан чиқмаган ҳолда иш тутишади.

“Афсуски, аслида мустақил бўлиши керак бўлган қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ижроия ҳокимиятига бўйсунган ҳолда фаолият юритиши тожик жамиятида одатий ҳол каби қабул қилинади”, дея уқтиради таҳлилчи.

Айни пайтда қуйи палата раиси ва ҳукумат мулозимлари ҳаракатидан норози бўлган депутат Муҳаммадшариф Ҳимматзода ўз мандатини топшириш истаги қондирилмаслиги мумкин.

Бу ҳақда Тожикистон Марказий сайлов комиссияси масъули Муҳибулло Додожонов шундай деди:

- Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, парламент фаолияти сўнгида мандатини қайтариб олмоқчи бўлган у ёки бу депутат аризаси кўриб чиқилмайди. Жумладан, Ислом уйғониш партияси вакили Муҳаммадшариф Ҳимматзоданинг парламентга ёзган аризаси ҳам, дейди Муҳибулло Додожонов.

Қайд этиш жоизки, яна ўн ойдан сўнг Тожикистон парламентига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади.

Ислом уйғониш партияси вакили Муҳаммадшариф Ҳимматзоданинг сиёсий мухолифлари депутатнинг бу қадамини навбатдаги сайловларга тайёргарлик йўлидаги пиар-акция сифатида баҳоламоқдалар.

Тожикистон Социал-демократик партия раиси ўринбосари Амният Абдуназаров фикрича, Ҳимматзоданинг бу қарори сиёсий ўйиндан ўзга нарса эмас.

- Ҳимматзода бу ҳаракатлари билан Ислом уйғониш партиясига партиянинг собиқ раиси, марҳум Саййид Абдуллоҳ Нурий замонидаги шуҳратини қайтаришни истайди.

Биринчидан, Муҳаммадшариф Ҳимматзоданинг парламентдаги ваколати шусиз ҳам ниҳоясига етмоқда. Ундан ташқари, сўнгги вақтларда жамиятда Ислом уйғониш партиясининг нуфузи тушганини бу партия масъуллари жуда яхши англашади. Шунунг учун улар шу воситалар билан ўз имиджини кўтармоқчи бўлаяптилар.

Менимча, Ҳимматзоданинг парламентга сайловлар арафасида депутатлик курсисини тарк этиши бу бир сиёсий интрига, холос, дейди Амният Абдуназаров.
XS
SM
MD
LG